Сув нархларининг ошиши тежамкорликка ўргатадими?

    Мутахассис, ичимлик сув нархлари турли ҳудудларда турлича эканига изоҳ берди.

    Таҳлилларга кўра, томчилаб турган жўмракдан 1 суткада 75 литргача сув беҳуда оқиб кетади. Атиги 12 комплект идиш-товоқ ювиш учун эса 80—90 литр сув талаб қилинади. Кун давомидаги бошқа эҳтиёжларимиз учун ҳам бир неча ўн литрлаб сув сарфлаймиз. Аммо бир кун сув ўчиб қолгудек бўлса, захирадаги ҳар томчи сувни тежашга, асраб ишлатишга тушиб қоламиз. Захирадаги сув ҳам тугаб қолсаку, дунё кўзимизга тор бўлиб кетади.

    Нима учундир тежамкорликка ўтишимиз учун ўша неъматнинг тамом бўлиши, керак вақтда тополмай қолишимизни кутамиз. Ёки биздаги бор нарсалар ҳеч қачон тугамайдигандек, бемалолмиз. Аммо ҳар нарсанинг, ҳатто, табиат неъматларининг ҳам охири бор. Биз ер қаридан беминнат чиқиб келаверади, деб ҳисоблаган сув захиралари тобора камайиб бормоқда. Сайёрамизда 2 миллиардга яқин киши тоза сув ичиш имкониятидан маҳрум. Дунёнинг 17 мамлакатида сув танқислиги, аллақачон, энг юқори даражага етган. Бир вақтлар нефть ва углеводород захираларига эга давлатлар жаҳон сиёсий “атмосферасини” белгилаши эътироф этилган бўлса, ҳозирги ривожланиш тенденцияси ундан ҳам муҳимроқ ресурс борлигини кўрсатмоқда — бу ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган ичимлик сув манбааларидир.

    Мамлакатимизда ҳам ичимлик сув муаммоси йўқ эмас. Янада жиддийроқ масала эса аҳолининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси. Хўш, бу борада юртимиздаги вазият қандай? Кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган ишлар, йирик лойиҳалар қанчалик натижа беряпти? Аҳолининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси неча фоизга етди? Мамлакатимизда ичимлик сув етиб бормаган ҳудудлар ҳам борми? Шу каби долзарб саволлар билан “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Дилшод АЗИМОВга юзландик.

    — Сув — бу обиҳаёт. Ушбу неъмат бўлмаган жойда ҳаёт ҳам, тириклик ҳам бўлмайди. Аммо тоза ичимлик сув бормайдиган ёки етказиб беришнинг имкони бўлмаган ҳудудлар бошқа масала. Шунга кўра, мамлакатимизда сув етиб бормаган жойнинг ўзи йўқ. Фақат ичимлик сув марказлашган ҳолда таъминланмаган ҳудудлар бор. Бундай ҳудудлар аҳолиси сувни муқобил манбалар, хусусан, булоқлар, қудуқлар, качалкалар, сойлардан истеъмол қилади. Қолаверса, айни пайтда марказлашган ичимлик сув таъминотига эга бўлмаган жойларда яшовчи 2,8 миллион аҳолига махсус сув ташиш техникалари орқали ичимлик сув етказиб берилмоқда. Бу, албатта, тоза ичимлик сув таъминоти соҳасида ҳали қилинадиган ишларнинг кўплигидан далолат.

    Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Юртимизда ичимлик сувнинг 60 фоизи ер ости, 40 фоизи ер усти сув манбаларидан олинади. Уларни тозалаб, аҳолига етказиш доим энг долзарб масалалардан бўлган. Аммо айрим ҳудудларда марказлашган ичимлик сув таъминотини йўлга қўйишнинг географик жиҳатдан имкони йўқ. Шу боис, марказлашган сув тармоғи йўқ маҳаллалардаги имкониятлар ўрганилиб, уч хил йўналишда ишни ташкил этиш белгиланган. Яъни, инфратузилмага яқин маҳаллаларга марказлашган тармоқ тортиш, ер ости суви яқин ва тоза бўлган жойларда қудуқ қазиб, сув иншооти қуриш, қудуқ қазиш ҳамда қувур тортиш имкони бўлмаган қишлоқларда аҳоли сув ташиб келиши учун катта сиғимли ҳовузлар барпо этиш ишлари олиб борилади.

    Бироқ мавжуд камчиликларга қарамай, олдимизда турган асосий вазифа барибир, юртимиз аҳолисининг марказлашган ичимлик сув билан таъминганлик даражасини 100 фоизга етказишдан иборат. Бу босқичма-босқич бажариладиган жараён бўлиб, айни вақтда мазкур кўрсаткич 77,2 фоизни ташкил этяпти. Етти йил олдинги билан солиштирганда, салкам 14 фоизга ўсиш кузатилди. Бу энг юқори натижа бўлмасада, соҳада амалга оширилаётган ишлар, ажратилаётган маблағлар салмоғи йилдан йилга ортиб, аввалги даврларга нисбатан 5-6 баробар кўп экани кўзга ташланади. Биргина 2023 йилда ушбу йўналишдаги барча дастурлар доирасида бюджетдан 5,4 триллион сўм маблағ ажратилган. Бунинг ҳисобига 2 минг 598 та объектда 11 минг 207 километр ичимлик ва 593 километр оқова сув тармоқлари тортилиб, 1 минг 740 та ичимлик сув ва оқова сув иншоотлари қурилди ҳамда реконструкция қилинди. Натижада, 2 мингдан ортиқ маҳалладаги 1,1 миллион нафар аҳоли хонадонига илк бор тоза ичимлик сув кириб борди, 2,5 миллион нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.

    Жорий йилда юртимиз аҳолисининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 81 фоизга етказилиши режалаштирилган. Бу албатта, қўшимча маблағ, янги лойиҳаларни талаб этади. Режада кўплаб инвестицион лойиҳалар бор. Жумладан, Инвестиция дастурига кўра, 1,3 триллион сўм бюджет маблағлари ҳисобига 1,3 минг километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда 75 та иншоотда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Ичимлик сув қамрови даражаси паст бўлган 30 та туманда 459 километр тармоқ ҳамда 24 та ичимлик ва оқова сув иншоотлари қурилади. Белгиланган лойиҳалар йил бошидан буён бирин-кетин амалга ошириб келиняпти. Бунда эътибор нафақат сув таъминоти, балки ичимлик сув сифати ва санитария-гигиена шароитларини таъминлашга ҳам қаратилган. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан “Сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштиришнинг 2024—2026 йилларга мўлжалланган дастур”лари ҳам белгиланган.

    Ўрганишлар асносида сув таъминоти оғир аҳволда бўлган 813 та маҳалла аниқланган. Жорий йилда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 83 та маҳалла ва қатор аҳоли пунктларида сув таъминоти ва канализация бўйича 76 та лойиҳа амалга оширилади. Уларнинг умумий қиймати 6,8 триллион сўм бўлиб, лойиҳаларнинг 67 тасини шу йили топширишни режалаштирганмиз.

    Соҳага инвестицияларни кўпроқ жалб этиш, нафақат молиявий, балки халқаро тажриба, янги лойиҳалар, инновацион технологияларнинг кириб келиши жиҳатидан ҳам ижобий самарадорликка эга. Жараёнда халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги инвестицион лойиҳаларнинг улуши ва аҳамияти, айниқса, юқори. Ҳозирги вақтда бу борада 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар, жумладан, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлиги, Саудия тараққиёт жамғармаси каби ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилган. Ҳамкорлик муносабатлари соҳада жалб этилаётган инвестициялар ҳажми йил сайин ошишида катта ҳисса бўлиб қўшиляпти. Агар мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки 25 йилида соҳада жами 892 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган бўлса, сўнгги беш йилда бу рақам 700 миллион доллардан зиёдни ташкил этмоқда.

    Айни вақтда қиймати 2,4 миллиард долларлик 25 та лойиҳани амалга ошириш ишлари авжида. Уларнинг орасида Осиё Тараққиёт банки билан ҳамкорликдаги “Жиззах шаҳар оқова сув тизимини реконструкция қилиш”, Ислом тараққиёт банки иштирокидаги “Сирдарё вилояти Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларининг канализация тизимини реконструкция қилиш ва кенгайтириш”, Саудия тараққиёт ва ОПЕК жамғармаларининг маблағлари ҳисобидан “Самарқанд вилоятининг Қўшрабод тумани ичимлик сув таъминотини яхшилаш” каби йирик лойиҳалар кўп. Асосийси, ҳар бир лойиҳадан аниқ мақсадлар кўзланган. Хусусан, йил якуни билан 82 та МФЙда истиқомат қилувчи 250,3 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти ҳамда 26 та МФЙда истиқомат қилувчи 103,2 минг нафар аҳолининг оқова сув хизматлари яхшиланади.

    Ҳозир ана шундай лойиҳалар амалга оширилмаётган ҳудудлар йўқ ҳисоби. Биргина пойтахтимизга яқин Тошкент вилояти мисолида оладиган бўлсак, ўтган йили бюджетидан ажратилган 851,2 миллиард сўм маблағлар ҳисобидан 492 та объектда жами 1 минг 878 километр тармоқ ва 238 та иншоот қурилиб, 221 та объект фойдаланишга топширилди. Ҳудуднинг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 72,8 фоиздан 79,4 фоизга етказилди. Қувонарлиси, 163 та маҳалладаги 214 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланди. Тошкент туманида Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган лойиҳа шулардан бири. Лойиҳанинг биринчи босқичида 3 та сув тақсимлаш иншооти ишга туширилиб, туманнинг 26 та маҳалласи, 214 та кўчасига ичимлик сув тармоқлари тортилди. Қарабсизки, туман аҳолисининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 78,9 фоиздан 92 фоизга етди. Ҳудуддаги 152 та хонадон илк бор сув таъминотига эга бўлди. Лойиҳа ичига киритилган маҳалларда аввал сув таъминоти ер ости қудуқларидан олинган ва жадвал асосида таъминлаб келинган. Одамлар йиллар давомида ариқдан сув ташиб, идишларда тиндириб ичишга мажбур бўлган. Ҳатто, эллик йил бир жойда яшаб, уйида сув тармоғи тортилмаган кишилар ҳам бор. Энди эса аҳоли сув ташиш учун челак кўтариб сарсон бўлишига ҳожат қолмади, сув олиш учун хонадонидаги жўмракни бураши кифоя.

    — Ичимлик сувни олисдан олишга мажбур бўладиган инсонлар бу неъматнинг қадрига кўпроқ етиши, шубҳасиз. Аммо орамизда “сув текин”, деган иборани бевосита сувнинг ўзига нисбатан ҳам қўллайдиган, унга энг арзон восита сифатида қараб, исроф қиладиганлар оз эмас. Ўтган йилдан мамлакатимизда сув таърифлари нархларининг оширилиши тежамкорликка қаратилган бир ечимдек бўлди. Аммо нархлар турли ҳудудларда турлича экани қизиқ. Бу нима билан боғлиқ?

    — Аслида, сайёрамизда ҳаво ва сувдан қимматлироқ неъмат йўқ. Яъни, унинг қийматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Афсуски, инсоният ўз таъсири орқали ана шу неъматнинг камайиб бориши, тақчиллигига сабаб бўляпти. Сув захираларининг йўқолиб бориши Ер юзи учун жуда катта фожиа эканини тушуниш қийин эмас. Бу ҳақида олимлар йиллар давомида гапириб, бонг уриб келган бўлса, бугунги кунга келиб, инсоният бевосита ана шу муаммога дуч келди ва шу муаммо билан яшаяпти.

    Сайёрамизнинг учдан икки қисми сувдан иборат бўлишига қарамай, атиги 3 фоизини чучук сувлар ташкил этади. Таҳлилларга кўра, 1960 йиллардан буён Ер юзида сувга бўлган талаб икки баравар кўпайган. Бу аҳоли сонининг ортиши, қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг ривожланиши каби кўплаб омиллар билан боғлиқ. Аммо шуниси аниқки, сув танқислиги озиқ-овқат хавфсизлигига сезиларли таҳдид солмоқда, яқин йилларда эса глобал муаммо янада жиддий фожиаларни келтириб чиқариши мумкин. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, инсониятниг чучук сув ресурсларидан фойдаланиш суръати шу тарзда давом этса, 2100 йилларга бориб ишлатиб бўлинади ва 2230 йилларда сайёрамиз сув заҳиралари потенциали батамом тугайди.

    Бир қарашда, бу шунчаки ваҳимали башоратлардек кўринади. Бир неча ўн йил олдин ҳам шундай фиклашимиз мумкин эди. Аммо бугунги глобал вазият ҳар қандай шароитга тайёр туришимиз кераклигини кўрсатмоқда. Олдимизда турган энг катта вазифа эса табиий ресурслардан оқилона, тежамкор фойдаланиш, уларнинг муқобил манбаларини яратиш бўлиб турибди. Бундай шароитда кескин чоралар кўришга ҳам тўғри келади. Чунки кўплаб давлатлар қатори бизда ҳам сув танқислиги хавфи юқори.

    Юртимизда жами 11 063 та сув олиш иншоотлари мавжуд. Ичимлик сувнинг асосий захиралари эса Амударё ва Сирдарё дарёлари ҳамда унга туташ ер ости чучук сув манбалари ҳисобланади. Мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган сувнинг 87 фоизи қишлоқ хўжалигида, 9 фоизи энергетика ва балиқчилик учун, қолган 4 фоизигина ичимлик сув учун сарфланади. Шундай шароитда сувга нисбатан энг арзон воситалардан бири сифатида қараш чинакам фожиа.

    Аммо сув тарифлари нархларини оширишдан мақсад тежамкорликни оширишдангина иборат эмас. Ушбу заруратга бир қатор омиллар, жумладан, марказлашган ичимлик сув таннархи ва ундан фойдаланиш учун белгиланган сув тарифлари орасидаги тафовутнинг катталашгани, нархга нисбатан ишлаб чиқариш харажатларининг юқорилиги сабаб бўлди. Гап шундаки, истеъмолчиларга тоза ичимлик сув етказиб бериш ҳамда оқова сувларни чиқариб юбориш бир қанча босқичларни, минглаб ходимлар меҳнатини талаб этади. Биз ҳар куни истеъмол қиладиган ичимлик сув бир нечта тозалаш босқичларидан ўтмагунига қадар хонадонларга йўналтирилмайди. Бунинг ўз белгиланган талаб ва меъёрлари бор. Аввало, сув ҳавзалари ва бошқа манбалардан олинадиган сув тозалаш учун сув иншоотига келиб тушади. У ерда сувга махсус идишларда зарур реагентлар билан ишлов берилиб, тиндирилади. Майда заррачалар сув тагига чўккач, рангсизлантирилади. Сўнг бирин-кетин зарарсизлантириш, юмшатиш, чучуклаштириш ва тиниқлаштириш жараёнларидан ўтказилади. Ана шу мураккаб босқичлардан кейингина сув насослар ёрдамида тармоққа юборилади. Марказлаштирилган таъминот тизимидаги сув сифати сувнинг манба юқори оқимидан то истеъмолчи уйидаги жўмракларигача бўлган ҳаракати давомида кечаю кундуз назорат қилинади. Ушбу назорат сувнинг мақбул органолептик, кимёвий ва микробиологик хусусиятларини баҳолашга имкон берадиган турли тадбирлар мажмуасини ўз ичига олади ва буларнинг ҳар бири харажатни талаб қилади.

    Ўтган йилги таҳлилларга кўра, юртимиз бўйича ўртача 1 метр куб ичимлик сув ишлаб чиқариш учун 1 312 сўм, 1 метр куб оқова сув тозалаш учун 753 сўм сарфланган. Тарифлар эса сўнгги 3 йилдан буён ўзгармай келаётгани натижасида ўрта ҳисобда 40 фоизга ошган таннарх харажатлари ҳисобидан 960 миллиард сўм қопланмасдан қолган. Бу қўшимча қарз харажатларини келтириб чиқаради, дегани. Бундан ташқари, охирги уч йилда истеъмолчилар сони 808 мингтага ошган. Демак, уларга ичимлик сув етказиб бериш янада кўпроқ меҳнат ва харажат талаб этади. Масалан, сувни узоқ масофага етказиш жуда катта электр энергияси талаб этувчи насослар орқали амалга оширилади, бу ҳам катта харажат. Қолаверса, тизимда юзага келадиган авария ҳолатларини бартараф этиш, тармоқларни жорий ва мукаммал таъмирлаш харажатлари бор.

    Ичимлик сув ишлаб чиқариш ва етказиб бериш харажатларининг фарқланиши ҳисобига, тарифлар ҳар бир вилоят ҳудудларида турлича белгиланган. Мисол учун, Тошкент шаҳрига ичимлик сув “Бўзсув” канали орқали, Андижон вилоятига эса “Кампировот” сув омборидан ер сатхининг фарқи ҳисобига ўзи оқар тарзида етказиб берилади. Навоий истеъмолчилари сув таъминотининг 70 фоиздан ортиғи Самарқанд вилоятидаги сув иншоотидан ичимлик сув қувурлари орқали таъминланади. Бунинг натижасида электр энергия камида 2 баробар кўп сарф этилади. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз бўйича барча ҳудудларда ичимлик ва оқова сув тарифлари қайта кўриб чиқилди. Айни пайтда юртимиз бўйлаб 1 метр куб ичимлик сувни етказиб бериш ўртача 2 300 сўмни, 1 метр куб оқова сув хизматларини кўрсатиш эса ўртача 1 300 сўмни ташкил этмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрида ичимлик сув етказиб беришда ер усти сувидан фойдаланилгани ва истеъмолчилар зич жойлашгани сабабли 1 метр куб ичимлик сув нархи 1 400 сўмни ташкил этса, Жиззах вилоятида ичимлик сув бир нечта сув кўтариш иншоотлари орқали етказиб берилиши ҳисобига 1 метр куб учун 4 000 сўм нарх белгиланган.

    Умуман, ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тарифларни шакллантириш, тасдиқлаш ва амалга киритиш 2022 йил 22 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ амалга оширилади. Мазкур қонунга асосан, сув таъминоти корхоналари томонидан шакллантирилган таклифлар жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилиб, олинган хулосалар асосида тасдиқланади.

    — Кунлар исиши билан ҳовлиларда яшайдиган одамлар сувдан машина ювиш, ўсимликларни суғориш, ерларни салқинлатиш ва бошқа мақсадсиз жараёнларда бемалол фойдаланиб, ичимлик сувни увол қилади. Тежамкорлик ҳақида қанча гапирилмасин, тарғибот қилинмасин, бунга бефарқ қарайдиганлар кўп. Аксарияти, “пулини тўлаяпман, исталганча фойдаланаман”, деган қабилида иш тутади. Аммо ичимлик сувни тежаш умумиллий масала ва унга барчамиз масъулмиз. Шу жиҳатдан, сувни беҳуда исроф қилганлар учун қонунчилигимизда чоралар белгиланганми?

    — Тўғри айтдингиз, сувни исроф қилиш бу фақатгина шахсий масала эмас. Бу қонунчилигимизда ҳам назарда тутилган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг 96-бандида ичимлик сувни суғориш ва бошқа мақсадларга ишлатиш тартиби бегиланган. Мазкур бандга кўра, ичимлик сувдан дов-дарахтларни суғориш мақсадларида фойдаланишга бир қатор истисно ҳолатлардагина йўл қўйилади. Яъни, ирригация суви бўлмаганда, ИСКХ ташкилоти қуввати мавжуд бўлганда ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланган жадвал бўйича — фақат тунги соат 00:00 дан соат 05:00 га қадар фойдаланиш мумкин. Расмий рухсатсиз ёки кўрсатилган вақтдан ташқари суғорилган ҳолатларда, бир ойда фойдаланилган сув учун тўлов — аҳоли истеъмолчилари учун сув сепиш ва суғориш майдонининг ҳар 1 метр квадрати учун 15 литрдан ҳисоб-китоб қилинади.

    Таҳлилларга кўра, ичимлик сувни исроф қилиш ҳолатлари асосан ҳисоблагич ўрнатилмаган истеъмолчилар сонига тўғри келади. Қонунчиликка асосан, сувни ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаган ҳолатларда сув таъминоти хизматлари учун аҳоли истеъмолчиларига белгиланган тарифларга 1,5 орттирилувчи коэффициентни қўллаш йўли билан ҳисоб-китоб амалга оширилади. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам аҳоли хонадонларини тўлиқ электрон ҳисоблагичлар билан таъминлаш белгиланган. 2021 йилда бу кўрсаткич 52 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 77,2 фоизга етди.

    Аммо бу каби чора-тадбирлар ҳамда тарифлар нархларининг оширилиши ҳам айрим инсонларнинг сув тежамкорлигига сабаб бўла олмаётгани ачинарли. Ваҳоланки, биз сувни қимматга сотиб олаётганимиз учунгина эмас, балки бебаҳо неъмат бўлгани, дунёда миллионлаб одам унга зор экани учун ҳам тежаб ишлатишга масъулмиз. Бунинг учун халқимиз орасида истеъмол маданиятини ошириш, ҳар биримиз оддий кундалик меъёрларга риоя қилишимиз лозим. Масалан, оқаётган жўмрак, маиший техника ёки майса пуркагичларни ўз вақтида тузатайлик. Чунки оқаётган томчилар вақт ўтиши билан катта йўқотишга олиб келади. Тишларни юваётганда сувни ўчириб қўйиб, бир стакан сувдан фойдаланиш кифоя. АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги маълумотларига кўра, шу оддий қадам бир ойда 700 литр сувни тежаш имконини беради. Бу рақам сўмга чақилса, қанча маблағ тежаш мумкинлиги ҳам ойдинлашади. Кир, идиш-товоқ ва бошқа нарсаларни юқишда ҳам шундай тежамкорлик қилиш зарар қилмайди. Замонавий ўлчов асбобларидан фойдаланиш ҳам сув, электр энергияси тежамкорлигида катта аҳамиятга эга.

    Боиси, рақамли технологиялар сарф-харажатни аниқ назорат қилиб, тежамкорликни бир неча баробарга оширади. Шу боис, жорий йилда соҳани рақамлаштириш орқали сув сарфини тартибга солиш, мавжуд тармоқларнинг рақамли харитасини яратиш ҳамда “SCADA” тизимини жорий этиш мақсадида Осиё тараққиёт банкининг 125 миллион доллар маблағини жалб қилиш кўзда тутилган. Соҳада энергия сарфини камайтириш орқали таннархни қисқартириш ва моддий-техник базани яхшилаш учун 426 та насос энергия тежамкор насосларга алмаштирилади, 66 МВт қуёш панеллари ўрнатилади.

    Жорий йилда рақамлаштириш йўналишида яна 3 та янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳаларнинг 2 таси Осиё таррақиёт банки иштирокида жорий этилади. Биринчиси, “Автоматлаштирилган омбор тизими” (EWM) бўлиб, унда корхонанинг операцион самарадорлиги ва шаффофлигига эришиш учун бизнес тизимларини интеграциялаш ва оптималлаштириш назарда тутилган. Иккинчи лойиҳа “WaterData” ягона маълумотлар базасини яратишдан иборат. Бунда сув таъминоти соҳасидаги барча таҳлилий маълумотларнинг электрон базаси шакллантирилади.

    Учинчи лойиҳага кўра эса Ягона диспетчерлик маркази ташкил этилади. Диспетчерлик хизматини рақамлаштириш орқали юқоридаги барча лойиҳалар интеграциялашади. Яъни махсус автотранспорт ва авария бригадалари учун маршрутларни оптималлаштириш, мурожаатларни мониторинг қилиш, сув босими, электр энергия сарфи, насосларнинг ишлашини бошқариш, аварияларни мониторинг қилиш, ноқонуний уланишларни аниқлаш ҳамда бухгалтерия ва омбор тизимларини интеграция қилиш орқали бошқарув тизими самарадорлигига эришилади.

    Яна бир қулайлик, сув сифати ва хавфсизлиги мониторинги учун “WATER LAB” ахборот тизими жорий этилиб, тестдан ўтмоқда. Бунда мавжуд лабораториялар тўлиқ рақамлаштирилиб, ҳисоботлари электрон тарзда юритилади. Натижада, юртимиз бўйлаб ичимлик сув сифатини назорат қилиш имконияти сезиларли даражада кенгаяди.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 17.05.24 й, 95-сонида эълон қилинди)

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates