Судлар амалиётида қарз ундириш билан боғлиқ ишлар сони йил сайин ортмоқда

    Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.

    Аввало шуни айтиш керакки, ҳуқуқий демократик давлатда фуқаролар ўртасидаги барча муносабатлар қонун билан тартибга солинади. Масалан, қарз муносабатларини оладиган бўлсак, бунинг ҳам ҳуқуқий асослари мавжуд, унга амал қилиш эса, турли низоларнинг олдини олади. Бироқ, қарз ундириш билан боғлиқ ишларга оид статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, судлар амалиётида айнан шу тоифадаги низолар сони йил сайин ортиб бормоқда.

    Хусусан, 2020 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан қарз ундириш билан боғлиқ жами 11 105 та иш кўрилган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда 26 066 тани, 2022 йилда эса 29 796 тани ташкил этган. Бу кўрсаткичларни таққослайдиган бўлсак, 2021 йилда бундай низолар сони 2020 йилга нисбатан 14 961 тага ортган бўлса, 2022 йилда эса бундай низолар сони 2021 йилга нисбатан 3 730 тага кўпайган. Демак, бу борада юртдошларимизнинг ҳуқуқий хабардорлиги ва саводхонлигини оширишимиз зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.

    Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, қарз муносабатлари ҳуқуқий жиҳатдан қандай тартибга солинади ва қарз шартномаси қандай тузилади? Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, қарз шартномаси – мулк ҳуқуқи бир шахсдан иккинчи шахсга ўтадиган шартномалар туркумига киради. У ўзининг тузилиши жиҳатидан бошқа битимлардан ажралиб туради.

    Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси ҳам мажбуриятнинг бир тури бўлиб, фуқаролик муомаласида кенг тарқалган ҳуқуқий институтлардан бири ҳисобланади.

    Қарз шартномасига асосан бир тараф – қарз берувчи иккинчи тараф – қарз олувчига пул ёки ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча пулни ёки қарзга олинган ашёларни қайтариб бериш мажбуриятини олади. Натижада пул маблағи ёки ашё бир шахсдан иккинчи шахсга ўтади. Бунда ҳар икки тарафнинг ҳам ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келади.

    Қарз шартномасининг ўзига хос ҳуқуқий белгилари ва бошқа битимлардан фарқли жиҳатлари мавжуд. Биринчидан, қарз шартномаси реал шартномадир. Чунки тарафлар ўртасида ҳуқуқ ва бурчлар шартнома предмети бўлган пул ёки ашёнинг топширилиши вақтидан эътиборан вужудга келади ва шартнома ҳам пул топширилган вақтдан кучга киради. Яъни бундай шартнома тарафлар ўртасида имзоланган вақтда эмас, балки пул маблағи ёки ашё бир шахсдан иккинчи шахсга топширилган пайтда тузилган ҳисобланади.

    Иккинчидан, шартнома юзасидан қарз берувчи ҳуқуқлар олса, қарз олувчида бурчлар вужудга келади.

    Учинчидан, қарз шартномаси икки тарафлама битимдир. Агар фуқаролар ўртасида бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклида тузилиши, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, қарз суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

    Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди. Лекин тарафлар ўртасида қарз бўйича низо келиб чиқса, унинг тузилгани ва бажарилганини гувоҳлар орқали тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

    Тўртинчидан, агар қонун ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдор ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

    Тарафлар қарз шартномасини тузаётган вақтда шартнома бўйича фоизларни ҳам ўзаро келишув асосида белгилаб олишга ҳақлидир. Қарз шартномасида фоиз белгиланмаганлиги қарз берувчини фоизларни ҳам қўшган ҳолда қарзни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Агар қарз олувчи қарз берувчининг пул маблағини белгиланган вақтда қайтармаса ва шартномада фоиз тўлаш назарда тутилмаган бўлса, Фуқаролик кодексининг 327-моддаси талабига кўра, қарздор қарз берувчи яшаётган жойда, агар қарз берувчи юридик шахс бўлса, у жойлашган ерда мавжуд банк фоиз ставкалари асосида белгиланган фоизларни тўлашга мажбур.

    Бешинчидан, агар қарз шартномаси бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, уларнинг миқдори ва шакли шартномада кўзда тутилган ҳолларда фоиз тўланиши керак. Агар олинган ашё учун фоизларни тўлаш тартиби ва муддати кўрсатилмаган бўлса, шартномада ашёни қайтариш назарда тутилган тартиб ва муддатда фоизлар ҳам тўланиши лозим.

    Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

    Қарз олувчи томонидан қарз шартномаси бузилган тақдирда, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома мажбуриятини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун фоизлар ундирилади. Шу билан бирга, қарз берувчи қарз суммасини қайтариб беришни талаб қилиб олишга ҳақли бўлади.

    Агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб, яъни бўлиб-бўлиб қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

    Ҳаётда кўпинча қарз берувчи ва қарз олувчи қарзни қисмларга бўлиб, ойма-ой тақсимланган жадвал асосида тўлаб боришга келишади. Агар қарз олувчи жадвал асосида тўлаб бориш давомида бирон-бир ой учун белгиланган тўловни амалга оширмаган ёки қисман амалга оширмаган бўлса ҳам, қарз берувчи қарзнинг қолган барча қисмини ҳам талаб қилишга ҳақли бўлади. Тўлов жадвалини бузиш шартномани бажармаслик деб ҳисобланади.

    Агар қарз шартномасида қарз бўйича фоизларни қарзнинг ўзини қайтариш муддатидан олдин тўлаш назарда тутилган бўлса, бу мажбурият бузилган тақдирда, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини тегишли фоизлари билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

    Агар қарз шартномаси алдаш, зўрлик ишлатиш, таҳдид қилиш, қарз олувчининг вакили қарз берувчи билан ёмон ниятда келишиши ёки қийин вазиятлар таъсирида тузилган ҳолларда тарафлар ёки манфаатдор шахслар, гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида ҳақиқий ҳолатни тасдиқлаши мумкин бўлади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates