Талабаларга хизмат кўрсатиш тизими тўлиқ рақамлашмоқда

    Яқинда Президентимиз “Инно” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркига ташриф буюриб, муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

    Унда мамлакатимизда сўнгги йилларда илм, таълим ва инновацияга эътибор тубдан ўзгарганлиги, аммо соҳага ажратилаётган кўплаб маблағ ва саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳамон қатор муаммолар мавжудлиги танқид қилинди. Хусусан, муҳандислик йўналишида юзлаб стартап ва инновацион лойиҳалар амалиётга ўз вақтида жорий этилмади. Боиси олийгоҳлар билан саноат корхоналари ўртасида мустаҳкам илмий, инновацион алоқалар яхши йўлга қўйилмаган.

    Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда юртимизда йилига 3 мингта саноат корхонаси ишга туширилади ва 150 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Шундан 35 мингтаси айнан техника йўналиши билан боғлиқ иш ўринларидир.

    Бугунги кунда бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам муҳандислик кадрларга бўлган талаб кундан кун ортиб бормоқда. Бу эса маҳаллий саноат тармоқларида замонавий инновацион лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани билан бевосита боғлиқ.

    Давлатимиз раҳбари соҳани янада ривожлантириш учун янги ташаббусларни ҳам илгари сурди. Жумладан, техника йўналишидаги 36 та олийгоҳда ўқитиш ва илмий-тадқиқот жараёнлари илғор тажриба асосида тўлиқ ўзгартирилади. Давлат техника университетида эса меҳнат бозорида талаб йўқ бўлган мутахассисликлар қисқартирилиб, кафедраларни бирлаштириш лозимлиги, натижада олий таълим муассасаси тўлиқ дуал таълим тизимига ўтиши шартлиги айтиб ўтилди. Ушбу ўзгаришлардан сўнг фанлар ҳам камида 30 фоизга қисқаради.

    Олийгоҳдаги таълим Дрезден техника университети (Германия) ва Цукуба университети (Япония) дастурларига мослаштирилади, деканатлар талабаларга хизмат кўрсатиш учун тўлиқ рақамлаштирилади, яъни, “Регистратор офиси” ташкил қилиниб, олийгоҳдаги барча хизматлар ушбу тизим асосида амалга оширилади.

    Ушбу видеоселектор йиғилишида кўтарилган барча ташаббус ва муаммолар, уларнинг ечимларига доир кўрсатмалар илмий жамоамиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Дарвоқе, таълим муассасамизда Регистратор офиси ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифалари ривожланган давлатлар олийгоҳларида бўлгани каби замонавий ўқув жараёнини шакллантириш, талабаларга ҳар жиҳатдан сифатли хизмат кўрсатиш, академик фаолиятни ташкил этиш ва ёш олимларни яқиндан қўллаб-қувватлаш, таълим жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, талабаларнинг қимматли вақтини маъмурий муаммолар билан боғлиқ оворагарчиликлардан халос этиш ва натижада уларни илм эгаллаш билан шуғулланишларига замин яратиш ҳамда тизимда бюрократик ҳолатларнинг олдини олиш кабилардан иборат.

    Энг муҳими, ушбу шаффоф тизим қисқа фурсат ичида таълим сифатини янада ошириш билан бирга, ёшларнинг илмий ва инновацион ғояларини амалиётга муваффақиятли татбиқ этишга кўмак бермоқда. Албатта, бунда ўқитиш ва илмий-тадқиқот жараёнлари халқаро илғор тажриба асосида тўлиқ рақамлаштирилгани ҳар жиҳатдан қўл келмоқда.

    Эндиликда талабалар ўқиш жараёнида дуч келадиган муаммоларига турли бўлимлар, деканат ва кафедраларга эмас балки Регистратор офисига мурожаат қилиш асосида ижобий ечим топади.

    Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ҳозирги вақтга қадар аксарият профессор-ўқитувчилар амалиётдан узилиб қолган эди. Энди эса улар саноат ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда иш олиб борадилар.

    Шунингдек, “тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида саноат ҳамкори белгилаб олинмоқда. Айни кунларда олийгоҳимизга ҳамкор корхоналарда тегишли кафедраларни очиш ва дуал таълим тизимини йўлга қўйиш устида қизғин ишлар олиб бориляпти.

    Бундан кейин талабаларнинг амалиёти ва битирув курсдаги таълими тўлиқ ҳамкор корхоналарда ташкил қилинади.

    Университетимизда “Олий муҳандислик мактаби”ни ташкил этиш ҳам режалаштирилмоқда. Ушбу мактабларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилади ва ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида кадрлар танлаб олинади.

    Қолаверса, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши лойиҳа” ва “Энг яхши ихтиро” республика танловига қизғин тайёргарлик ишларини бошлаб юборишган.

    Қисқа қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг куюнчаклик билан илгари сураётган илғор ташаббуслари замирида замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига оладиган, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашдек улуғвор ишлар мужассам. Биздан эса ана шу шарафли ишда уюшқоқлик, масъулиятни чуқур ҳис этиш, ҳар бир ёшнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга камарбаста бўлишлик талаб этилади.

    Санжар ШОҚЎЧҚОРОВ,

    Тошкент давлат техника университети

    Регистратор офиси бошлиғи.

    No date selected
    июн, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates