Тадбиркорни қийнаётган муаммо ижобий ечим топди

    Лойиҳада кўрсатилган асбоб-ускуна, жиҳозлар хариди учун маблағ етишмаслиги тадбиркорни ўйлантириб қўйди.

    Одил Самадов сурхондарёлик ишбилармонлардан. Унинг пеноблок ва шлакоблок ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Самадов Одил” хусусий корхонаси ташкил этишни ўзида ифода этган лойиҳаси бўйича аллақачон иш бошланган. Корхона учун қурилиш тадбирлари якунига етган.

    Айни вақтда ҳудуддаги 4 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Корхона фаолияти йўлга қўйилса, камида 10 нафар ишчи ўрни яратилади. Лойиҳада кўрсатилган асбоб-ускуна, жиҳозлар хариди учун маблағнинг етмаётганлиги тадбиркорни ўйлантириб қўйди. Жамики маблағини корхона қурилишига сарфлаган ишбилармоннинг сўнгги умиди банкдан олиниши мумкин бўлган кредитга тикилди. Лойиҳада фаолият бошланиши учун сарф этиладиган маблағ 300 миллион сўм этиб кўрсатилган.

    Одил Самадов мамлакатимизда тадбиркорларга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлардан фойдаланиш истагида муаммосига ечим топиш учун “Агробанк” АТБнинг Бойсун туман филиалига мурожаат қилди. Аммо тадбиркор бироз эрта қувонган экан. Мутасаддилар тадбиркорнинг мурожаатини қучоқ очиб ҳал қилиб беришга ошиқмадилар. Икки ой ҳам кўз очиб юмгунча ўтди-кетди. Ўртада тадбиркорнинг сарсонгарчилиги қолди. “Майли, ҳал бўлар, кутай” деса, масъулларнинг бефарқлигидан фиғони фалакка кўтариляпти.

    Натижа бўлмагач, тадбиркор ўз ҳудудидан сайланган депутатга мурожаат қилиш орқали масалани бартараф этишга ҳаракат қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Ҳазратқул Хўжамқуловнинг саъй-ҳаракатлари билан мутасаддиларнинг лоқайдлигига чек қўйилди. Депутат аралашуви муаммони ижобий ҳал қилди.

    – Бир тадбиркор ишчи ўрни яратаман, давлатга, иқтисодиётимизга нафим тегсин, деб турган бир вақтда унга кўмак қўлини узатмаслик мумкин эмас, – дейди Ҳ.Хўжамқулов. – Банк мутасаддиларининг бундай бефарқликлари сабабли қанча-қанча тадбиркорлик қиламан деган фуқароларнинг шашти сўнмоқда. Бундай лоқайдликка қарши курашишимиз зарур. Мана, Одил Самадовнинг ҳам муаммоси бартараф этилишига имкон қадар кўмаклашдик, бугун фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш арафасида. Ахир тадбиркор – элимизга мададкор-ку!

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates