Таэквондо (WT) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 1 август 2022 5485

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–127-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, таэквондо (WT)ни олимпия спорт тури сифатида оммалаштириш, ёшлар орасидан спортчиларни саралаб олиш тизимини яхшилаш, миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида:

    1. Қуйидагилар 2022-2024 йилларда таэквондо (WT) спорт турини (кейинги ўринларда – таэквондо) ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

    таэквондони аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, иқтидорли спортчиларни, шу жумладан, спортчи-аёлларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;

    мактабгача ёшдаги болаларда таэквондонинг “Пумсе” (poomsae) йўналишига қизиқиш уйғотиш орқали нафас олиш, хотира ва концентрацияни яхшилаш, вестибуляр аппаратни чиниқтириш каби соғломлаштириш ишларини олиб бориш, шунингдек, истиқболда мактабгача таълим ташкилотларида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда “Kids таэквондо” лойиҳасини ишга тушириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш;

    ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кўп болали оилалар фарзандларининг таэквондо билан шуғулланиши учун ҳудудларда “Таэквондо (WT) ҳамма учун” дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

    зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлган умумий ўрта таълим мактабларида таэквондо бўйича дарсдан ташқари алоҳида спорт секцияларини ташкил этиш, уларга мактаб жойлашган ҳудуддаги спорт мактаби ва бошқа муассасадан тренер-ўқитувчиларни жалб этиш, шунингдек, ўрта махсус, профессионал ҳамда олий таълим ташкилотлари ўқувчи ва талабалари учун таэквондо бўйича факультатив машғулотларни жорий этиш, таэквондо клубларини тузиш;

    таэквондо бўйича халқаро талабларга мувофиқ замонавий спорт мажмуаларини қуриш, мавжуд спорт мажмуаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан таъминлаш;

    ҳудудий терма жамоаларнинг асосий тайёргарлик марказлари сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида енгил конструкция асосида қуриладиган марказлар ташкил этиш;

    таэквондони ўқитишнинг замонавий методикаларига асосланган илмий-услубий ва ўқув адабиётлар билан таъминлаш ҳамда тиббий хизматни ривожлантириш;

    маҳаллий корхоналар томонидан хорижий компаниялар билан биргаликда таэквондо бўйича халқаро стандартларга мос замонавий инвентарлар ва жиҳозлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

    оммавий ахборот воситаларида соғлом турмуш тарзининг энг муҳим таркибий қисми сифатида таэквондони тарғиб қилиш ҳамда бу жараёнда юқори даражадаги ахборот технологиялари ва мультимедиа маҳсулотларидан фойдаланилишини таъминлаш.

    2. Таэквондо (WT) спорт турини 2022-2024 йилларда кенгроқ ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    Қуйидагилар дастурни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

    спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутиладиган маблағлар;

    Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджети маблағлари;

    спорт федерация (ассоциация)лари, жамғармалар, клублар, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари;

    жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

    қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

    3. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциациясининг 2023 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда:

    республиканинг барча ҳудудларида 4 сентябрь – Бутунжаҳон таэквондо кунига бағишланган таэквондо фестивали;

    таэквондо ва паратаэквондо бўйича “G2” даражасидаги нуфузли “Uzbekistan Open” халқаро турнири;

    таэквондо бўйича умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари, шунингдек, ўрта-махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг ўқувчи ва талабалари ўртасида “Вазир кубоги” мусобақаларини ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

    Спортни ривожлантириш вазирлиги (Ш.Махмудов) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (О.Қосимов), Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев), Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциацияси (Ш.Ташматов), Халқ таълими вазирлиги (В.Ражапов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошқулов) билан биргаликда:

    уч ой муддатда ушбу бандда кўрсатилган мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин;

    ушбу бандда кўрсатилган таэквондо фестивали ва халқаро турнирни 2023 йил 1 январдан бошлаб спорт ва оммавий жисмоний
    тарбия тадбирларининг республика календарь режасига киритилишини таъминласин;

    таэквондо фестивали ва халқаро турнирда маҳаллий таэквондочилар билан биргаликда юқори рейтингга эга бўлган халқаро даражадаги кучли таэквондочилар, тренерлар ва ҳакамларнинг иштирокини таъминласин;

    мазкур мусобақаларни ўтказиш жараёнини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа коммуникация манбаларида кенг ёритсин.

    Туризм ва маданий мерос вазирлиги (Б.Ибрагимов) юқоридаги мусобақаларни туристик маршрутлар объектлари рўйхатига киритсин, уларга хорижий ва маҳаллий туристларни жалб этиш чораларини кўрсин.

    4. 2022-2024 йилларда таэквондо (WT) спорт турини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    5. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциациясининг ассоциация тизимида Ўзбекистон таэквондо академиясини (кейинги ўринларда – Таэквондо академияси) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

    Белгилансинки, Таэквондо академияси:

    Бутунжаҳон “Kukkiwon” таэквондо академияси билан ҳамкорликда Марказий Осиёда янги “leadership” имижини яратиш мақсадида ташкил этилади;

    Мудофаа вазирлигининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари (табиий газ, электр, телекоммуникация, ичимлик ва оқова сув тармоқлари) мавжуд объектларидан бирида жойлаштирилади.

    6. Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов), Мудофаа вазирлиги (Б.Курбанов), Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (О.Қосимов), Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциацияси (Ш.Ташматов):

    бир ой муддатда Бутунжаҳон “Kukkiwon” таэквондо академиясининг тавсияларини инобатга олиб, Таэквондо академияси жойлашадиган аниқ манзилни белгиласин;

    2023 йил 1 сентябрга қадар Таэквондо академиясини инновацион технологияларга асосланган, қиммат бўлмаган, энергия тежовчи ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан қуриш ишларини якунласин ва фойдаланишга топширсин. Бунда, академиянинг биноси ва зарур инфратузилмасини барпо этиш 2023 йилдаги Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилади.

    Қурилиш вазирлиги (Б.Закиров) Таэквондо академиясини қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда экспертизадан ўтказсин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан давлат назоратини ўрнатсин.

    7. Қуйидагилар Таэквондо академиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

    таэквондо, шу жумладан, паратаэквондо (WT) бўйича спортчилар, тренерлар, тренер-селекционерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларнинг касбий маҳорати ва малакасини ошириш;

    таэквондо, шу жумладан, паратаэквондо (WT) бўйича профессионал, юқори малакали спортчилар, тренерлар, тренер-селекционерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни халқаро талаблар асосида тайёрлашга кўмаклашиш;

    таэквондо, шу жумладан, паратаэквондо (WT) бўйича ўқув дастурлар ва методологияни янгилаш, ёшларнинг тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш;

    маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида семинар-тренинглар, мастер-класслар, ўқув машғулотлари ташкил этиш.

    8. Қуйидагилар Таэквондо академияси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

    Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциацияси маблағлари;

    жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

    халқаро ва чет эл ташкилотларининг грантлари;

    қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

    Таэквондо академияси фаолиятини қўшимча молиялаштириш учун Давлат бюджети маблағлари ҳам йўналтирилиши мумкин.

    Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда Таэквондо академияси фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

    9. Мудофаа вазирлиги (Б.Курбанов), Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов), Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциацияси (Ш.Ташматов) Қуролли Кучлар тизимида таэквондони оммалаштириш ва ривожлантириш ишларини амалга оширсин, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар ва ходимлар ўртасида турнирлар ҳамда мусобақаларни ташкил қилсин, уларни спорт захираси ва терма жамоалар таркибига жалб қилсин.

    10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таэквондо бўйича терма жамоаларнинг асосий тайёргарлиги учун 2023-2024 йилларда ҳудудларда 14 та ихтисослаштирилган таэквондо марказини барпо этиш ва уларни замонавий спорт инвентарлари ва ускуналари билан жиҳозлаш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватлансин.

    Белгилансинки:

    а) ихтисослаштирилган таэквондо марказлари иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олади ҳамда уларни келгусида миллий терма жамоаларнинг асосий ва захира таркибига тайёрлаб беради, шунингдек, ҳудудий саралаш мусобақаларини, клуб чемпионатларини ташкил этади ва ўтказади;

    б) қуйидагилар ихтисослаштирилган таэквондо марказлари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

    Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари;

    жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

    халқаро ва чет эл ташкилотларининг грантлари;

    қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

    Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда ихтисослаштирилган таэквондо марказлари фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

    11. Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) билан биргаликда 2023 йил 1 январдан бошлаб 3-иловага мувофиқ умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг жисмоний тарбиясига катта ижобий таъсир кўрсатадиган спорт тури – таэквондога қизиқишини ошириш мақсадида таэквондо бўйича дарсдан ташқари алоҳида спорт секцияларини ташкил этсин, уларга мактаб жойлашган ҳудуддаги спорт мактаби ва бошқа муассасадан тренер-ўқитувчиларни жалб қилсин.

    12. 2022 йил 1 октябрдан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Таэквондо ва спорт фаолияти” факультети ҳузурида Спортчиларни илмий-услубий ва тиббий-биологик таъминлаш муаммолари лабораторияси ташкил қилинсин ва унинг фаолияти университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилсин.

    Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошқулов), Спортни ривожлантириш вазирлиги (Ш.Махмудов), Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (О.Қосимов), Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциацияси (Ш.Ташматов) Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг “Таэквондо ва спорт фаолияти” факультетида таэквондо бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида замонавий инновацион технологиялар асосида касбий таълимни такомиллаштириш, илмий, илмий-услубий базани яратиш ва янада ривожлантириш чораларини кўрсин.

    13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

    уч ой муддатда Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаларига тегишли шарт-шароитларни яратиш, уларнинг молиявий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш учун уларга ҳудудлардаги йирик ташкилотлар ва ҳомийларни бириктирсин;

    Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаларида тренер-йўриқчи лавозимини жорий этиш орқали таэквондо йўналиши бўйича олий таълим муассасаларини битириб, терма жамоага жалб этилмаган ёш тренер кадрларни жалб этсин;

    таэквондони оммалаштириш мақсадида ёшлар ўртасида туман (шаҳар) ва ҳудуд миқёсидаги мусобақаларни мунтазам равишда ташкил қилсин;

    таэквондо бўйича ташкил этиладиган маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинлари ва спорт мусобақаларида ҳудудий спорт жамоалари иштирок этишини таъминласин.

    14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига
    4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

    15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул
    ва шахсий жавобгар этиб спортни ривожлантириш вазири А.И.Икрамов, спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Ш.Ш.Махмудов ҳамда Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциацияси раиси Ш.Р.Ташматов белгилансин ва уларга қуйидаги вазифалар юклансин:

    иқтидорли ёшларни танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал таэквондочилар сифатида тайёрлаш ишларини самарали ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш;

    ҳудудларда таэквондо инфратузилмасини барпо этиш ва кенгайтиришга инвестиция ва грант маблағларини жалб қилиш, бошқа зарур чора-тадбирларни кўриш;

    таэквондони таълим муассасалари, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали оммалаштириш, аҳолининг ушбу спорт турига қизиқишини ошириш;

    таэквондо бўйича мусобақаларни ўтказиш, ушбу йўналишда халқаро ва чет эл ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрияларини жалб қилиш;

    2022-2024 йилларда таэквондони ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичларига тўлақонли эришиш;

    ушбу қарорда белгиланган вазифалар ижросини ҳар ярим йилда камида бир марта танқидий муҳокама қилиш, зарур чора-тадбирларни белгилаш.

    16. Мазкур қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2022 йил 29 июль

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates