Стол тенниси: 2024 йилги ЖЧни ўтказишга 5 та давлат даъвогар

    Спорт 14 июн 2021 2277

    Бугун Халқаро стол тенниси федерацияси 2024 йилги жаҳон чемпионати финалини ўтказиш учун 5 та давлат даъвогарлик аризасини топширди, дея баёнот берди.

    Халқаро олимпия қўмитасига топширилган ҳисоботда келтирилишича, Швеция, Жанубий Корея, Португалия, Аргентина ва Ҳиндистон 2024 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқи учун кураш олиб боради. Шу ўринда айтиш лозимки, 2020 йили Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида бўлиб ўтиши лозим бўлган чемпионат COVID-19 пандемияси туфайли қолдирилган эди.

    Ҳиндистонда 1987 йили, Швецияда 2018 йили стол тенниси бўйича жаҳон чемпионатлари ўтказилганди. Португалия ва Аргентина давлатлари илк бор мазкур спорт тури бўйича дунё биринчилиги финалини қабул қилиш истагини билдирган мамлакатлар ҳисобланади.

    Хабарда билдирилишича, бу йилги жаҳон чемпионатининг финал беллашувлари АҚШнинг Хюстон шаҳрида янгиланган форматда, яъни яккалик баҳсларида 128 нафар ўйинчи ва жуфтлик баҳсларида 64 жуфт ҳар бир жамоавий баҳсларда қатнашади.

    — Халқаро стол тенниси федерацияси жамоаси жаҳон чемпионати финалини ўтказиш учун бунчалик кўп давлатларнинг спорт ташкилотлари талабнома билан чиққанидан жуда хурсандмиз. Шу пайтгача стол тенниси бўйича ўтказилган ҳеч бир расмий дунё биринчилигини ташкил этишга бу қадар кўп даъвогарлар бўлмаган эди. Албатта, жаҳон чемпионатини ўтказиш нафақат мамлакатнинг спорт нуфузини оширишда, балки унинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида ҳам муҳим роль ўйнаши сабабли кейинги пайтларда катта мусобақаларни ташкил этиш истагини билдираётганлар сафи кенгаяётганлиги бор гап. Истагимиз, ЖЧ финалига муносиб инфратузилмага эга бўлган давлат мезбонлик қилсин, — дейди халқаро стол тенниси федерацияси ижроия қўмитаси аъзоси Габор Феледжи.

    Жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган мамлакат номи жорий йилнинг август ойидан кейин маълум бўлади. Унгача, ташкилий қўмита белгиланган меъёрлар асосида 2024 йилги жаҳон чемпионати финалини ўтказишга даъвогар давлатларнинг имкониятларини ўрганиб чиқади.

    Тўлқин РЎЗИЕВ.