Бу тушунча истеъмолда кенг қўлланила бошлаганига ҳали бир йил ҳам тўлмади. Лекин, сувчилар, фермерлар, кластер ташкилотлари, соҳа мутахассислари ва банкирлар орасида довруқ қозонди.
Сув хўжалиги вазирлигида “Сувчилар мактаби” лойиҳасининг иккинчи босқичига старт берилди. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Президентимиз ташаббуси билан соҳада кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётганини эътироф этди.
Ўзгариш, янгиланишларни ким амалга оширади, албатта, билимли, иқтидорли, замонавий фикрлайдиган кадрлар. Шу боис, ислоҳотларда “Сувчилар мактаби” ва мазкур даргоҳ етиштирган кадрлар муҳим роль ўйнайди.
Давлатимиз раҳбари 2023 йил 18 апрель куни ўтказилган йиғилишда “Агробанк” ҳузурида сув тежамкорлиги бўйича янги лойиҳаларни шакллантириш учун алоҳида марказ ташкил қилиб, хориждан малакали мутахассисларни жалб этиш вазифасини қўйган эди.
Сув хўжалиги вазирлиги, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ҳамда “Агробанк” АТБ ҳамкорлигида қисқа муддатда “Сувчилар мактаби” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мактаб олдига сувдан фойдаланувчилар, хусусан, деҳқон ва фермерларнинг сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш ва шу орқали юқори ҳосилдорликка эришиш, инновацион технологияларни қўллаш бўйича билим ва кўникмалар бериш вазифаси қўйилди.
Мактаб концепциясини ишлаб чиқишда Туркия, Испания, Хитой давлатлари тажрибалари ўрганилди, шунингдек, фермерлар ўртасида сўровнома ўтказилди. Ишлаб чиқилган махсус “handbook”да соҳадаги асосий назарий билимлар, шунингдек хориж тажрибаси ёритиб берилди ва амалий дарслар билан уйғунлаштирилди.
2023 йилнинг 29 май куни миллий тадқиқот универсетида лойиҳанинг биринчи босқичига старт берилди. Ярим йил ичида 154 та туманда 10 минг нафардан ортиқ фермерлар, сувчилар ўқитилди.
“Сувчилар мактаби”да 2030 йилгача 60 мингдан ортиқ тингловчини ўқитиш ва билим-малакасини ошириш кўзда тутилган.
Вазирнинг таъкидлашича, “Сувчилар мактаби” даврий ёки мавсумий эмас, узлуксиз фаолият кўрсатади.
“Сувчилар мактаби”га Туркия, Испания, Хитой ва бошқа давлатлардан етук мутахассислар жалб этилган. Услубий таъминот, ўқув қўлланмалар, онлайн дарсликлар яратилди. Республикамизнинг 13 та ҳудудида мактабнинг янги жиҳозлар билан таъминланган ва инновацияларга асосланган ўқув бинолари ва илғор сув тежовчи технологиялар қўлланилган тажриба майдонлари ташкил этилди.
Бугун Сув хўжалиги вазирлигида ҳам “Сувчилар мактаби”нинг ўқув хоналари ва янги аудиториялари очилди. Бу ерда ноу-хаулар кенг қўлланилган бўлиб, мисол учун, 13 та ҳудуддаги мактаблар билан видео алоқа орқали боғланган ҳолда, чет эллик мутахассислар иштирокида онлайн дарслар ўтиш, мулоқотлар ташкил этишга шароит бор.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Р.Қаршиевнинг айтишича, лойиҳанинг биринчи босқичида, асосан, фермерлар ва сув хўжалиги мутахассислари ўқитилди. Иккинчи босқичда сувни тежайдиган технологияларни қурувчилар, пудрат ташкилотлари мутахассислари ҳам қамраб олинади. Мактаб фаолияти шу тарзда доимий кенгайиб, янгиланиб бораверади.
Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, глобал исиш ва музликларнинг қисқариши билан боғлиқ вазият шу тарзда давом этадиган бўлса, яна 20-25 йилдан сўнг сув танқислиги сезиларли даражада кучаяди. 50-70 йилдан кейин сувнинг томчиси ҳақиқатда тиллога тенг бўлиши мумкин. Фарзандларимиз, авлодларимиз сув танқислиги муаммосига дуч келмаслиги ва асло қийинчилик кўрмаслиги учун ҳозирдан сувни тежайлик.
Шуҳрат СУЮНОВ,
Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи