Стартаплар лабораторияси ғоялар лойиҳаларга айланмоқда

    Давр ёшлари инновациялар, ғоя ва ташаббусларнинг битмас-туганмас манбаидир. Бугунги кунда ёшлар фаоллиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим, зеро, улар жамият тараққиётини ҳаракатлантирувчи асосий кучдир.

    Келажагимиз эгаларининг орзу-интилиши, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши бўлиб, бу йўлда улкан ишлар қилинаётганига гувоҳмиз. Хусусан, уларни илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, иқтидорли, ташаббускор ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши учун шароитлар яратишга, стартап лойиҳаларни ривожлантириш ва амалга оширишга катта эътибор қаратилаётир. Иқтидорли ёшларни кашф этишда ҳудудлардаги Ёшлар технопарклари муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Нукус ёшлар технопарки 2022 йил ташкил этилган. Орадан қисқа муддат ўтганига қарамай, 3,5 мингдан ортиқ ёшни қамраб олди. Лабораторияда илмий изланишлар қилиниб, янги модда яратилади ёки бирор маҳсулот текширувлардан ўтказилади, таркиби ўрганилади. Мақолада биз сизга таништирмоқчи бўлган ушбу технопаркни стартаплар лабораторияси дейиш мумкин. Сабаби 2023 йилнинг ўзида технопарк аъзолари томонидан шакллантирилган 18 та лойиҳа давлат грантларини ютиб олиб, амалиётга жорий этилган, 13 та ­лойиҳанинг прототипи яратилган. Хўш, бу муваффақиятларнинг сири нимада?

    Технопаркда жами 13 ходим фаолият юритади. Замонавий компьютер тўпламлари, бепул интернет, 3D принтер, ардуино ва лего қурилмалари, шунингдек, ўз лойиҳалари устида ишлаш учун коворкинг ҳудуд мавжуд. Иқтидорли, инновация соҳасига қизиқувчилар халқаро ва ички грантларга йўналтириб борилади, лойиҳаларнинг прототипларини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатилади.

    Шу билан бирга, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда билим бериш учун бир қанча курслар ҳам ташкиллаштирилган. Ушбу курсларда шу кунгача жами 734 ўқувчи турли йўналишларда билим олган бўлса, шундан 67 нафари технопарк гранти асосида ўқитилган.

    “ИnnoХ” бизнес инкубатори нима?

    — 2022 йил Ёшлар технопаркида “ИnnoХ” бизнес инкубатори дастури ташкил этилган эди, — дейди технопарк директори, инноватор Рустамжон Мадраимов. — Ушбу ўқув курсларида 43 йигит-қиз қатнашди ва дастур давомида лойиҳаларини шакллантиришда амалий ёрдам олди. “Start4region”, “Мирзо Улуғбек ворислари” ва бошқа бир қанча халқаро ва ички грантларга йўналтирилди. 2024 йилда бизнес инкубатор дастурини истиқболли лойиҳага эга жами 80 нафарга яқин ёш муваффақиятли тугатди. Бунга кўра, тиббиёт йўналишида тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган 3 нафар ёш тадбиркор лойиҳаларини самарали давом эттириш мақсадида умумий қиймати 150 минг АҚШ доллари миқдорида халқаро грантларни қўлга киритди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил қилинган “Бўлажак олим” танловида 10 нафар иқтидорли ёш ўз илмий ва инновацион лойиҳалари намунавий нусхаларини ишлаб чиқариш мақсадида грантларга эга бўлди.

    Технопаркда қандай лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини билиш мақсадида инноваторларни суҳбатга чорладик.

    “Президентимизга лойиҳамни тақдимот қилдим”

    — Асли касбим эколог, — деб гап бошлади технопарк аъзоси, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими ҳайвонотлар экологияси лабораторияси 2-босқич докторанти Севара Рустамова. — Лекин етти йил мобайнида газ таркиби ва сифатини ўрганувчи мутахассис сифатида ишладим. Дам олиш кунлари табиат қўйнига чиқиб, ўсимликларни ўрганишни канда қилмасдим. Туманимиздаги сув омборига иш билан борганимда сув бўйидаги яшиллик эътиборимни тортган. Университетдаги дарсларда фильтрлар тўғрисидаги мавзулар кўпроқ қизиқтирган. Ботаника боғига экскурсия уюштирилганида нилуфарга ўхшаш гул эътиборимни тортган...

    Хуллас, эколог эканим сабаб яшил гўзалликдан ҳам бир шингил ўзим билан олиб келдим. У уйимда шу қадар кўпайиб, яшнаб кетдики, ўзим ҳам ҳайрон қолиб, қандай ўсимлик экани билан қизиқа бошладим. Тажрибали, соҳада узоқ йиллар давомида фаолият юритган мутахассис аёлга олиб бордим. У эса хурсандлигидан кўзлари чақнаб, “Қорақалпоғистонда анча йиллардан бери буни қидирардик, топа олмасдик. Балиқ ва паррандаларга ўғит, фойдали озуқа бу”, деб жавоб берди.

    Мени докторантурага ўқишга таклиф қилишди. Шу тариқа “Қорақалпоғистон Республикаси шароитида юксак ва тубан сув ўсимликларини кўпайтириш ва уларни қишлоқ хўжалигида қўллаш” лойиҳаси дунёга келди.

    2023 йил 30 март куни Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Президентимизга ишимни тақдимот қилдим. Натижада бу лойиҳани рўёбга чиқариш учун 1 миллиард 719 миллион сўм ажратилди. Лойиҳа доирасида 4 та доимий, 8 та мавсумий иш ўрни яратилди. Унинг асосий вазифаси ифлосланган оқова сувдан қишлоқ хўжалигида шўрланган ерни тозалашда ва деҳқончиликда органик ўғит сифатида фойдаланишдир.

    Сувни фильтрловчи ўсимлик

    Бугун сув ҳовузларида барқарор ҳаётни таъминлаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув омборларининг экологик ҳолатини яхшилаш, хилма-хиллигини сақлаш ва кўпайтириш жаҳон миқёсида катта аҳамиятга эга. Сув ўсимликларини ҳар томонлама ўрганиш улардан халқ хўжалигининг турли соҳаларида фойдаланиш учун кенг имкониятларни очди. Уларнинг тегишли субстрактларда ривожланиш даражасини билиш, турли экологик шароитларда метаболизмнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш ва етиштиришда экологик муаммоларни ҳал қилиш муҳим. Хлорелла (Chlorella vulgaris), пистия (Pistia stratiotes L), бақатўн (ряска, Lemna minor L) каби сув ўтлари ва уларнинг биофильтр сифатидаги самарадорлиги биологик оқова сувни тозалаш технологиясини такомиллаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги корхоналари ва шаҳар коммунал объектларидан оқова сувларнинг кимёвий ва бактериологик таркибини аниқлаш, оқова сувни тозалаш бўйича биологик тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

    Оддий тил билан айтганда, сувни фильтрлайдиган сув ўтлари кўпайтирилиб, сотувга чиқарилади. Уни балиқчилик билан шуғулланувчилар балиқ етиштириладиган сув ҳавзаларига ташлайди. Тозаланган сув ҳавзаларида етиштирилган балиқлар истеъмолга яроқли деб топилгани катта ютуқдир. Қолаверса, сув ўти тозалаб берган сувни қишлоқ хўжалигида ҳам самарали қўллаш мумкин.

    “FabLab”, қиличбозлик учун махсус дастур ва “Экокассета”

    Технопарк стартаплари ичида яна учта лойиҳа эътиборимизни тортди. Хусусан, 2024 йилда технопарк аъзоси Индира Жумабоева “Интерактив кўриш ойнасини ишлаб чиқиш” лойиҳаси билан “Бўлажак олим” танловида ғолибликни қўлга киритиб, “FabLab” ишлаб чиқариш майдонида лойиҳа намунавий нусхасини ишлаб чиқишга эришган. Ушбу лойиҳа кийим дўконларига ўрнатилиб, мижозларга кийимни виртуал реаллик асосида кийиб кўрсатиш орқали мижозда қандай туриши ва бошқа кийимларни ҳам таклиф қилишга кўмак беради. Бундан ташқари, савдо ҳажмини оширишда қўл келади.

    Нафиса Ўразбоева томонидан жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган спорт турлари бўйича кадрлар салоҳиятини янада ошириш, юқори малакали, чуқур касбий билимларга ва ахлоқий фазилатларга эга малакали тренерларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш мақсадида VR кўзойнаклар орқали қиличбозлик спорт турини ўргатувчи махсус дастур ишлаб чиқилиб, ҳозирги кунда синов тарзда фойдаланилмоқда.

    Технопаркнинг фаол аъзоларидан яна бири Айгул Минбоева эса ўсимликлар ривожи учун қулай шарт-шароит яратиш ва уларнинг илдиз тизимига зарар бермасдан ерга кўчириб ўтказиш имконини берувчи “Экокассета” инновацион лойиҳаси билан “Бўлажак олим” танловида ғолибликни қўлга киритган. Лойиҳанинг дастлабки намунаси Нукус ёшлар технопарки “FabLab” ишлаб чиқариш зонасида тайёрланиб, синовдан ўтказилди. Экокассеталар орқали кўчатларнинг нобуд бўлиши деярли истисно қилинади, ўсимликларнинг яхши ўсиши таъминланади ҳамда эрта ва юқори ҳосил беради. Ҳозир лойиҳани янада такомиллаштириш мақсадида изланишлар олиб борилмоқда.

    Қуёш энергияси билан боғлиқ инновациялар ривожлантирилади

    Технопарк фаолияти давомида бир қанча ёшларга кўмак кўрсатиб келаётганини муваффақиятли лойиҳалар мисолида кўрдик. Келгуси йилларда ҳам имкониятларини янада кенгайтириб, билимга чанқоқ, иқтидорли ёшларнинг ривожланиши ва ўз устида ишлашида амалий ёрдам бериб бориши шубҳасиз. Масъулларнинг айтишича, 2025 йил якунига қадар технопарк аъзолари томонидан 100 та инновацион лойиҳани шакллантириш ва ишлаб чиқариш зонасида шакллантирилган лойиҳалар прототипларини ишлаб чиқишда амалий ёрдам бериш режалаштирилган.

    Ҳозирги кунда қайта тикланувчи энергияга талаб юқорилигини инобатга олган ҳолда, қуёш энергияси ёрдамида ҳаракатланувчи қишлоқ хўжалиги техника воситаларини ишлаб чиқишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Яъни қуёш энергияси билан боғлиқ инновацияларга эътибор кучайтирилади.

    Соҳиба МУЛЛАЕВА,

    журналист