Мазкур қонунга кўра, 2024 йилнинг 4 ноябридан бошлаб амалдаги Жиноят кодексининг “Бошқарув тартибига қарши жиноятлар” номли XV бобига “Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши” номли 2141-моддаси ва “Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш” номли 2142-моддаси қўшимча бўлиб кирди.
Киритилган ўзгартиришга кўра, спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши Жиноят кодексининг 2141-моддаси билан жавобгарликка тортилса, спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш эса мазкур кодекснинг 2142-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади.
Хусусан, Жиноят кодекси 2141-моддасига кўра, спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчининг, тренернинг, спорт ҳакамининг ёхуд спорт мусобақалари бошқа иштирокчиларининг ва ташкилотчиларининг улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши, ушбу Кодекснинг 210 ва 214-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, Жиноят кодекси 2142-моддаси кўра эса, спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчининг, тренернинг, спорт ҳакамининг ёхуд спорт мусобақалари бошқа иштирокчиларининг ва ташкилотчиларининг улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши, ушбу Кодекснинг 210 ва 214-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари, спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиш учун ЖКнинг 2141-моддаси 2-қисмида оғирроқ жазо белгиланган бўлиб, агар юқорида келтирилган ҳаракатлар: а) такроран; б) кўп миқдорда; в) тамагирлик йўли билан; г) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, ЖКнинг 2141-моддаси 3-қисмида оғирроқ жазо белгиланган бўлиб, агар юқорида келтирилган ҳаракатлар: а) жуда кўп миқдорда; б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олишдан иборат қилмиши жиноят деб эътироф этилар экан, уларни пора эвазига оғдириб олиш учун қандай жазолар борлигини айтиб ўтиш ўринли бўлади.
Жиноят кодексининг 2142-моддасида спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчига, тренерга, спорт ҳакамига ёхуд спорт мусобақаларининг бошқа иштирокчилари ва ташкилотчиларига улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уларни мулкий манфаатдор этиш, ушбу Кодекснинг 211 ва 213-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари, спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиш учун ЖКнинг 2142-моддаси 2-қисмида оғирроқ жазо белгиланган бўлиб, агар юқорида келтирилган ҳаракатлар: а) такроран; б) кўп миқдорда; в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, ЖКнинг 2142-моддаси 3-қисмида оғирроқ жазо белгиланган бўлиб, агар юқорида келтирилган ҳаракатлар: а) жуда кўп миқдорда; б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг тўртинчи қисмида рағбатлантирувчи норма мавжуд бўлиб, унга кўра агар моддий қимматликлар берган ёки мулкий манфаатдор этган шахсга нисбатан моддий қимматликлар ёки мулкий манфаат сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.
Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши ҳам, спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш ҳам эндиликда жиноят ҳисобланади ва тегишли равшида жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.
Феруз ХУДОЙҚУЛОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва
коррупцияга қарши курашиш
кафедраси доценти, ю.ф.д (DSc)