Бу йил юртимизда ғалла ҳосили мўл бўладиган. Қулай об-ҳаво шароити ва анча замонавийлашган агротадбирларнинг ўзиданоқ деҳқон ва фермерлар жорий йилги ҳосилга катта умид боғлаган эди. Соҳа вакиллари эса мамлакатимизда 1 миллион 32 минг гектар майдонда 7,5 миллион тоннадан ортиқ, яъни ўтган йилга нисбатан 1,5 миллион тонна кўп буғдой етиштирилишини ҳисоб-китоб қилган. Ниҳоят, июнь ойининг илк кунларидан йиғим-терим даври бошланиб, ғалвир сувдан кўтариладиган вақт келди. Ҳудудлардаги миришкор деҳқону фермерларимиз кутилганидан ҳам кўпроқ ҳосил олиб, хирмонларни “барака” билан тўлдирмоқда.
Сурхондарё вилояти жанубий минтақада жойлашгани боис, деҳқончилик маҳсулотлари бошқа ҳудудларга нисбатан эрта пишиб етилади. Иқлим шароитининг иссиқроқ бўлиши миришкор аҳолига бу йил ҳам қўл келди. Вилоятнинг барча туманларида бошланган ғалла ўрими ҳозир авж паллада. Айрим туманлардаги ғаллакорлар эса аллақачон хирмонларни тўлдириб, республикада биринчилардан бўлиб давлатга дон сотиш шартнома режасини бажарди.
Ангор тумани ана шундай еткчилар қаторида. Туманда бу йил 5 минг 650 гектар ер майдонига ғалла экилиб, 16 минг 21 тонна, шундан 6 минг 316 тонна товар дон ва 9 минг 705 тонна уруғлик дон сотиш режалаштирилган эди. Ўз вақтида олиб борилган агротехник тадбирлар сабаб 6 минг 317 тонна товар дон сотилиб, режа ортиғи билан бажарилди. “Замин Ангор кластер” МЧЖ ва “Саидносирхон”, “Ангор Хомкон миришкори”, “Хомкон миришкор деҳқонлари”, “Хонназаров Зафар”, “Равшанбек полвон Ангор”, “Қорақир томчилари”, “Ўктамбек Суннатбек” каби фермер хўжаликлари ҳар гектардан 75-80 центнердан ҳосил олишга эришди.
Фермерларнинг даромади ҳам шунга яраша бўлмоқда. Ахир, Президентимизнинг жорий йил 28 майдаги “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий қарори билан юртимизда 1 июндан бошлаб илк бор ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилди. Қарор билан давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилди.
Бу имкониятлар фермер ва кластерларнинг иштиёқини янада оширган. Шу кунларда туманда ғалла ўрим-йиғими қизғин давом этмоқда. Кластер ҳамда фермер хўжаликлари томонидан яна 9 705 тонна уруғлик дон ҳамда 5000 тонна биржа савдолари орқали қўшимча сара дон сотиш режалаштирилган. Юқоридаги қарор билан ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилгани боис, миришкорларнинг бу ҳосилдан оладиган даромади бир неча баробар юқори бўлиши кутилмоқда. Яъни, фермерлар бу йил ўзи етиштирган ғалланинг давлат режасига топширганидан қолган қисмини биржа савдолари орқали эркин нархларда сотмоқда.
Кластерлар — асосий таянч
Озиқ-овқат хавфсизлиги, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш бугун дунё халқларини бирдек ўйлантираётган вақтда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг асосий локомотивига айланди. Ғаллачилик эса мазкур соҳанинг энг муҳим тармоқларидан биридир. Дон ва ун маҳслуотлари аҳолининг бирламчи озиқ-овқат эҳтиёжлари сирасига киради. Шу боис, ғалла ҳосили қанча мўл бўлса, дастурхонларимиз шунча тўкин бўлади. Юртимизда ғаллачилик тармоғининг кластерлашиб бораётгани ҳам ҳосилдорликни ошириш, арзон ва сифатли маҳсулот етиштиришга хизмат қиляпти.
Биргина Сурхондарё вилоятида бугунга қадар қишлоқ хўжалигининг турли тармоқларида 500 га яқин кластер ва кооперациялар фаолияти йўлга қўйилди. Термиз туманидаги “Indenim Cluster” ғалла кластери мисолида оладиган бўлсак, мазкур тизим ҳудуддаги ўнлаб фермер хўжаликларини ўзида бирлаштириб, ғалла уруғини ерга қадашдан то ҳосилни йиғиб олиб, сотишгача бўлган жараёнларда бош-қош бўлмоқда. Кластер агротадбирлар давомида ҳам ғаллакорларга зарур минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш материаллари, иш ҳақи ва бошқа моддий ресурсларни ўз вақтида етказиб берди. Натижада, тумандаги деҳқон ва фермерлар белгиланган 5 333 тонна ғалла режасини ортиғи билан бажарди.
Барча фермер хўжаликлари ғалла хирмонига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Айниқса, “Анвар Дўстлик”, “Шароф Мохинур”, “Фарходбек Янгиариқ” каби фермер хўжаликлари ҳар гектардан 77-78 центнердан ҳосил олишга эришди.
Аслида, ғалла хирмонини тўлдириш катта ғалаба. Дон маҳсулотлари мамлакатнинг ризқ-рўзи, тўкин дастурхони демакдир. Бугун Термиз туманида қолган майдонлардаги бошоқли дон маҳсулотларини ўриб-йиғиб олиш ишлари давом эттирилмоқда. Ғалабадан рухланган туман деҳқонлари пахтачилик ва бошқа соҳаларда ҳам юқори натижаларга эришиш учун астойидил меҳнат қиляпти.
Қарорлар қандай ишлаяпти?
Аслида, қишлоқ хўжалиги энг қадимги соҳалардан бири, ундаги айрим технологиялар эса минглаб йиллар олдин яратилган. Аммо бугунги тараққиёт асри анъанавий ёндашувлар ўрнини илғор технологияларга бўшатиб беришни талаб этади. Бу амалиётда иш жараёнини бир неча баробар енгиллаштириб, кўпроқ ҳосил олишни таъминлайди.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида қишлоқ хўжалигини илмий асосда ва интенсив ривожлантириш орқали деҳқон, фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш вазифалари белгилаб олинган. Бу соҳани энг замонавий ва тежамкор технологиялар асосида ривожлантиришни фаол давом эттиришимизни англатади.
Сурхондарё вилоятида ҳам бу борадаги ишларнинг кўлами кенгайиб боряпти. Туманларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари ташкил этилиб, уларда “Ягона дарча” тамойили асосида кўплаб агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилмоқда. Жорий йил Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ернинг унумдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этишга илк бор 600 миллион доллардан зиёд кредит ва грант маблағлари жалб қилинмоқда. Сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонлари 5 баробарга кўпайтирилиб, 430 минг гектарга етказилади. Қолаверса, 90 минг гектар янги ерлар ўзлаштирилиши, унда боғ ва токзорлар барпо этилиши борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Режа бўйича бу йил жами 27 622 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилади. Бугунги кунгача вилоятда томчилатиб суғориш технологияси бўйича расмийлаштирилган шартномаларга асосан 9847 гектар майдон учун жами 198,8 миллиард сўм маблағ молиялаштирилиб, қурувчи-пудрат корхоналари ҳисобига ўтказилган. 7992 гектар майдон учун эса субсидия олиш бўйича ҳужжатлар тайёрланган.
Умуман, деҳқон ва фермерларнинг яхши даромад олиши, ўз ерида эркин ишлаши учун шароит яратилсагина, қилаётган меҳнатидан кўнгли тўлади. Яъни, манфаатдорлик ва адолат бўлган жойда, албатта, ўзгариш ва ўсиш бўлади. Бугун мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги корхоналари ривожи учун хизмат қиладиган кучли қонунчилик тизими барпо этилмоқда. Ғаллачилик йўналишидаги ислоҳотлар ана шу катта ҳаракатларнинг муҳим қисмидир.
Зойир ҚУЛИЕВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
“Ўзагроинспекция”нинг Сурхондарё
вилоят бошқармаси бош инспектори









