Hudud24.uz сайти шундай ҳаракатлар ва улар учун жавобгарлик тўғрисида сўз юритади.
1. Ниқобсиз юриш
МЖТКнинг 54-моддасига (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БМҲ) 5 бараваригача жарима белгиланган.
2. Ниқобда юриш
Ҳа, тўғри ўқидингиз. Кўчада ниқобда юриш ҳам, ниқобсиз юриш ҳам жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Қандай ҳолатда нима мумкину, нима мумкин эмаслигини кўриб чиқамиз.
1-ҳолат. Ҳали ҳеч ким унутиб улгурмаган мисол – коронавирус касаллиги тарқалишини олдини олиш мақсадида карантин жорий этилганда аҳолига жамоат жойларида ниқобда юриш бўйича кўрсатма берилган эди. Бу кўрсатмага риоя этмаган кишилар айнан шу модда билан жавобгарликка тортилган.
2-ҳолат. Карантин эълон қилинмаган ва кишида ҳеч қандай тиббий кўрсатма бўлмаган ҳолда ниқоб (ҳаттоки, у тиббий ниқоб бўлса ҳам) тақиб юриши. Бу вазиятда киши кўчада шахсини таниб бўлмайдиган ҳолатда юрганлиги учун МЖТКнинг 1844-моддаси (жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш) билан жавобгарликка тортилади.
Бу моддага асосан жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш БМҲнинг
15 бараваригача жаримага тортишса сабаб бўлади.
Аммо ҳар доим ҳам эмас. Агар киши қуйидаги асосларга кўра юзини беркитиб юрган бўлса, жавобгарликка тортилмайди:
тиббий кўрсатма бўлса (масалан, тиббий ниқоб учун ва бошқа);
йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош кийимда (мото-шлем) бўлса;
меҳнат/хизмат вазифаси бўйича бўлса (масалан, тез ёрдам, ўт ўчириш ёки дизенфекция хизмати);
спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш вақтида ушбу тадбирлар иштирокчиларининг юзини тўсган ҳолда бўлиши;
қонунчиликда айнан кўрсатилган бошқа ҳолатларда.
3. Чекиш
МЖТКнинг 561-моддасига (жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш) кўра, иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш БМҲнинг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналарда чекиш учун жавобгарлик қўлланилмайди.
4. Алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш
МЖТКнинг 187-моддасига (жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш) кўра, иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш БМҲнинг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Агар бу иш бир йил ичида такрорланса, кишини БМҲнинг 2 бараваригача жарима ёки 15 суткагача қамоқ кутиб туради.
Аммо айтиш керакки, қуйидаги жойларда ичилганда жавобгарлик қўлланилмайди:
тўйлар, юбилейлар ҳамда бошқа тантаналар ва маросимлар ўтказиладиган жойлар;
алкоголь маҳсулотини қуйиб реализация қилишга рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектлари.
5. Майда безорилик
МЖТКнинг 183-моддасига (майда безорилик) кўра, жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик БМҲнинг 5 бараваригача жаримага ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлади.
Айтиш керакки, ушбу моддани қўлланиш доираси жуда-жуда кенг. Кўчада турган ҳайкалга гапиришдан тортиш, ўпишишгача бу модда билан жавобгарликка тортилиш мумкин.
6. Кўчада пичоқ/отверка кўтариб юриш
МЖТКнинг 183-моддасига (совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш) кўра, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳолларда жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриш БМҲнинг 1 бараваригача жаримага сабаб бўлади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Агар бундай ашёларни ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида олиб юрса, БМҲнинг 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
7. Тиланчилик қилиш
МЖТКнинг 1883-моддасига (тиланчилик қилиш) кўра, жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш БМҲнинг 3 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ушбу модда бўйича аэропорт, вокзал, хиёбон, истироҳат боғи, бозор ва савдо мажмуаси ҳудуди, шунингдек уларга туташ ҳудудлар, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари, кўчалар, стадионлар, бекатлар, йўлларнинг қатнов қисми, моддий маданий мерос объектлари, жамоат транспортининг барча турларида жамоат жойлари ҳисобланади.