Суднинг ажрими бекор қилинди, ерни ноқонуний эгаллаган фуқаро 319 миллион сўмдан ортиқ жарима тўлайдиган бўлди

    Суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгар М.К.дан 307 миллион 122 минг 054 сўм етказилган зарарни давлат фойдасига ундиришлик ҳамда 12 миллион 284 минг 882 сўм давлат божи тўланиши белгиланди.

    “Ўзагроинспекция”нинг Ургут туман бўлими томонидан ўтказилган мониторинг-таҳлил давомида фуқаро М.К. туманнинг “Меҳнатобод” агрофирмаси ҳудудида туман ҳокимлиги заҳира ер майдони ҳисобида бўлган 0,25 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, давлатга 307 миллион 122 минг 054 сўм зарар етказганлиги аниқланди.

    Ушбу етказилган зарарни ундиришлик учун инспекциянинг Ургут тумани бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Бироқ фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро суди томонидан “жавобгарнинг айбдорлиги тасдиқланган ҳужжатлар тақдим қилинмаган” деган асосга кўра, 2020 йилнинг 28 август кунги ажрими билан даъво ариза қайтарилган эди.

    Инспекциянинг Ургут тумани бўлими томонидан суднинг мазкур ажрими юзасидан 2020 йилнинг 15 сентябрида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига кассация тартибида шикоят аризаси киритилди.

    Кассация тартибидаги шикоят аризаси фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, ФИБ Тойлоқ туманлараро судининг 2020 йил 28 августдаги ажрими бекор қилиниб, даъво ариза мазмунан кўриб чиқишлик учун биринчи инстанция судига юборилди.

    Натижада ФИБ Тойлоқ туманлараро суди томонидан инспекциянинг Ургут туман бўлими даъвоси тўлиқ қаноатлантирилди. Суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгар М.К.дан 307 миллион 122 минг 054 сўм етказилган зарарни давлат фойдасига ундиришлик ҳамда 12 миллион 284 минг 882 сўм давлат божи тўланиши белгиланди.

    Зайнобиддин Сувонов,

    “Ўзагроинспекция”нинг Ургут туман бўлими бошлиғи ўринбосари