Тадбиркор маънавияти: янги давр талабларига жавоб беряптими?

    Давлат – жамият – инсон” тамойилининг “Инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартирилиши ва шахс омилининг биринчи ўринга чиқарилиши барча соҳалар ва долзарб масалаларда нафақат давлат ва жамият масъуллигини, айни пайтда инсоннинг ҳам масъулиятдан холи бўлмаслигини англатади.

    (Иккинчи мақола)

    Ўзбекистонда узоқ йиллар “Давлат – жамият – инсон” тамойилига амал қилиб келинди. Ушбу тамойил, ўз ижтимоий-фалсафий моҳиятига кўра, инсонни давлат ва жамиятдан бегоналаштиради, маънавиятини хиралаштиради, уни сиёсий ва иқтисодий механизмнинг арзимас бўлаги, оддий элементига айлантиради.

    Аслида эса инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва бахт-саодати давлат сиёсати ва жамият ҳаётининг энг устувор мақсад-муддаоси бўлиши лозимлиги тарихда кўп бора исботланган. Кейинги йилларда жамиятимиз ҳаёти ва тафаккуридаги ўзгаришлар туфайли мазкур тамойил “Инсон – жамият – давлат” шаклидаги таянч ғояга айланди.

    Президентимиз Бу сиёсат бир йил билан чекланиб қолмаслиги, доимо бардавом бўлиши барчамизга аён. Аслида ҳам, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми?

    Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз,” дея алоҳида таъкидлагани эса, мазкур йўналишдаги тадрижийликнинг яққол ифодасидир.

    ТАДБИРКОРЛИК МАСЪУЛИЯТИ

    Алоҳида таъкидлаш жоизки, “Давлат – жамият – инсон” тамойилининг “Инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартирилиши ва шахс омилининг биринчи ўринга чиқарилиши барча соҳалар ва долзарб масалаларда нафақат давлат ва жамият масъуллигини, айни пайтда инсоннинг ҳам масъулиятдан холи бўлмаслигини англатади. Яъни, давлат органлари, вазирлик ва идоралар фаолиятидан қатъи назар, ушбу йўналишдаги маънавий муҳит ва ижтимоий макон қиёфасини тадбиркор ҳамда мулкдорларнинг шахсий хислат ва фазилатлари, ҳаётий позицияси, ишга ва касбига муносабати, виждони ва масъулият ҳисси ҳам кўп жиҳатдан белгилайди.

    Бинобарин, ҳозирги даврда давлат томонидан кўплаб иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар, тадбирлар амалга оширилмоқда. Вазирлик ва идоралар белгилаб берилган стратегия доирасидаги мақсадлар, дастур ва режаларни бажармоқда. Тадбиркорлар ва мулкдорларнинг иқтисодий рағбати ва маънавий камолоти учун объектив шарт-шароитлар тобора яхшиланиб боряпти.

    Аммо тадбиркорлик маънавияти, ҳар бир тадбиркорнинг ижтимоий масъулияти ва унинг ҳаётда намоён бўлиши билан боғлиқ масалаларнинг конкрет шахс, инсон омили билан боғлиқ ниҳоятда муҳим аҳамиятга молик субектив жиҳатлари ҳам бор. Шу нуқтаи назардан, “Тадбиркор маънавияти” тушунчасининг ижтимоий масъулият билан боғлиқ жиҳатлари жаҳон тажрибаси ва бугунги ҳаёт воқеликлари орқали яққол намоён бўлаётганини аниқ-тиниқ кўриш ва турли мисоллар орқали тўғри тасаввур қилиш мумкин.

    Келинг, ушбу мавзуда назарий фикр ва умумий мулоҳазалардан кўра аниқ мисолларга мурожат қилайлик. Масалан, Япония жамияти ва унинг аъзолари тўғрисида чоп этилган қизиқарли асарлардан бири “Рёандзи боғининг ўн бешинчи тоши” номли китобда япон бизнесменларига хос ниҳоятда ибратли хислатлардан бири ҳақида ҳикоя қилинган. Муаллифнинг гувоҳлик беришича, аксарият япон тадбиркорлари ўзларига юз минглаб доллар фойда келтириши мумкин бўлган бирор-бир шартнома Японияга ва япон халқига бир неча минг доллар миқдорида моддий ёки маънавий зарар келтиришини билиб қолсалар, уни ҳеч қачон имзоламас эканлар. Японлар орасида узоқ йиллар яшаган асар муаллифи “Уларни бунга ундашнинг фойдаси йўқ, барибир мақсадингизга етолмайсиз ва ўз йўлингизга сола олмайсиз”, деган хулосага келган.

    Бошқа бир манбада эса, нафақат Япония, балки дунёда ҳам машҳур таълим даргоҳи – Нагоя университети билан боғлиқ бир мисол келтирилган. Унга кўра, яқинда мустақилликка эришган мамлакатлардан бирига келган ушбу университет вакилига “Бизнинг юртимизда дунёнинг кўплаб олий таълим муассасалари филиаллари очилган. Сизлар ҳам шу йўлдан борсангиз миллионлаб фойда кўрар эдингиз. Таклифимизга рози бўлмаётганингизнинг сабаби нимада? Ёки катта фойда олишингизга ишончингиз комил эмасми, деган савол берилганда айтилган қуйидаги жавоб япон тадбиркорининг маънавий қиёфасини яққол ифодалайди: “Бу ишдан катта иқтисодий фойда олишимизни яхши биламиз ва бунга ишончимиз комил. Аммо юртингизда очиладиган филиалимизнинг Япониядагидек самарали таълим тизимига айланиши ва ҳар бир талаба, бўлажак мутахассис учун биздаги каби юксак даражали, ниҳоятда мазмундор ва фойдали билим беришига ишончимиз комил эмас. Бу эса, нафақат бизнинг университет, балки бутун Япония таълим тизими обрўсизланишига сабаб бўлиши мумкин. Биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз ва ҳар қандай шахсий фойда олиш имконияти бизни Ватанимиз шаънига доғ туширадиган енгил-елпи йўлга сололмайди.”

    Кунчиқар юрт ҳақидаги ушбу ибратли мисолларга дуч келар экансиз, “Бизнинг тадбиркорларимиз орасида бундай имконият бўлганида япон тадбиркорларидек иш тутадиганлар неча фоизни ташкил қиларкин?”, деган савол беихтиёр хаёлингизга келиши аниқ. Бу эса, ўз навбатида, яна бир бор тадбиркор маънавияти, ушбу соҳа вакилларининг Ватан ва халқ олдидаги ижтимоий масъулият туйғусини тўғри шакллантириш зарурати билан боғлиқ масаланинг ниҳоятда долзарблигидан далолат беради.

    Яқинда ижтимоий тармоқларда “Наманганда қалбаки дори воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган тиббиёт ходими ушланди”, деган хабар тарқалди. Унга кўра, давлат органлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда “Зодак”, “Анаферон”, “Хилак Форте” ва “Витамин В6” номли қалбаки дори воситаларини тайёрлаш ҳамда сотиш билан шуғулланган тиббиёт ходимининг фаолиятига чек қўйилган. У 1000 дона қалбаки “Зодак” дори воситасини Андижон вилоятига сотиш мақсадида олиб кетмоқчи бўлган вақтида қўлга олинган. Хонадонидан дори воситалари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган яширин цех, 763 дона “Анаферон”, 2125 дона “Зодак”, 4000 дона “Витамин В6” дори воситалари, 570 дона номсиз флаконларда сироплар, дори воситаларини қадоқлашда фойдаланиладиган қутилар, йўриқнома ва ёрлиқлар топилган. Инсон ҳаётини хавф остига қўядиган фаолиятни 2023 йил сентябридан буён тизимли йўлга қўйган бу “тадбиркор” тиббиёт ходимини Андижон вилоятида яшовчи ўзига ўхшаган фуқаролар Қирғиз Республикасидан ноқонуний йўллар билан олиб келинган хомашё билан таъминлаб турган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли модда ва бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, мазкур шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

    Хўш, кейинги йилларда юртимизда аҳолини соғломлаштиришга доир кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётган, давлатимизнинг бу борадаги кўплаб дастур ва лойиҳалари ишлаб чиқилиб ҳаётга татбиқ этилаётган, ушбу йўналишга триллионлаб маблағ сарфланаётган бир пайтда бундай номаъқулчилик учун давлат ташкилотларини айблаш қанчалик тўғри бўларкин? Бунда аслида давлат ёки жамият эмас, балки инсон омили, аниқ бир кимсаларнинг ноқонуний ва маънавият мезонларига мутлақо мос келмайдиган фаолиятни амалга ошираётгани сабабчи эмасми? Бу тахлит “тадбиркорлик” мамлакатимизда ўз зиммасидаги вазифаларни чин дилдан адо этаётган кўплаб ишбилармон ва тадбиркорларнинг маънавий қиёфасига соя солади ва обрўсизлантиради, албатта.

    Яна бир мисол. Кейинги йилларда мактабгача таълим соҳасига ниҳоятда катта эътибор қаратилди, болажонларимизни ушбу тизим билан қамраб олиш даражаси бир неча баробар ортди. Соҳада фаолият олиб бораётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари – МТТлар сони 27 мингдан ошди ва улар барча турдаги солиқлардан озод қилинган. 2023 йилда уларга давлат ҳисобидан ва шерикчилик шарномаси асосида жуда катта миқдорда, яъни 2,7 триллион сўм маблағ ажратилгани бу борадаги ғамхўрликнинг яққол намунасидир.

    Аммо маълумотларга қараганда, 2023 йил 27 декабргача баъзи оилавий боғчалар эгалари турли ноқонуний йўллар билан давлат ҳисобидан 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган. 1,5 мингдан зиёд хусусий “боғча”лар ноқонуний фаолият юритган. Хўш, бунда айбдор ким ёки ушбу ҳолатнинг сабаб нима деб ўйлайсиз? Давлат ҳамма шароитни яратаётган бўлса, шу йўналишдаги вазирлик ва идора ишга масъулият билан ёндашаётган бўлса, гап нимада?

    Холисона айтганда, бу борада айнан ушбу йўналишдаги вазирликнинг саъй-ҳаракати билан 2023 йилда 734 та МТТ томонидан бир боланинг сурати ўрнига бошқа боланинг суратини жойлаштириш асосида давомат белгиланиб келгани аниқланиб, уларга нисбатан 8,8 миллиард сўм субсидия тўловлари тўхтатилган. 895 та оилавий МТТ томонидан воситачилар ёрдамида компьютерда виртуал мобил қурилмани яратиш орқали ҳақиқатда МТТга келмаган тарбияланувчи ва ходимларнинг давомати сохталаштирилгани маълум бўлган. Уларга огоҳлантириш хатлари жўнатилган ва 8,9 миллиард сўм асосланмаган субсидия тўловлар молиялаштирилишининг олди олинган. Ушбу маълумотлар тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.

    Аслида бундай ҳолатлар рўй бераётгани ушбу соҳалардаги вазирлик ёки идоралар фаолиятида йўл қўйилаётган хато ёки камчилик билан эмас, балки нима қилиб ва қандай йўллар билан бўлса-да, фойда олиш, бойлик орттириш илинжидаги айрим виждонсиз кишилар, яъни инсон омили билан узвий боғлиқ экани шубҳасиз. Бу борада ҳамма бало, бир томондан, асрлардан мерос бўлиб келаётган “қинғир йўллар билан бойлик орттириш” ва иккинчидан, собиқ иттифоқдан қолган “бюджетдан юлиб қолиш” каби касалликларнинг баъзи кишилар онгида ҳалигача барҳам топмаганида.

    Маълумки, собиқ иттифоқ даврида жамиятни сунъий тарзда турли синфларга ажратиб, хусусий мулк ва тадбиркорликни йўқотиш ғояси амалиётга татбиқ этилди. Сиёсий ва мафкуравий мақсадларга хизмат қилган бу ғоя, аввало, жамият аъзоларини мулкдан бегоналаштирди, тадбиркорлар ва мулк эгаларига зарарли қатлам сифатида қарашни шакллантирди. Натижада ҳаётда мулкдан бегоналашиш туйғуси мустаҳкамланиб борди ва “Мулк ҳамманики, айни пайтда ҳеч кимники эмас”, деган ақида одамлар онгига сингдирилди. Тадбиркор ва ишбилармон кишилар бўлган мулк эгаларининг ориятли ва виждонли инсон сифатидаги қиёфасидан асар ҳам қолмади, Ватанни севиш, эл-юрт олдидаги маънавий қарздорлик ва ўз халқига садоқат туйғулари хиралашди.

    Собиқ шўролар даври хусусий мулкни ва мулкдорларни йўқотди, тадбиркорликни таг-туги билан қуритди, одамларни давлатга боқиманда қилди. Бугун у тузум йўқ, унинг даври ўтди. Фалсафада “Замон ўзгаради, аммо одамлар қолади. Бундаги энг қийин иш одамларнинг онги ва тафаккурини ўзгартиришдир”, деган тамойил бежиз шаклланмаган. Халқимизнинг “Тоғ ўзгарибди деса ишон, аммо одамлар ўзгарибди деса ишонма”, деган ҳикмати ҳам ана шу жараённи яққол ифодалайди.

    Мактабгача таълим тизимига юксак эътибор берилаётгани ва унга катта маблағ ажратилаётганидан бохабар баъзи “учар”ларнинг бир юмалаб тадбиркор бўлиб олгани ва қинғир йўллардан бораётгани ҳам шундан.

    Бу эса, бутун жамият миқёсида маънавий тарбия масаласининг ниҳоятда долзарблигини ва ҳар бир фуқаро, жумладан, ишбилармон ва тадбиркорлар қатламининг маънавий қиёфасида мазкур феномен билан боғлиқ ижобий хислатларни шакллантириш ва камол топтириш зарурати ҳали-ҳануз сақланиб қолаётганини англатади.

    КОРРУПЦИЯ БАЛОСИ

    Тадбиркорлар маънавий дунёсининг рисоладагидек шаклланишига ҳалақит берадиган омиллар орасида коррупция балоси ва унинг оқибатлари, қонун ва ҳуқуқни англаш даражасининг етарли эмаслиги, глобаллашув таҳдидлари ва ғоясизлик хатарлари алоҳида диққатни талаб қилади. Улар бошқа салбий омиллар билан бирга тадбиркорларнинг онги ва дунёқарашига таъсир ўтказади, бу жабҳа вакилларининг кундалик ҳаёти ва фаолиятида ўзига хос тарзда намоён бўлади.

    Коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин ва бугунги кунда у тадбиркорликнинг асосий кушандасига айланди. У сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида кенг муҳокама қилинмоқда. Коррупция келтирадиган зарар барча учун тенг саналиб, мазкур иллатнинг турли соҳаларга, хусусан, иқтисодий, ижтимоий, маънавий жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга, мамлакатнинг халқаро майдондаги имижи ва инвестициявий жозибадорлигига, айни пайтда тадбиркорлик соҳасига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатиши маълум.

    Ҳозирги глобаллашув замони, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция барча мамлакатларда ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини соляпти. Бинобарин, бугун каттами-кичикми, бойми-камбағалми, қудратлими-кучсизми, биронта давлатни коррупциядан холи ҳудуд, деб айтолмаймиз. БМТ ва Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти коррупция туфайли йилига 1,5-2,6 триллион долларгача зарар кўрмоқда.

    Жаҳон меҳнат ташкилоти томонидан муттасил ўрганиб бориладиган мавзулардан бири, яъни бизнес соҳасининг коррупциялашганлик даражаси мониторинги умумий кўрсаткичларига кўра, порахўрлик барча соҳаларда тадбиркорлик фаолиятининг маънавий асосларини емиради, унинг халқ олдидаги обрўсига путур етказади. Айни пайтда у халқаро ҳуқуқ соҳасида тадбиркорнинг бу борадаги қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган энг хавфли жиноий ҳодисалардан бири сифатида баҳоланади.

    Чунки у бутун мамлакат миқёсида тадбиркорлик ривожланишига жиддий путур етказади, қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида ҳақиқий тадбиркорлар ҳуқуқ ва эркинликлари поймол бўлишига олиб келади. Шунинг учун ҳам Президентимиз янги давр бошланишидаёқ “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди” дея алоҳида таъкидлагани бежиз эмас.

    Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг тасдиқланиши юртимизда бу иллат билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилишини таъминлади.

    Мисол учун, қисқа вақт ичида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид бир нечта норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

    Президентимизнинг “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони эса бу борадаги изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир. Ундан кўзланган асосий мақсад юртимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган.

    Дунё мамлакатлари бизнес соҳасининг коррупциялашганлик даражаси умумий кўрсаткичларига кўра, ушбу иллат ҳамма жойда, иш бошлашдан олдинги лицензиялар олишдан тортиб шартномалар ва суд жараёнигача рўй бериши мумкин. Халқаро экспертлар жамиятида бу борада шаклланган хулосага кўра, бизнесдаги коррупция сабаблари хилма-хил тарзда намоён бўлади.

    РЕЙТИНГНИНГ МАЪНАВИЙ КУЧИ

    Кейинги йилларда етук тадбиркорлик маънавиятини тақозо этадиган соҳаларни тизимли ривожлантириш, бизнес учун шароитни изчил яхшилаб бориш давлатимиз иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада, айниқса, тадбиркорлик фаолиятининг иқтисодий жиҳатларига асосланадиган ва ўз навбатида, бу соҳа вакилларининг маънавий қиёфасига катта таъсир кўрсатадиган барқарорлик рейтинги жорий этилиши мазкур йўналишдаги муҳим янгиликлардан бири бўлди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 январдаги “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунинг яққол далилидир. Ушбу ҳужжатга кўра, қонунчиликка амал қилиб ишлаётган тадбиркорларни аниқлаш ва рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги 1 февралдан жорий этилиши белгиланди. 2024 йил 1 апрелдан тадбиркорларга субсидия, имтиёз ва преференциялар уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда жорий этила бошлайди.

    Аслида бу ҳақда Президентимизнинг ўтган йили тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида айтилган ва шундан сўнг ушбу рейтинг мезон ва тартиб-тамойиллари ишлаб чиқила бошлаган эди. Шу асосда қабул қилинган Президент қарорига кўра, тадбиркорлар фаолият даври, рентабеллик даражаси, тўлов интизоми, аҳоли бандлигидаги ўрни ва иш ҳақи каби 23 та мезон асосида 4 тоифага ажратилади. Бундай рейтинг солиқ, адлия ва суд органлари маълумотлари асосида шаклланади. Ҳар бир тадбиркор ўз ўрни ва баҳосини, яъни аниқ рейтинг даражасини реал вақтда билиб бориши мумкин бўлади.

    Қарорга биноан, рейтинги юқори тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари бекор бўлади, қўшимча қиймат солиғи суммаси бир кунда ва бошқа солиқ турлари бўйича ортиқча тўлов уч кунда қайтариб берилади. Товарларни импорт қилиш ва сотишда қўшимча қиймат солиғини божхона ва солиқ органларида ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади. Аукционда олинган давлат активлари ва ер участкалари қийматини бўлиб тўлаш муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади. Бунда камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни бир йўла амалга оширганда, қолган суммага йиллик фоизлар ҳисобланмайди.

    Ушбу йўналишдаги жаҳон тажрибасини ўрганиш бундай рейтингга таянадиган тадбиркор маънавияти ўзига хос регулятив функцияни ҳам бажаришидан далолат беради. Яъни, рейтинг жорий қилиниши муайян тадбиркорлик субъекти ва бу соҳа билан машғул шахслар ва жамоалар фаолиятини мавжуд маънавий-ахлоқий тамойил ва талаблар асосида бошқариб туришга катта таъсир кўрсатади.

    Юқорида қайд этилганлар ўз навбатида, мамлакатимизда тадбиркорлар маънавиятини самарали шакллантириш борасида жамоатчилик фикри таъсирини ошириш ва қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишларни янада кучайтириш лозимлигидан далолат беради. Ушбу йўналишда кейинги йилларда тез-тез тилга олинаётган “Тадбиркорлик кодекси”ни ишлаб чиқиш борасидаги фаолиятни жадаллаштириш лозимлиги ҳам давр талабига айланди.

    Шу билан бирга, бугунги кунда маънавият йўналишида ҳам қонун ижодкорлигини кучайтириш, давлатимизнинг ушбу соҳадаги сиёсатининг асосларига доир “Маънавият ва маънавий фаолият тўғрисида” қонунни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган энг муҳим ва объектив заруратлардан бирига айланганидан далолат беради.

    Қиём НАЗАРОВ,

    фалсафа фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates