Мусобақада 22 мамлакатдан 10 ёшдан 40 ёшгача бўлган 2 мингга яқин спортчи баҳслашди. Халқаро турнирнинг сўнгги кунида 10 та вазн тоифасида ҳаваскорлар ўртасидаги финал жанглари бўлиб ўтди.
Ҳамюртларимиздан -52 килограмм вазнда рингга чиққан Назарбек Маҳмудов ҳиндистонлик Дас Ишанни, Лазизбек Бегматов (-57 кг) қозоғистонлик Талгат Букбассаровни, Ислом Турсунқулов (-67 кг) қирғизистонлик Эрлан Байзаковни, Умар Алибеков (-71 кг) туркиялик Ҳакан Карагозни, ҳамюртларимиз иштирокидаги жангда Сулаймон Солиҳов (+91 кг) Бекзод Равшановни мағлубиятга учратиб, халқаро турнир ғолибига айланди.
Қолган вазн тоифаларида эса иорданиялик Адай Алмахармен (-63,5 кг), туркманистонлик Гочмират Жуманиёзов (-75 кг), исроиллик Юлия Сачкова (-48 кг), қозоғистонлик Ботирхон Қуандиқов (-67 кг), қирғизистонлик Адилет Бекжан уулу (-75 кг) олтин медални қўлга киритди.
Ўзбекистон кикбоксчилари якунда умумжамоа ҳисобида 10 та вазндан 5 тасида ғолиб чиқиб, биринчи ўринни эгаллади. Қозоғистон иккинчи ўринни банд этган бўлса, кучли учликка Қирғизистон терма жамоаси якун ясаб берди.