Жиззахдаги «Наврўз» боғида учирилиши кутилаётган 5000 та шар яроқсиз ҳолатга келтирилди

    Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятидаги Наврўз боғида 5000 та шар учирилиши ҳақида эълон тарқалди.

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Миллий гвардия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойида бўлиб, ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Ўрганиш давомида шарлар ёрилиб, яроқсиз ҳолатга келтирилди ва ҳолатга чек қўйилди.

    Таъкидлаш жоизки, вазирлик томонидан пластик ўйинчоқлар, шарларни учириш, табиатни ифлослантиришга, чиқиндилар билан тўлдиришга сабаб бўладиган бошқа шу каби тадбирлар доимий тарзда қоралаб келинмоқда.

    Вазирлик томонидан бу каби ҳолатлар тақиқланганлиги ва жавобгарликка сабаб бўлиши қайта-қайта таъкидланмоқда.

    Хусусан, аввалроқ «Янги Ўзбекистон» боғида 10 000 та пластик ўрдакчалар туширилмоқчи эканлиги хабарлар тарқалганди. Вазирлик бу ҳолат юзасидан кескин муносабат билдирди. Натижада бу тадбир бекор қилинди.

    Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 июндаги «Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, оммавий тадбирларда фуқароларни реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюмлар ҳамда бошқа маҳсулотлар ва товар моддий бойликларини бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзон нархларда сотиш орқали жалб қилиш тақиқланди.