Бу ҳақда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш маркази маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 августдаги "Табиат уйғунлиги ҳимоячиси" ва "Энг тоза маҳалла" танловларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 514-сонли қарори кўра, "Табиат уйғунлиги ҳимоячиси" танловида санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бажарадиган ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи камида 10 йил садоқатли меҳнат қилган ходимлар қатнашиши мумкин.
Танлов 1 сентябрда бошланиб, ғолиблар 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида аниқланади ва муносиб тақдирланади. Ғолибларнинг давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига бир йиллик контракт тўлови (базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдоридан ошмаган қисми) тўлаб берилади.
"Энг тоза маҳалла" танлови эса ҳар йили ноябрь – январь ойларида туман (шаҳар) саралаш босқичи, ҳудудий саралаш босқичи ва республика босқичи шаклида ўтказилади. Мазкур танлов ғолиблари 21 март — Наврўз байрами арафасида муносиб тақдирланади. Танлов натижаларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ғолиб бўлган маҳаллаларнинг тегишли жамғармасига чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, маҳалладаги ижтимоий объектларга чиқинди контейнерлари ўрнатиш ҳамда дарахт экиш учун 500 миллион сўмдан пул мукофоти ўтказиб берилади ҳамда хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль топширилади.
Бундан ташқари, санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бажарадиган ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи ишчиларига, экофаолларга ҳамда жамоатчилик экология назоратчиларига ҳар ой 100 тадан велосипед ва бошқа мукофотлар берилади.