Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Вьетнам ташқи ишлар вазири Буй Тхань Шон билан телефон орқали мулоқот қилди.
«Вьетнам ташқи ишлар вазири Буй Тхань Шон жаноблари билан телефон орқали мулоқот қилганимиздан мамнунмиз, — деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари номидан Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Бош котиби Нгуен Фу Чонг Жаноби Олийларининг вафоти муносабати билан яна бир бор чуқур ҳамдардлигимизни изҳор қилдик.
Икки томонлама алоқаларни бойитиш, жадал ҳамкорликни ривожлантириш, барча соҳаларда янги боғловчи кўприкларни барпо этиш учун мамлакатларимиз фойдаланиши мумкин бўлган кўплаб имкониятлар мавжуд.
Бўлажак юқори даражадаги алмашинувлар, иқтисодий ва инвестицион алоқаларни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдик. Биз Ўзбекистон ва Вьетнам ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ўрнатилган яқин ҳамкорликни юксак қадрлаймиз».
Эслатиб ўтамиз, шу йил 18-19 март кунлари Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Ханойга ташриф буюриб, Вьетнам етакчилари, жумладан, ташқи ишлар вазири Буй Тхань Шон билан икки томонлама музокаралар олиб борган эди, деб хабар беради «Дунё» АА.