Сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилади

    Ҳукумат 29 ноябр 2023 3197

    Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

    Мамлакатимиздаги сув ресурсларининг 20 фоизи ўзимизда, катта қисми қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бормоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилинаяпти.

    Лекин шу ҳолатда ҳам сувдан самарасиз фойдаланилаяпти. Мамлакатимиздаги жами сув ресурсининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарфланаяпти. Масалан, юртимизда бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг кубметр сув сарфлангани ҳолда, иқлими ва ери бизникига ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув ишлатилаяпти. У ҳам бўлса, сувни тўғри бошқариш, исроф қилмаслик ҳисобига.

    Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради. Аммо тизимда ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, сув ресурсларини бошқаришда эскича ёндашувлар сақланиб қолгани учун самара кам.

    Йиғилишда бу соҳадаги муаммолар, янги ташаббус ва вазифалар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади.

    Бунда биринчи муҳим вазифа – канал ва ариқларни бетонлаш. Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлаяпти. Энг кўп сув йўқотишлари Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Навоий, Хоразм ва Бухоро вилоятларига тўғри келади. Каналларнинг охирида жойлашган 175 минг гектар экин майдонида сув таъминоти жуда оғир.

    Умуман, сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар даромад бой берилаяпти.

    Шу боис сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди. Келгуси йилда 1 минг 500 километр, яъни бу йилгига нисбатан 4 баробар кўп йирик каналларни бетонлаш вазифаси белгиланди. 2025 йилда камида 2 минг километрдан каналларни бетонлашга ўтилади.

    Бунинг учун ноябрь-март ойлари энг қулай вақт экани, лойиҳаси тайёр каналларда қурилишни ҳозирдан бошлаш кераклиги қайд этилди. Вилоят ва туман ҳокимларига бир йил ичида 3 минг 500 километр ички тармоқларни бетон қопламага ўтказиш топширилди. Бундан манфаатдор кластер ва фермерларга махсус техника ва қурилиш материалларидан ёрдамлашиб, харажатларни 2 карра камайтириш мумкинлиги айтилди.

    Иккинчи муҳим вазифа – сув тежовчи технологияларни жорий қилиш.

    Мамлакатимизда 4,3 миллион гектар суғориладиган ер бўлиб, шундан 30 фоизига сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Бундай кластер ва фермер хўжаликларида сув 30-40 фоизга, ўғит ва ёқилғи 25-30 фоизга тежалиши билан бирга ҳосилдорлик ошган.

    Лекин, сув етказиш таннархи жуда қиммат бўлган Қашқадарёда бундай усулда суғориладиган ерлар атиги 16 фоизни ташкил этади. Сув тежашда энг содда агротехник тадбир бўлган ерни лазерли текислаш ишлари ҳам етарли эмас. Бундай майдонлар Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 10 фоиздан кам.

    Бунинг сабабларидан бири – сув тежовчи технологияни жорий қилган фермерларга кредит фоизининг бир қисмини қоплаш тартиби ишламаяпти. Шу боис йиғилишда бу бўйича янгича молиялаштириш тизими белгиланди. Унга кўра, кластер ва фермерларга сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун икки йиллик имтиёзли давр билан беш йилга 14 фоизли кредит ажратилади. Бунинг учун очиқ-ошкора платформа ишга туширилади. Ҳам банк билан, ҳам таъминотчилар билан шартнома электрон платформа орқали онлайн имзоланади.

    Мутасаддиларга бунинг молиявий-ташкилий жиҳатлари бўйича кўрсатмалар берилди. Сув тежаш жорий этилган майдонларни ҳар йили кенгайтириб бориш, Туркия, Испания ва Хитойнинг бу бўйича тажрибасини ўрганиш муҳимлиги таъкидланди.

    Келгуси уч йилда ҳам қишлоқ хўжалиги техникасининг 15 фоизи ва лазерли текислагичнинг 30 фоизини субсидиялаш амалиёти давом эттирилади. 2026 йилгача ҳамма экин ерлари лазерли текисланади. 2026 йилдан кейин лазерли текисланмаган ерларга нисбатан ер ва сув солиқлари кескин оширилади.

    Учинчи муҳим вазифа – сувни етказиш харажатларини қисқартириш.

    Бугунги кунда кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар 1 кубметр сувга ўртача 212 сўм харажат қилинаяпти. Лекин Бухоро, Қашқадарё ва Наманганда бу 2-3 баробар қиммат.

    Шу билан бирга, сув харажатининг 63 фоизи насос станциялари ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, суғориш учун йилига 7 миллиард киловатт соат электр энергияси сарфланади. Чунки сув насосларининг 80 фоизи эскирган, энергия сарфи юқори.

    Давлатимиз раҳбари бу харажатларни камайтириш ва самарадорликни оширишнинг энг тўғри йўли – насосларни модернизация қилиш ва уларни бошқаришни хусусий шерикликка бериш эканини таъкидлади.

    Бу борада бир нечта лойиҳа бошланган. Бу ишларни жадаллаштириб, халқаро молия ташкилотлари иштирокида 95 та насос станциясини янгилаш, келгуси йил бошида яна 118 таси бўйича тендер эълон қилиш вазифаси қўйилди.

    Шу билан бирга, хорижий компаниялар 268 та насосни бошқарувга олиш ташаббусини билдирган.

    Умуман, ушбу чоралар орқали келгуси йили насосларнинг электр сарфини 300 миллион киловатт соатга, кейинги уч йилда эса 1,5 миллиард киловатт соатга камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

    Сув хўжалиги вазирлигига халқаро молия ташкилотлари билан бирга, насосларни модернизация қилиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди. Соҳада замонавий бошқарувни жорий этиш, сув ҳисобини юритиш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Йиғилишда сув хўжалиги вазири, ҳокимлар ва бошқа раҳбарларнинг ахбороти эшитилди.

    No date selected
    июн, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates