SPECA мамлакатлари ривожланишининг устувор йўналишлари белгилаб берилди

    Халқаро ҳамкорлик 19 апрел 2023 1062

    Жорий йил 17 апрелда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон Республикаси учун махсус дастури (SPECA)га аъзо давлатлар вазирларининг видеоконференсалоқа тарзида бўлиб ўтган йиғилишида иштирок этди.

    Лазиз Кудратов ўз нутқида минтақа мамлакатлари ўртасидаги мустаҳкам алоқани таъкидлаб, анъаналар, урф-одатлар ва маданий қадриятлар яқинлигини таъкидлади. Ўзбекистоннинг кейинги йилларда олиб борилаётган фаол ташқи иқтисодий сиёсати билан симбиозда бу яқинлик савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда сезиларли натижалар берди. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан SPECAга аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошиб, 9,2 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистонда минтақа давлатларида фаолият юритаётган корхоналар билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхоналар сони 2017 йилдан буён беш баравар кўпайиб, 2212 тага етди.

    Иштирокчиларнинг диққати минтақа давлатларининг савдо-иқтисодий салоҳияти, бой табиий ва инсон ресурслари ҳамда қулай географик жойлашувига қаратилди. Шу нуқтаи назардан, ушбу салоҳиятни рўёбга чиқариш бўйича қатор устувор йўналишлар илгари сурилди. Улар орасидан рақобатдош устунликларни ишга солиб, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мавжуд савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентларни соддалаштириш, божхона ва чегара тартиб-қоидаларини рақамлаштириш ташаббуслари ўрин олди.

    Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташаббусларни илгари суриш бўйича ЭСКАТО барқарор қишлоқ хўжалигини механизациялаш марказининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш таклиф этилди. Бундан ташқари, транспорт коридорларини диверсификация қилиш ва БМТ стандартларидан фойдаланган ҳолда Транскаспий транспорт йўлаги бўйлаб мультимодал маълумотлар ва ҳужжатлар алмашинувини рақамлаштириш бўйича «Йўл харитаси»ни қабул қилиш масалалари муҳокама этилди.

    SPECA минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама Траст жамғармасини яратишни жадаллаштириш ҳамда яшил иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates