Тадбиркорлар ҳуқуқлари суд ҳимоясида

    Фикр 19 август 2025 509

    Бугунги кунда тадбиркорлик субъектла­рига ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имконияти тобора кенгайтирилмоқда.

    Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида бошланган ислоҳотларнинг дастлабки кунлариданоқ юксак маррага эришишда илғор технологиялар асосида замонавий корхоналар очаётган, юз минглаб янги иш ўринларини яратаётган ва дунё бозорларига жадал кириб бораётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш стратегик вазифа этиб белгиланди. Кейинги йилларда мана шу мақсадлар сари кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқич кечмоқда.

    Давлатимиз раҳбари жорий йил 27 фев­раль куни суд фаолиятини янада яхшилаш, очиқлик ва рақамлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтка­зилган йиғилишда “Сўнгги саккиз йилда судларга доир 70 га яқин қонун, фармон ва қарор қабул қилинди. Уларнинг мод­дий-техник базаси яхшиланди. Булар аҳоли ва тадбиркорларнинг масалалари­ни ҳал этиб, адолатни қарор топтиришга хизмат қиляпти. Ўтган йили судларда 3 миллиондан ортиқ масала кўриб чиқилди. Бу — аҳолининг ҳуқуқий онги ошиб бо­раётганидан далолат”, деди. Ушбу эътироф инсон манфаатига хизмат қиладиган, қонун устуворлигини таъминлайдиган одил судлов соҳасини такомиллаштириш давлатимизнинг доимий эътиборида эканининг исботи.

    Президентимиз томонидан судлар олдига тадбиркорлик, инвестиция, инфратузилма, ер, солиқ, кредит, меҳнат муносабатлари, шунингдек, тадбиркорлар фаолиятида уч­раётган муаммоли масалаларни таҳлил қи­либ, ҳукуматга ва парламент муҳокамасига киритиб бориш вазифаси қўйилди. Шунга мувофиқ, Олий суд томонидан қайд этилган масалалар бўйича судларда кўрилган ишлар чуқур таҳлил асосида аниқланган муаммоли масалалар ҳукумат ва парламент муҳокама­сига мунтазам равишда киритиб борилмоқ­да.

    Бугунги кунда тадбиркорлик субъектла­рига ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имконияти тобора кенгайтирилмоқда. Бу борада судлар фао­лиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш ва қўшимча қулайликлар яратиш, тадбиркор­ларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, уларнинг судга ишончини мустаҳ­камлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амал­га оширилмоқда.

    Давлат органлари қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги устидан шахснинг судга ши­коят қилиш ҳуқуқининг конституциявий ка­фолатларини амалга ошириш масаласи жуда муҳим. Ушбу масъулиятли вазифани таъ­минлашга хизмат қиладиган маъмурий суд­лар ташкил этилиши, шунингдек, иқтисодий судларда иш юритиш соддалаштирилиши тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини янада оширди.

    Хусусан, 2022-2024 йилларда маъмурий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари аризаси асосида 13 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилиб, уларнинг 6 мингга яқини қаноат­лантирилган. Бунда тадбиркорлик субъектла­рининг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, шу­нингдек, иқтисодий судлар томонидан 2024 йилда тадбиркорларнинг даъвоси асосида кўриб чиқилган 56 мингдан ортиқ ишнинг 85 фоизи қаноатлантирилгани тадбиркор­ларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд­ларнинг роли ошиб бораётганидан далолат беради.

    Охирги йилларда суд иш юритуви соҳаси­га оид қатор тартиб-таомиллар жорий этилди. Натижада судлар орқали тадбиркорларнинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва тиклаш билан боғлиқ бюрократик тўсиқ, оворагарчилик ва сарф-харажатлар кескин қисқартирилишига эришилмоқда.

    Иқтисодий процессуал кодексида тад­биркорлик субъектлари ва давлат органлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва на­зорат қилувчи органлар, банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъекти фойдасига талқин этилиши бел­гиланди.

    Бундан ташқари, “Давлат божи тўғриси­да”ги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъ­ектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаат­ларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тадбир­корлик субъектлари манфаатларини кўзлаб ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига палата аъзолари манфаатида олдиндан дав­лат божи тўламасдан суднинг барча инстан­цияларига мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Қолаверса, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолияти доирасида судларга мурожаат қи­лиш чоғида белгиланган ставканинг 50 фои­зи миқдорида давлат божи тўлашига оид имтиёз белгиланди.

    Бу ҳақда батафсил тўхталаётганимиз бе­жиз эмас. Чунки бу тизимли имкониятлар­нинг барчаси бугунги кунда тадбиркорларни суд орқали ҳуқуқий ҳимоялашни янада ку­чайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қил­моқда.

    Энг муҳими, иқтисодий ва фуқаролик суд ишларини юритиш соҳасига соддалаштирил­ган тартиблар жорий этилди. Эндиликда даъ­вонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма ба­раваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида, суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан йигирма кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилмоқда. Шу асосда 2022-2024 йиллар­да иқтисодий судлар томонидан 42 мингдан ортиқ иш соддалаштирилган тартибда кў­рилиб, ҳал этилган.

    Суднинг ахборот тизими орқали муро­жаат қилишда суд ҳужжатларини мурожаатга илова тарзида тақдим этишга оид мажбурият бекор қилинди. Бу билан судга мурожаат қи­лишдаги бюрократик тўсиқларга барҳам бе­рилди.

    Тадбиркорларнинг бузилган ва низола­шилаётган ҳуқуқларини иқтисодий судларда тезкор ва сифатли кўриб чиқиш таъминлан­моқда. Айниқса, ишларни кўришдаги асоссиз кечиктиришларнинг олдини олиш мақсадида суд ишларини кўриш, қолдириш ва танаффус қилишнинг қатъий муддати ва ҳолатлари бел­гилаб қўйилди.

    Муҳим жиҳатлардан бири, “Медиация тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши нати­жасида суд низосини ҳал этишда яраштириш тартиб-таомилларини қўллаш имконияти кенгайди. Биринчи инстанция судида суд маслаҳатхонага қарор қабул қилиш учун чиқ­қунига қадар тарафларга медиатив келишув тузиш имконияти берилди.

    Судда тарафлар ўртасида медиатив ке­лишув тузилганлиги боис, ариза кўрмасдан қолдирилган ҳолларда давлат божи сумма­си қайтарилишига оид норма белгилаб қў­йилди. Хусусан, медиация тартиб-таомили қўлланган иқтисодий ишлар статистикасига кўра, 2020-2024 йилларда иқтисодий судлар томонидан кўрилган 20 мингдан ортиқ ишда медиация таомили қўлланган ва шундан 18 мингга яқин ҳолатда медиатив келишув тузил­гани сабабли давлат божлари тадбиркорлик субъектларига қайтарилган.

    Иқтисодиёт ривожида инвестициянинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, инвесторлар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилишини тақозо этади. Шу муносабат билан инвестор­лар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низо ва рақобатга оид ишларнинг судловга таал­луқлилигига оид янги тартиб белгиланди.

    Жумладан, йирик инвесторларга таал­луқли низолар ва рақобатга оид ишлар, та­рафларнинг хоҳишига кўра, Олий суднинг биринчи инстанция судида тўғридан тўғри кўрилиши мумкин. Айни чоғда бошқа ин­весторлар иштирокидаги инвестициявий низолар, уларнинг хоҳишларини инобатга олган ҳолда, вилоят даражасидаги судлар томонидан биринчи инстанция судида кў­рилмоқда.

    Кейинги йилларда инвестициявий ҳуқуқ­ларни ҳимоя қилишда судлар фаол иштирок этмоқда. 2022-2024 йилларда иқтисодий суд­ларнинг биринчи инстанциясида 660 дан ор­тиқ инвестициявий низо ҳал этилгани бунинг яққол тасдиғидир.

    Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш орқали тадбиркорларга одил суд­лов имкониятидан фойдаланишда ҳам қатор қулайликлар яратилди. Жумладан, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация техноло­гиялари кенг татбиқ этилиб, судларга масофа­дан туриб электрон тарзда мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа ти­зими, шу жумладан, мобил воситалар орқали иштирок этиш, холисликни таъминлаш мақ­садида судьялар ўртасида ишларни ахборот тизими орқали автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.

    Одил судлов соҳасини рақамлаштириш­ни янада кенгайтириш мақсадида Олий суднинг интерактив хизматлар портали (my.sud.uz) ишга туширилди. Натижада аҳоли ва тадбиркорлар учун одил судлов имкониятидан фойдаланишдаги барча им­кониятлар электрон ва интерактив шаклга келтирилиб, бюрократик ноқулайликлар бартараф этилди.

    Судларнинг ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизим­лари ўртасида муайян ишни кўриш жараё­нида зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни тадбиркор ва фуқароларни овора қилмаган ҳолда бевосита судларнинг ўзи томонидан электрон шаклда олиш тартиби амалиётга жорий этилди. Бунда маълумотлар алмаши­нувининг рақамли шаклга ўтказилгани катта аҳамият касб этди.

    Олий суднинг интерактив хизматлар пор­талида судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, суд харажатларини электрон тарзда тўлаш, қонуний кучга кирган суд қарор­лари билан танишиш, ишлар ҳолатини он­лайн кузатиб бориш, суд чақирув қоғозини электрон олиш, суд мажлиси жадвали билан онлайн танишиб бориш, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб суд мажлисларида мобил видеоконференцалоқа тизими орқали ишти­рок этиш каби интерактив хизматлар жорий этилди.

    Ҳозирга қадар судларнинг 6,4 миллиондан ортиқ қарори Олий суднинг интерактив хиз­матлар порталида эълон қилинди.

    Олий судда Жамоатчилик билан ҳам­корлик маркази (PR марказ) ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда мат­буот хизматлари ташкил этилган. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимияти очиқлигини ошириш йўлида муҳим чора­лар кўрилмоқда.

    Бундай замонавий ёндашувлар эвазига одил судлов самарадорлигига эришилмоқда. Соҳадаги чора-тадбирлар фуқаролар ва тад­биркорлик субъектларига ўз ҳуқуқ ва ман­фаатларини ҳимоялаш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман, одил суд­ловга эришишни ошириш ҳамда судлар фао­лиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бериб, судлар мустақиллигини таъ­минлашга хизмат қилмоқда.

    Келгусида тадбиркорларнинг суд орқали ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг одил судловдан қулай фойдаланиши бораси­да бир қатор тизимли ишларни амалга оши­риш режалаштирилган.

    Жумладан, “Raqamli sud” концепцияси асосида босқичма-босқич барча судларнинг ахборот тизимлари негизида сунъий ин­теллект технологияларини яратиш, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияла­рини кенгроқ жорий қилиш ва суд соҳасида рақамлаштириш ишларини янада самарали ташкил этиш суд жараёнларида бюрократик тўсиқ ва коррупциявий омиллар бартараф этилишига замин яратади.

    Эндиги навбатда тадбиркорлик субъектла­рига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишлари­ни кўришни соддалаштириш мақсадида:

    • — судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижасини ҳамда сарфланади­ган харажатларни шакллантириш;
    • — мурожаатларни судга фақат электрон шаклда юбориш;
    • — ишда иштирокчилар суд биносига таш­риф буюрмасдан суд муҳокамаларида ма­софадан туриб қатнашишини таъминлаш;
    • — тарафлар ва ишда иштирок этувчи бош­қа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шакл­да танишиш имкониятини яратиш;
    • — суд харажатларини электрон шаклда ҳисоблаш ва тўлаш, шунингдек, ижро варақа­ларини автоматик равишда ижрога юбориш;
    • суд ишларини замонавий ахборот тех­нологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритиш;
    • сунъий интеллект ёрдамида суд маж­лиси баённомаларини реал вақт режимида матн шаклида тайёрлаш;
    • — суд ҳужжатлари лойиҳаларини авто­матик шакллантириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

    Таъкидлаш жоизки, суд соҳасини ра­қамлаштириш ва одил судлов жараёнла­рига замонавий ахборот технологиялари­ни жорий этишнинг 2025-2027 йилларга мўлжалланган дастури ишлаб чиқилмоқда. Дастурда қуйидаги вазифалар назарда тутил­моқда:

    • — 2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқа­ролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш;
    • — 2025 йил якунига қадар суд ҳужжат­ларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратиш;
    • — 2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud. uz” интерактив хизматлар порталида фуқаро­ларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш;
    • — 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбу­зарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона ин­терактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш;
    • — 2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имконият­лар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” плат­формасининг фойдаланувчилар учун янада қулай янги версиясини ишлаб чиқиш каби қа­тор амалий чора-тадбирлар белгиланмоқда.

    Шу билан бирга, “Рақамли ҳукумат” тизи­ми идоралараро интеграциялашув платфор­маси судларнинг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилинади. Натижада судда иштирок этувчи тадбиркорлардан ортиқча маълумотлар талаб этилишига чек қўйилади ҳамда уларнинг вақт ва маблағ билан боғлиқ харажатлари тежалиши, ортиқча сансолар­ликнинг олди олинишига эришилади.

    Судларнинг моддий-техник базасини яхшилаш орқали тадбиркорларга янада кенг қулайликлар яратиш мақсадида 2025- 2030 йилларда замонавий суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича чора-тад­бирлар режаси ишлаб чиқилган. Бунда янги суд биноларини қуриш ва мавжудларини мукаммал таъмирлашда “Рақамли суд” кон­цепцияси асосида суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда тадбиркорлар ва судья­лар учун қулай ва замонавий шарт-шароит­лар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

    Суд ҳужжатлари ижросини ташкил этишда замонавий ахборот технологиялари­дан кенг фойдаланиш орқали тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайлик ва имко­ниятлар яратилади.

    Иқтисодий судларда даъво аризаси бў­йича ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш учун даъвонинг максимал баҳосини ошириш орқали тад­биркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тезкор ва сифатли ҳимоя қилиш имкониятлари янада кенгайтирилади.

    Мухтасар айтганда, тадбиркорлик субъ­ектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини ку­чайтириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда маъ­мурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, маъмурий суд иш юритувига даъво институтини ки­ритиб, даъво турларини аниқ белгилаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принци­пини қўллаш механизмларини кенгайтириш, ҳуқуқи бузилган шахснинг хоҳишига кўра экстерриториал судловга тегишлилик ме­ханизмини жорий этиш — буларнинг барча­си, шубҳасиз, маъмурий судлар тадбиркор­ларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланишида муҳим қадамлар бўлиб хизмат қилади.

    Бахтиёр ИСЛОМОВ,

    Ўзбекистон Республикаси

    Олий суди раиси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates