Дунё матлабининг тафаккури ўзгармоқда

    Дунё ўз тамаддунининг янги босқичига ўтмоқда. Ҳаёт шиддати ҳеч биримизни тинч қўяётгани йўқ. Бугунги замон руҳи фикран теранлик, маънавий юксаклик ва эътиқодда собитликни талаб қилаётгани ҳам бор гап.

    Аслида, бу уч муҳим матлаб кишилик жамиятига ҳамиша ойдинлик бағишлаб келган. Аммо тараққиёт шиддати ва табиатнинг ўзгараётган руҳи олдимизга янги-янги вазифалар қўймоқда. Шундай шароитда инсон ўзини ислоҳ қилиши керак бўлади. Яъни ҳар биримизнинг олдимизда битта савол туради: давр шиддатига муносиб бўлиш учун нима қилишимиз зарур?

    Дарёлар оққан жойига яна оққани қайтиб келади

    Ҳаёт ҳар бир авлод олдига мукаммал вазифалар, турфа қисматлар битигини қўяди. Биз бугун ўрта бўғин авлодмиз. Эъзозимизда — устоз авлод, иззатимизда — азму шижоатли ёш дўстларимиз бор. Шу маънода, уч авлод олдида ўзаро уйғунликда ривожланиш, ҳамжиҳатликда юрт тараққиёти йўлида хизмат қилиш — тақдирими.

    Гап ўзани Ватан равнақи учун сафарбарлик бурчи томон бурилмоқда. Демак, бугун бирдамлик ва уйғоқ руҳ ҳақида сўз юритмоқ фурсатидир. Зеро, ҳеч замонда бирор-бир халқ ўзаро айро, бўғинларга бўлиниб ривожлана олмаган. Мудроқлик кайфиятидаги халқ доим мағлуб бўлган,

    Авлодлар олдидаги мукаммал вазифаларга келадиган бўлсак, кейинги йилларда янги Ўзбекистон сиёсатининг маънавий қиёфаси шакллангани ҳақида айтиш жоиздир. Ана шу сиёсий-маънавий қиёфа мамлакатни кенг майдонга олиб чиқадиган, дунё ҳамжамияти нигоҳини юртимизга қаратадиган тафаккур ҳодисасидир.

    Бизнинг вазифамиз эса янги Ўзбекистон имижини барқарор шакллантириш, бутун дунёга “Янги Ўзбекистон руҳи” билан кириб бориш, маънавий куч-қудратимизни инсоний фазилатлар камоли учун йўналтиришдир. Бунга барчамиз, айниқса, ёшларимиз тўлақонли ҳақли ва асослимиз. Боиси, биз тарихи буюк, миллий давлатчилик асослари мустаҳкам замин эгасимиз. Томирларимизда яратувчанлик, заколик қудрати жўш уриб турибди. Табиатда шундай қонуният бор, бу — қайта қудратланиш ҳодисаси. Дарёлар оққан жойига яна оққани қайтиб келади, деган гап замирида ҳам шу ҳодиса ҳикмати мужассам.

    Келинг, шу ўринда, бугунги таҳликали замонда Шарқ дунёси тамаддун майдонига қайтаётгани ҳақида фикрлашамиз.

    Бу оддий эврилиш эмас. Гап шундаки, тириклик дунёсининг ўз устунлари ва тараққиётнинг самовий илдизланган асослари бўлади. Булар сирасига халқлар қадриятлари, оилавий тутумлар, инсоний муносабатлар, турмушнинг муқаддас шартлари ҳам киради. Уларнинг ҳар бири ўзаро боғлиқликда тириклик ўчоғини чўғлантириб туради.

    Қачонки ана шу асосларга путур етса, ҳазрати инсон маънавиятига оро берувчи урф-одатлар, анъаналар поймол бўлса, ўша жойда мувозанат бузилади, инқироз кўз очади.

    Бу ўринда яна бир мулоҳаза бор. Яъниким, миллат ва мамлакат инқирози фақат ахлоқсизлик ва тарқоқлик оқибатидан ҳосил бўлур. Бу ҳақда Абдурауф Фитрат “Шарқ сиёсати”да шундай ёзади: “Шарқ маданият ўчоғи, инсоф бешиги, ахлоқ мактаби, билим мадрасаси эди... Шарқ билим, ҳунар йўлинда Оврупа жаҳонгирларидек ўртоқ қони ичмак ва орқадош уйин таламоқ учун эмас, инсонлик дунёсини юксалтирмоқ учун тиришар эди... Биз, шарқлилар, даҳи тинчлик ва роҳат сўнгинда бузулиб қолдик, йўлдан оздик, эзгу тилакларимизни унута бошладик. Билим ва ҳунардан юз қайтардик, бирлик ва ахлоқдан айрилдук, оқчаға берилдик, оқчаға сотилдук”.

    Бу тарих сабоғи — Шарқ инқирози асоси. Биз бу хатонинг жабри билан узоқ йиллар маҳкум яшадик. Минг шукрки, бугун мустақил юртимизда олиб борилаётган янгича сиёсий дипломатия билан катта имкониятлар эшигини қоқиб турибмиз.

    Халқимизда “хуш ёқибди”, деган пурмаъно ибора бор. Шарқнинг бугунги идроки бу маънони ўзида жамлай олади. Бизнинг ютуқларимиздан энг муҳими — қадрият ва анъаналарни асраб қолганимиздир. Бу қандай қадрият ёки анъана эди? Аввало, ота-она ва фарзанд ўртасида меҳр-муҳаббат риштаси, оилавий муносабатларда табиат қонунларини бузмаслик, неъматларнинг қадрига етиш, инсониятга ҳурмат билан қараш, маҳалла-кўй, кайвонилар билан бамаслаҳат иш тутиш, пок яшаш. Шарқдаги қайта тикланаётган қудрат асосларидан бири ҳам шу аслида.

    Ренессанс ҳодисаси қайтишининг яна бир қатор муҳим асослари борки, улар ҳақида навбати билан сўз юритамиз.

    “Ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истасак...

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқида ҳаётий чорловни айтган эди: “Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: биз ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими?

    Мана, бугун маънавий-маърифий соҳада масала қандай ўткир ва кўндаланг бўлиб турибди. Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”.

    Бу осон ўтказиб юбориладиган, беэътибор қолдириладиган гаплар эмас. Айниқса, “Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими?” саволига ниҳоятда жиддий қарашимиз керак. Негаки, мамлакат ва миллат тақдирини бугунги ёшлар белгилаб беради.

    Мамлакат тараққиётини ёшлар билан боғлашимиз замирида жуда катта фалсафий маънолар бор.

    Биринчидан, бизнинг миллатда ёшлик қуввати сўнмайди.

    Ота-боболаримиз “ўзимиз қарисак ҳам, қалбимиз ёш”, “қарилик бизни енголмайди”, “ҳали билагимда куч кўп” каби жўшқин ҳазил руҳидаги гапларни бежиз айтмайди. Бу гаплар замирида миллий қувват бор.

    Қадим-қадимда ота-боболаримиз табиат билан бирга кўчиб яшаган. Бу яшаш тарзида ҳаётга буюк муҳаббат, умидворлик ва яратувчанлик мақсадларига катта интилишлар ҳисси мужассам бўлган.

    Мана шу фикримизга битта мисол келтирамиз. Оталаримиз фарзанди туғилса, унга атаб, албатта ниҳол эккан. Бу ниҳол азим дарахтларга айланган. Дарахт ҳаёт, тириклик, мўл-кўллик рамзидир. Ёки яна бир мисол: оилада эркаклар, асосан, йигитлар узоқ сафарга отланса, уларга бутун нонни тишлатиб қолишган. Бир тишлам узилган нон улар уйга қайтгунча озода жойда осиғлиқ турган — токи йигит насибаси туғилган маконидан узилмасин.

    Бу мисоллар халқимизнинг табиатдан қувватланиш ва ҳаёт занжирларига боғланиш, яъни наслий баркамоллик билан алоқадор ҳодиса эканини унутмаслигимиз керак. Дарвоқе, шунга ўхшаш фикрларни куни кеча Зоминда — II Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан АЙСЕСКО Бош директори Салим Муҳаммад ал-Малик ҳам алоҳида эътироф этдики, бу ҳақда сал кейинроқ тўхталамиз.

    Хуллас, элимизнинг ёшлик қуввати асоси томирларимизда оқаётган наслий қадриятлар ва ота-боболаримизнинг заколик меросидир.

    Иккинчидан, ёшлик фаслида ахборот бор.

    Бу, аввало, туйғулар ахбороти. Инсон қалбида туйғуларни уйғотиш ва камолга етказиш ниҳоятда мураккаб ва қутлуғ жараён. Шу боис, оилада қобил фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки қобиллик эзгу туйғулар билан шаклланади.

    Яна бир ахборот — мансублик ва дахлдорлик ҳисси. Инсон ўзи туғилган ва яшаётган элга меҳрли бўлиши кераклиги ҳақида кўп гапирамиз. Аммо бу қандай содир этилади? Албатта, меҳр ва эътибор кўрсатиш орқали. Шу маънода, бугун мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, яратилаётган шарт-шароитлар, ўз навбатида, йигит-қизларимизни Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан маҳкам боғламоқда.

    Навбатдаги ахборот — келажакка ёруғ ишоралар ҳосиласи. Мақоламиз аввалида ўзгараётган дунё моҳияти ҳақида гап бошлаган эдик. Бу ҳақда жуда чуқур ўйлашимиз керак бўлади.

    Ўзимизни дунёга қандай танитамиз, деган савол бугун ҳар биримизнинг ўй-фикримизни чулғаб турадиган замон келди. Бундан мақсад эзгудир: таҳликага тўлиб бораётган бир даврда тинчлик тобора қадрли неъматга айланиб бормоқда. Шундай шароитда бугунги кунимиз, яқин ва узоқ келажагимиз ҳақида қайғуриш ҳам барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

    Келажакка ёруғ ишоралар ҳосиласи эса, энг аввало, дунё ёшларини бирлаштириш, улар ўртасида ҳамжиҳатлик ва ўзаро боғлиқликда тараққий этиш йўлини тарғиб қилиш билан пайдо бўладиган вазиятдир. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга доир давлат сиёсатига доим сергак нигоҳ билан қараши, нуфузли минбарларда ҳар сафар дунё ёшларини бирлаштириш ташаббуси билан чиқишини бугун халқаро ҳамжамият ҳам қизғин қўллаб-қувватламоқда.

    Мана шу асослардан ҳам кўринадики, ҳар қандай мамлакат тараққиёти ёшларнинг кенг фикрли бўлиб улғайиши, ватанпарварлик руҳи ва ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан камол топишига бевосита боғлиқдир.

    Қутлуғ заминимизда янги тафаккур тарихи қад ростлаётир

    Куни кеча фусункор Зомин заминида II Халқаро мақом санъати анжумани очилиш маросимида иштирок этдик.

    Бу анжуманнинг таровати, мақсадмоҳияти, маънавий қимматлиги ўзи бир мавзу. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур фестиваль бу йил ўзгача шукуҳли бўлиб ўтмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, Буюк ипак йўли дурдонаси — жаннатмакон мамлакатимизнинг гавҳари, сервиқор тоғлар, ям-яшил ўрмонлар, халқпарвар ва олижаноб инсонлар юрти бўлмиш бетакрор Зомин бугун катта санъат байрамига мезбонлик қилмоқда.

    Фестивалнинг очилиш маросимию унинг муддаолари ҳақида журналистларимиз кўп ва хўб гапирмоқда. Биз эса бу санъат байрамида эътиборимизни тортган яна бир жиҳат ҳақида айтмоқчимиз.

    Анжуманда АЙСЕСКО Бош директори Салим Муҳаммад ал-Малик нутқ сўзлади. У ўзбек халқининг даҳоси ҳақида гапирар экан, жумладан, Ўзбекистон байроғининг илҳомбахш ранглари фалсафаси ва унинг миллий давлатчилигимиз тарихига таянувчи рамзларига алоҳида тўхталиб ўтди. Шу тариқа байроғимизга ўз ҳавасини яширмади.

    Очиғи, мен шу пайтгача бирор хорижликдан Ўзбекистон байроғининг чиройи ва унинг фалсафий маъноси ҳақида эшитмаган эдим.

    Салим Муҳаммад ал-Малик ўз нутқида миллатимиз буюклиги ҳақида ҳам жуда адолатли ва илмий асосли фикрларни билдирди. Ўзбек халқи ўзлигини мустаҳкам сақлаб келаётгани, томиримизда ҳаётий қудратга эга аждодларимиз қони оқаётгани ҳақида айтди. Миллатимизнинг қудрати ҳақида гапириб, бизнинг аждодларимиз дунё тамаддунига хизмат қилган энг муҳим илмларни, кашфиётларни туҳфа этганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади.

    Шунингдек, бугунги Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида дунёга илҳом бахш этувчи ва намуна бўлувчи юрт сифатида ўзини кўрсатаётганини эътироф этди. Бу қутлуғ заминда янги тафаккур тарихи қад ростлаётганидан сўзлади меҳмон.

    Биз бу эътирофларни бежиз келтирмаяпмиз. Янги Ўзбекистон фалсафасида ишоралар, муждалар кўп. Улардан бири кечаги мақом фестивалида намоён бўлди, дейиш мумкин.

    Аввалги мақолаларимиздан бирида мақомни ҳам, бахши айтимларини ҳам қалби пок ва нияти эзгу инсонлар эшитиши ҳақида айтган эдик. Чунки халқимиз азал-азалдан самимийлик, табиийликни севиб яшаган. Жайдарилик, тўғрисўзлик бизга ота мерос. Бу туғма моҳият ҳосиласи сифатида халқ оғзаки ижоди — достонлар, куй-қўшиқлар, мақом санъати яралган. Шу-шу мақому достонлар бизнинг вужудимизга айланган, дегандик.

    Куни кеча Зоминда Халқаро мақом анжумани очилишида бу фикримизнинг исботини ўз кўзимиз билан кўрдик. Бу ерда 80 дан ортиқ мамлакатдан келган қарийб 400 нафар меҳмоннинг қалби миллий мақомимиз сеҳридан сел бўлди.

    Президентимиз ўз нутқида буюк Алишер Навоий бобомизнинг мана бу сўзларини келтирди: “Кўнгил қуввати — хуш навоздин, руҳ қути — хуш овоздин”. Дарҳақиқат, биз бу анжуманда наво ва сўз қудратидан кўнгил ҳамда руҳ қувватланиши ҳодисасига гувоҳ бўлдик.

    Мавриди билан айтадиган бўлсак, биз бугун дунёга ана шундай илҳом бахш этаётган азиз юртда яшаётганимиздан ҳақли равишда фахрланишимиз керак.

    Энди яна бир гапни айтмасак бўлмас. Бугун ёшлар даврасида жуда кўп замонавий терминларни ишлатишга мажбурмиз. Шулардан бири — ноу-хау (инглизчада — know how, яъни “қандайлигини биламан”).

    Буни эслаганимиз боиси шундаки, янги Ўзбекистон ёшлари ҳар томонлама етук авлод бўлиб шаклланмоқда. Бунинг исботини биргина Президент мактаблари битирувчилари дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинаётганида ҳам кўришимиз мумкин. Шу билан бирга яна айтмоқчи бўлганимиз, бизнинг фарзандларимиз нафақат илмий ноу-хауларни чуқур билиши, балки замон талабига кўра, маънавий юксалишда ҳам “қандайлигини биламан”, деган авлод бўлишини жуда-жуда истардик.

    Чунки бугун дунё матлаби ўзгармоқда. Унинг тафаккури биздан ҳақиқий ватанпарварликни, дунёга ёруғ юз, адолатли фикр ва ўз сўзимиз билан боқишни талаб қилмоқда.

    Салим ДОНИЁРОВ