Аксариятида ўқишга иштиёқ, рағбат кучли бўлса-да, хаёлининг бир бурчида контракт пулини тўлаш муаммоси туради. Хўш, бу масала бугун қандай ечим топаётир? Шартнома асосида таҳсил олиш учун ҳамма оилада моддий имконияти етарли бўлмаслиги табиий ҳол. Шу боис, бу борада қандай имтиёзлар мавжуд? Ёшларнинг сифатли ва мазмунли ўқиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида жорий этилган таълим кредити тўлов имкониятига эга бўлмаган оилаларга кўмак бўляптими?
Қамров ошди, талабалар сони ҳам
Ўтган 6 йилда мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари сони 77 тадан 213 тага етди. Шунингдек, қабул квотаси 3,5 баробар ортди. Олий таълимда рақобатни қўллаб-қувватлаш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали 30 та хорижий ҳамда 67 та нодавлат ОТМ очилди. Шу асосда ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 42 фоизга етказилди.
Мамлакатдаги ОТМларга 2023/2024 ўқув йили учун қабул кўрсаткичи жами 190 минг 287 ўринни (17 минг 128 ўрин магистратура учун) ташкил этиб, ўтган ўқув йилига нисбатан 5,1 фоиз (магистратура бўйича 1,2 фоиз) ошган. Жорий йилда 8 та янги ОТМ очилди. Бу йигит-қизлар учун тўлов-шартнома асосида таҳсил олиш имкониятини ҳам кенгайтирди. Аммо ҳамманинг ҳам тўлов-контракт асосида ўқишга имкония ти етмайди. Хўш, шартнома асосида ўқишга кирган талабалар учун қулай ечим бўлган таълим кредити қандай тартибда берилмоқда?
Бугун 12 та тижорат банки тақдим этаётган бу имкониятдан барча олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таҳсил олаётган, шунингдек, қўшма таълим дастурлари бўйича (қўшма таълим дастурининг Ўзбекистон ҳудудида таълим бериладиган йиллари учун) бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида ҳамда магистратурада тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган талабалар, ўқишини кўчирган юртдошларимиз фойдаланиши мумкин.
Шартлари қандай?
Илгари таълим кредити олиш учун тижорат банклари талаб қиладиган қоғозбозлик, узоқ кутиш, кредит фоизи юқорилиги, қисқа муддатда қайтариш каби шартлар бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди. Ёшларнинг таълим олишига янада кенг имконият яратиш, олий маълумот олаётган фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар билан жорий этилган тартиб ана шу муаммоларга муносиб ечим бўлди.
— Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Мисол учун, 1-курсга қабул қилинган талаба 4 йил бакалавриат бўйича таҳсил олади. Ўқишни битириб ишга жойлашиб, тўлов имкониятига эга бўлганидан сўнг 7 йил мобайнида кредитни қайтариши мумкин, — дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи ўринбосари Қурбонназар Ортиқов. — Яна бир қулайлик шуки, имтиёзли таълим кредити Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида ажратилмоқда. Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ҳам мутаносиб равишда пасаяди. Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади. Асосийси, жисмоний шахсларнинг таълим кредитини қоплашга йўналтирилган солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ имтиёзи қўлланади.
Бу, албатта, катта қулайлик. Сабаби, тўлов-шартнома асосида талабаликка тавсия этилган талабалар ўқиш давомида маблағ етишмовчилигидан қийналса, таълим кредитидан фойдаланиб, ўқишини давом эттириши мумкин. Таълим кредитини расмийлаштиргандан сўнг талаба ўқув йили давомида фақат кредитнинг фоиз қисмини тўлайди. Кредитнинг асосий суммасини ўқишни битиргач, 7 йил мобайнида тўлайди.
— 2021 йилдан бошланган бу жараённи ҳар йили тегишли ташкилотлар мониторинг қилиб бормоқда. Ўша йилда қарийб 25 минг 300 талаба таълим кредитидан фойдаланган. Ушбу мақсадда 263,7 миллиард сўм сарфланган, — дейди Қурбонназар Ортиқов. — 2022 йилда 174 минг 641 талабага 1 триллион 718,4 миллиард сўм ажратилган. Шундан 1 триллион 250,5 миллиард сўми талаба аёл-қизларнинг ўқишига йўналтирилган. 2023 йилнинг 30 сентябрь ҳолатига кўра, 144 минг 10 талабанинг ўқиши учун 1 триллион 626,6 миллиард сўм тақдим этилган. Шундан 1 триллион 296,7 миллиард сўми ОТМларда ўқиётган хотин-қизлар учун ажратилган.
Муддатидан олдин тўлаш мумкинми?
Қўшимча маблағи мавжуд бўлса, қарз олган шахс таълим кредитини муддатидан олдин сўндиришга ҳақли. Дейлик, талаба ўқишни битирди ва бирдан даромад манбаига эга бўлди. У 7 ой давомида кредитнинг фоизи билан бирга асосий қарзни ҳам сўндириб бориши мумкин. Шунда кредит бўйича умумий тўлов миқдори камроқ бўлади.
Кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашиши мумкин.
Кимларга таълим кредити олиш мумкин эмас? Таълим кредити табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган талабаларга тавсия этилмайди. Шунингдек, хорижда ўқиётган талабалар ушбу имкониятдан фойдалана олмайди.
Қизлар таълимига эътибор
Вазирлар Маҳкамасининг “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида таълим олиши учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб талаба қизларга фоизсиз таълим кредити ажратиш йўлга қўйилди. Бу қандай амалга оширилади?
Марказий банкнинг асосий ставкаси фоизи Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағи ҳисобидан қоплаб борилади. Амалда талаба қизлар фоизсиз таълим кредитига эга бўлади. Бу таълим кредитини қоплаш масаласи ҳам худди амалдаги таълим кредити сингари бўлиб, ўқишнинг тўлиқ курсини тугатгандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил мобайнида асосий қарз тўланади.
— Боғчада ишлашни орзу қиламан. Анча йиллар шу бўйича ўқиб, олий маълумот олишга моддий имкониятим етмади. Бу йил Намангандаги Турон халқаро университетининг бошланғич таълим факультетига ўқишга кирганимда ҳам шартнома пулини тўлай олмаслигим туфайли ўқимасликка қарор қилдим. Аммо яқинларим хотин-қизлар таълими учун фоизсиз кредит ажратилаётгани ҳақида айтганида, кўнглимда умид уйғонди. Халқ банкининг Балиқчи тумани филиалига бордим. Банк ходимлари имтиёзлар ҳақида маълумот берди, ниҳоятда хурсанд бўлдим. Банк ўқишим учун 12 миллион сўм ажратди. Ниҳоят, талабалик бахтига ва ўзим севган соҳада таълим олиш имкониятига эга бўлдим, — дейди Андижон вилояти Балиқчи туманида яшовчи Гўёхон Ҳожиматова.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Муҳими, хотин-қизларнинг илмли бўлишига қаратилаётган эътибор кун келиб самарасини беради. Чунки бугунги талаба қиз эртага соҳасининг етук мутахассиси бўлиш билан бирга иқтидорли, салоҳиятли фарзандларни тарбиялайдиган она ҳамдир. Билимли
аёл етук мутахассис, заковатли она, жамиятда ўз ўрнига эга инсон сифатида юрт тараққиётига ҳисса қўшади.
— 2022 йилда қарийб 133,6 минг хотин-қизнинг ўқиши учун 1 триллион 250,5 миллиард сўм ажратилган бўлса, жорий йил 30 сентябрга қадар қарийб 116,4 минг аёл-қизга 1 триллион 296,7 миллиард сўм миқдорида фоизсиз таълим кредити ажратилган, — дейди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти бошлиғи Адҳам Эшчонов. — Бу ҳам опа-сингилларимиз ва қизларимизнинг келажагига давлат миқёсида берилаётган юксак эътибордан далолат.
Қайси тоифадаги талабаларга имтиёз бор?
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак кўрсатиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида қилинаётган хайрли ишлар туфайли кўплаб эҳтиёжманд оилалар муаммоси барҳам топиб, ҳаётига файз ва барака кираётир. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларга мансуб хотин-қизларга ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмаслиги ҳам ана шу ғамхўрликнинг амалдаги намунаси. Шундай имкониятдан фойдаланган Фарангиз Ўтаева Ўзбекистон Миллий университетида 1-курсда таҳсил олади.
— Оддий оила фарзандиман. Онам ёлғиз ўзи бизни вояга етказиш учун тунни тонгга улаб ишлади. Ўқишга кирганим оила аъзоларимни қанчалик қувонтирган бўлмасин, шартнома пулини тўлаш масаласи онамнинг зиммасига катта масъулият бўлиб юкланди. Оиламизнинг бунга имконияти етмасди. Журналист бўлиш ниятим орзулигича қолиб кетиши муқаррар бўлиб турган пайтда таълим кредити жонимизга ора кирди, — дейди Фарангиз. — Шартлари ҳам қулай, оиламиз “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киргани боис, таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмаслиги мен учун катта имконият бўлди. Ўқишни битириб, бирор жойда иш бошласам, кредитни бемалол тўлашим мумкин. Ариза билан Халқ банкига мурожаат қилдик. Ишимиз жуда осон кўчди. Банк бир ҳафта ичида ўқиш пулининг 75 фоизини университет ҳисоб рақамига ўтказди. Қолган 25 фоизини ўзимиз тўладик.
Тўртга бўлиб тўлаш тартиби
— Илгари тўлов-контракт суммасини бир йилда икки марта — ўқув йили бошида, яъни 15 сентябргача 50 фоизини ва 1 мартдан қолган қисмини тўлаш мумкин эди, — дейди Қурбонназар Ортиқов. — Бу тартиб кўп ҳолларда маблағ вақтида келиб тушмаслиги каби муаммоларга олиб келди. Айни пайтда контракт суммасини тўртга бўлиб тўлаш тартиби йўлга қўйилган. Шартномаларда тўлов муддати белгиланган. Тўртга бўлиб тўланади, дегани фақат белгиланган муддатда эмас, хоҳласа, ойма-ой тўлаш мумкин. Бу ҳам ота-оналарга яна бир қулайлик. Олий таълим муассасаларида тушумлар ҳолатини таҳлил қилганимизда, аксар ота-оналар контракт пулини иш ҳақи ҳисобидан ўтказиши маълум бўлган ва бу тўловларни ойма-ой тўлаб бориш имкониятини кенгайтиради.
Ёшлар ташкилотининг кўмаги
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги қарори билан тасдиқланган низомда 8 тоифадаги ёшларга профессионал ва олий таълим муассасасидаги ўқувчи-талабаларнинг тўлов-шартнома маблағининг 50 фоизигача, аммо БҲМнинг 50 баробаридан ошмаган қисми “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағи ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган. Булар оила боқувчиларининг камида биттаси биринчи гуруҳ ёки ҳар иккаласи иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган кам таъминланган ёки “Темир дафтар”га киритилган оиланинг профессионал ёки ОТМда таълим олаётган фарзанди, “Аёллар дафтари”, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” рўйхатидаги йигит-қизлар, Меҳрибонлик уйи ёки Болалар шаҳарчаси тарбияланувчиси, ота-она қарамоғидан маҳрум, васийликка олинган кам таъминланган, ногиронлиги ёки саломатлигида нуқсони бўлган, оиласи кам таъминланган ўқувчи-талабалардир. Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппарати бошқарма бошлиғи Умидулла Сатторовнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 30 октябрь ҳолатига кўра, 45 минг 38 ёшнинг ўқиши учун 140,6 миллиард сўм тўлаб берилди.
— “Ёшлар дафтари”га киритилганман, — дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси Юлдуз Ниёзқулова. — Отам боғбонлик ва чорвачилик билан шуғулланади, онам уй бекаси. Оилада уч фарзандмиз. Синглим ҳам талаба. Кам таъминланган оила фарзанди бўлганим учун бир йиллик тўлов-шартнома пулининг 50 фоизи Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тўлаб берилгани биз учун катта ёрдам бўлди. Йўқса, ота-онам жуда қийналиб қоларди...
Юрт иқтисодиёти барқарорлиги, барча соҳаларда ривожланган давлатлар билан рақобатлаша олиши ҳам меҳнат бозоридаги кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Бундай иқтидор эгалари юртимизнинг ҳар бир гўшасида топилади. Уларнинг иқтидорини юзага чиқариш, кўмак ва рағбат бериш, илм олиш ҳуқуқини таъминлаш давлатимиз эътибори марказида. Ана шу олий мақсад йўлида жорий этилган таълим кредити бугун илм олиш истагидаги ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун ҳақиқий кўмак бўлмоқда.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири