Ахлоқ ишлаши керак Ёшларнинг хавфсиз меҳнат қилиш ҳуқуқи қай даражада ҳимояланган?

    Баъзан кичик нарсалар катта йўлларни тўсиб қўяди. Гоҳида арзимас туюлган ҳодиса инсон тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин. Жамиятдаги эътиборсиз айрим ҳолатлар эса йиллар ўтиши билан қайғули кўриниш олиши ҳам бор гап. Хуллас, ҳеч бир қисмат сабабсиз ва асоссиз бўлмайди.

    Бу ўринда гап инсон тақдири, тараққиётга ғов бўлаётган қусурлар ҳақида экан, анчадан буён бизни зимдан безовта қилиб келаётган битта муаммо – иш берувчилар ва ёлланма ишчилар ўртасидаги муносабат борасидаги мулоҳазаларимизни айтишга қарор қилдик. Бунга тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Мавруловнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида (2024 йил 15 октябрь, 208-сон) чоп этилган “Ахлоқсизлик “янги ахлоқ”ми?” сарлавҳали мақоласи туртки бўлди.

    Муаллиф ёзади: “Ҳақиқат шундай: миллий қадрияти бой, азалдан тарбия масаласига, ёшлар келажагига алоҳида аҳамият берган халқларда ахлоқ давлат қабул қилган қонунлардан ҳам устувор аҳамиятга эга бўлади. Шу маънода, агар биз қонун устуворлигини ахлоқий меъёрлар устуворлиги билан уйғунлаштира олсак, жамиятни том маънода маънавий-мафкуравий барқарорлаштиришга эришамиз”.

    Тараққиётга дахлдор бу фикрларнинг биз кўтарган масала билан туташ нуқтаси эса ҳали олдинда.


    Табиий ҳуқуқлар моҳияти


    Ҳар бир инсон туғилиши билан қатор табиий ҳуқуқларга эга бўлади. Улардан бири – яшаш ҳуқуқи. Бу жараён инсоннинг ўзи танлаган йўл билан амалга ошади. Қандай яшаш эса бошқа масала. Шу боис, инсон доим ҳаракатда бўлади, яшаш учун курашади, жисмоний ва маънавий зеҳнини ишга солиб меҳнат қилади. Демак, меҳнат инсон ҳаётининг асосий мазмунини ташкил этади.

    Жамоа бўлиб меҳнат қилишнинг ўзига хос ахлоқий меъёрлари бор. Аммо жамиятда бу меъёрларга кўп ҳолларда риоя қилинмайди. Гап шу ҳақда.

    Ҳар бир инсон хавфсиз шароитда меҳнат қилишни истайди. Хавфсиз меҳнат ҳуқуқи, деганда фақат жисмоний хатарлар эмас, шахснинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмайдиган шароитда ишлаши ҳам тушунилади. Бироқ кундалик ҳаётимизда ён-атрофга синчиклаб назар ташласак, бу ҳуқуқ бузилаётган ҳолатларга тез-тез гувоҳ бўламиз. Айниқса, ёлланма ёки ишбай асосида ишловчи ёшлар билан боғлиқ бундай ҳолатлар кўп учрайди.

    Масалан, кўчадаги оддий ошхона ёки дўконларни олайлик. Уларнинг аксариятида иш бошқарувчиларнинг ишчиларига қўпол муносабатига ҳар биримиз дуч келганмиз.

    Бир сафар кўп бораверганимиздан ҳамма ишчиси таниш бўлиб қолган тамаддихонада бошлиғидан доим сўкиш эшитиб юрадиган бир йигитни саволга тутдим: “Нимага улар шахсиятингизни ҳақорат қилса ҳам жим тураверасиз? Сизга нима зарил булар билан бирга ишлаб, қўл-оёғингиз бутун, бошқа жойдан иш излаб кўрсангиз бўлмайдими?” У талаба эканини, бу ишда вақтинча ишлаётгани, иш масаласига келсак, бу ер тўртинчи жой эканини айтди.

    — Фойдаси йўқ, ака, бошқа жойларда ҳам ҳолат шундай. Тўғрироғи, бундан ҳам баттар жойлар бор, — дейди йигит. — Айрим иш бошқарувчилар ойлик оляпсан-ку, деб сизга айбдорга қарагандек қарайди. Қарши чиқсангиз, ишдан бўшатиш билан дағдаға қилади. Начора бошқа ерда ҳам ҳолат шундайлигини билиб ишлайверамиз.

    Икки-уч йил илгари пойтахтдаги номдор озиқ-овқат дўконларидан бирида сотувчи бўлиб ишловчи йигит билан бирга ижарада яшаганман. У ишга тонг саҳар кетиб, ярим тунда қайтарди. Ўзаро келишувга кўра, ҳафтада бир кун дам оларди. Бироқ унга ана шу бир кун дам олиш ҳар доим ҳам насиб қилавермасди. Дўкон менежери қўнғироқ қилиб, харидор кўпайиб кетаётгани, улгурмаётганини айтар ва чақириб оларди. Ундан дам олиш кунингда ишлаганинг учун маошингга қўшиб беришадими, деб сўраганимда, “Қаёқда, ишлаб тур, лавозимингни ошираман, сабр қил, деб ваъда беради, холос”, дея жавоб берганди. У билан салкам бир ярим йил ижарада бирга яшаган бўлсак, на лавозими ошди, на маоши. Аксинча, арзимаган хатоси учун маошининг ярмини кесиб қолинганини айтиб, сиқилиб юрганига кўп гувоҳ бўлганман.

    Савол туғилади: ана шундай хусусий компанияларнинг меҳнат шартномаси ҳам мамлакат қонунчилигига асосан тузиладими? Уларда меҳнат ҳуқуқлари бузилмаслигини кимдир назорат қиладими ёки барчасини ўзлари билганича ёзиб оладими? Аслида адолат мезонидан келиб чиқиб, меҳнат ҳуқуқи барча учун – хоҳ давлат ташкилоти, хоҳ хусусий сектор бўлсин — бир хил бўлиши керак эмасми? Меҳнатга яраша ҳақ тўлаш барчасида умумий ягона қоида эмасми?


    Нега урасиз? Бунга ҳаққингиз йўқ


    Атрофга жиддийроқ назар солсак, меҳнат ҳуқуқлари бузилишига ҳар қадамда кўзимиз тушаверади. Бунинг, айниқса, ёшлар ҳиссасига кўпроқ тўғри келиши дилни хуфтон қилади. Дорихона дейсизми, автомобиль ювиш шохобчасими – аксариятида ёшлар ҳуқуқи бузилиши ҳолатлари учрайди.

    Талабалигимизда дарсдан кейин автоювиш шохобчасида ишловчи бир курсдошим дарсга юзи кўкарган ҳолатда келди. Айтишича, мижоз йўқлиги пайтида телефонда уйдагилари билан гаплашиб ўтиргани учун муассаса раҳбари томонидан калтакланган. Аммо раҳбар уни ёлланма ишчи сифатида ишлатган ва ўртада ҳеч қандай қонуний келишув бўлмаган. Калтаклагандан кейин эса бу ҳақда бирор жойга арз қилса, 15 кунлик хизмат ҳақини бермаслик билан қўрқитган. 15 кунлик меҳнатига ачинган курсдошимизнинг рози бўлишдан ўзга чораси қолмаган.

    Бироқ адолатли хулоса қилиш учун иккала томонни ҳам эшитиш лозим. Ходимларга муносабат борасида иш берувчилар қандай фикрда? Шу мақсадда пойтахтда жойлашган тамаддихоналардан бирининг раҳбари билан суҳбатлашдим. Саволим қуйидагича бўлди: “Ходимларни ишлатишда раҳбар шундай жаҳлдор ва қўпол бўлиши шартми?”.

    — Кимнингдир шаънига путур етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ерда ҳамма муаммо бошқарув услубида, — дейди у. — Муассасада аниқ тизимни йўлга қўймас экансиз, тайинлаган иш бошқарувчиларингиз қўполликка, камситишга ўтади. Чунки аниқ тизим йўқ жойда ходимлар ҳам камроқ ишлашга, ўзини чарчатмасликка интилади. Бу эса хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир қилиши мумкин. Шундай тизимни йўлга қўйишингиз керакки, ходимлар бир-бирини сўзсиз тушунсин. Чаққонлик кўрсатганлар бошқалардан кўра кўп ҳақ олсин. Ана шунда тажрибали ходимларга эга бўласиз.

    Яна бир тамаддихонага кириб, раҳбарига юқоридаги савол билан юзланганимизда “Хизматчиларни уришиб турмасангиз, кўзингизни шамғалат қилиб, иш сифатини тушириб юборишдан нарига ўтмайди”, дедию шошиб турганини билдириб биз билан хайрлашди. Шундан сўнг бу ерда ишлаётган ходимлар билан суҳбатлашиб кўрдик. Тахмин қилганимиздек, бу тамаддихонада ҳам раҳбар ва иш бошқарувчилар томонидан қўполлик ҳамда ҳурматсизлик тез-тез содир этилар экан. Бир нечта ходимнинг “Бошлиғимиздан гап эшитамиз”, дея интервью беришдан бош тортгани тахминимизни яна бир марта тасдиқлади.

    Хўш, хавфсиз меҳнат ҳуқуқи камситилаётган бу каби муассасаларга қарши қандай чора кўриш керак? Ягона чора ёлланма меҳнатга оид қонунчилик қайта кўриб чиқилиши ҳамда назорат етарлича таъминланиши заруратидир. Ходимларга қўполлик ишлатиладиган ташкилотлар муносиб жавоб сифатида бойкот эълон қилиниши лозим.


    Бойкот қилиш – самарали ечим


    Тарихан яхши тадбиркор билан ёмонини саралашда бойкот энг самарали ечим бўлиб келган. Бу атама XIX асрда яшаган инглиз мулкдорларидан бирининг исмидан олинган бўлиб, мазмунан муайян корхона маҳсулотларини сотиб олишдан бош тортишни англатади. Демак, эркин бозор муносабатларига асосланган демократик жамиятлар томонидан эътирозга сабаб бўлган бизнеслар учун бериладиган энг яхши зарба бойкотдир.

    Лекин бир жиҳатни ҳам инобатга олиш зарур: бойкот ҳар бир шахснинг эркин ҳуқуқи, унга мажбурлаш, рад этилган маҳсулотни сотиб олган шахсни камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бойкот қилиш муддатини ҳам ҳар бир киши мустақил ўзи белгилайди. Аммо жамиятимизга бу тушунча кириб келганига кўп бўлмагани боис, айрим радикал ҳолатлар ҳам учраётир. Яъни кўпчилик томонидан бойкот қилинган маҳсулотларни истеъмол қилаётганларга ёмон назар билан қараш, баъзи ҳолларда уларга қўпол муносабатни кўриб дил хира тортади.

    Бир танишим “Бизда ҳали бойкот анъанаси тўлиқ шаклланиб улгурмади, аксарият кишилар айрим маҳсулотларни бойкот қилишга қарор қилади, аммо ўша бренд катта чегирмалар эълон қилса, бойкотни ҳам унутиб, югуриб боради. Қисқаси, аксариятимизнинг бойкотимиз бирор чегирмагача”, дея фикр билдирди. Бироқ соғлом бозор муносабатларига асосланган мазкур анъана аста-секинлик билан бўлса-да, жамиятимизда ривожланиб бораётир.

    Европа мамлакатларида бойкот туфайли баъзи йирик компаниялар инқироз даражасига етиб келган. Ўн минглаб ишчи кучига ҳамда узоқ йиллик тажрибага эга компанияларни “омон қолдирмаган” бу услуб нисбатан кичик тадбиркорларни ўнглаб бўлмас оқибатларга дучор қилиши ҳам ҳақиқат.

    Бунда тадбиркорлар, энг аввало, имижини йўқотиб, бозордаги мавқейидан айрила бошлайди. Молиявий йўқотишлар эса ишчилар сонини қисқартиришга мажбур қилади. Бу хизмат кўрсатиш сифати кескин тушиб кетишига, бора-бора муассаса бойкот қилмаган харидорлар учун ҳам хизмат кўрсата олмай қолишига олиб келади. Энди ҳаммаси равшан: инсофсиз тадбиркорнинг бизнесни тугатишдан бошқа чораси қолмайди. Компанияси бойкотга учраган тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиб, бутунлай ўзга ном билан қайта иш бошлашга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам жаҳон амалиётида тадбиркорлиги қайта бойкотга учраган шахсларнинг ўзини бойкот қилиш анъанаси ҳам мавжуд. Бу дегани бир мартадан кўп бойкотга учраган тадбиркор юз хил ном билан фаолият бошласа-да, маҳсулотларидан воз кечилади.

    Бойкот тадбиркорлар учун ўзига хос тарбиячи. Зора шундан кейин улар хатосини тузатса, зўравонлиги камайса. Шундан кейин ёш йигит-қизлар иш жойида ҳақорат эшитмасдан, аҳил-иноқ муҳитда бехавотир меҳнат қилса. Буларнинг барчаси сизу бизнинг бойкот масаласига муносабатимизга боғлиқ.


    Қонунчилик нима дейди?


    Дейлик, ходим иш жойида зўравонликка ёки ноҳақликка учради. Бу вазиятда қонунчилик уни қандай ҳимоя қилади?

    — Меҳнат кодексига кўра, ходим иш жараёнида ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган ҳолатлар юзага келгани тўғрисида иш берувчини дарҳол хабардор қилиб, бундай ҳолатлар бартараф этилгунига қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақли. Ана шу даврда ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади, — дейди юрист Шаҳбоз Давронов.

    Бу, албатта, қонуний меҳнат шартномаси асосида ишловчи ходимлар учун мўлжалланган. Бироқ ёлланма ёки ишбай асосида меҳнат қилувчи ходимларнинг ҳуқуқлари-чи? Мамлакатимиз қонунчилигида уларнинг ҳам ҳуқуқий хавфсизлиги кафолатлаб қўйилганми? Ахир биздаги кўпчилик хусусий тадбиркорлик субъектлари солиқ тўлашдан қочиб, доимий иш турлари учун ҳам ёлланма ишчилардан фойдаланади.

    — Меҳнат кодексига кўра, давлат рўйхатидан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар банк ҳисобварағини очганидан кейин якка тартибдаги тадбиркор томонидан амалга ошириладиган фаолият турига қараб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга ҳақли, — дейди Шаҳбоз Давронов. — Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ишга қабул қилинаётган шахс билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар юзага келишига ёзма шаклда тузиладиган меҳнат шартномаси асос бўлиши белгиланган. Демак, ёлланма меҳнат асосида ишлаётган ходим меҳнат ҳуқуқи топталса, ҳимояланиши учун ёзма шартнома бўлиши лозим. Шундагина унинг ҳуқуқлари, Меҳнат кодексида белгиланганидек, ходим ва якка тартибдаги тадбиркор ўртасидаги ўзаро келишув асосида тартибга солинмаган якка тартибдаги меҳнат низолари суд тартибида ҳал этилади.

    Бундан англашиладики, меҳнат ҳуқуқингиз тўлиқ таъминланишини истасангиз, меҳнат қонунчилиги билан етарлича таниш бўлишингиз лозим. Ҳуқуқини яхши билган инсон талаб қилишни билади. Ҳаёти ва соғлиғини зўравонлик ҳамда тазйиқлардан ҳимоялайди. Зеро, ҳар бир инсон хавфсиз меҳнат қилиш ҳуқуқига эга.

    Демак, ҳуқуқий жиҳатлар аниқ. Аммо психологияга етказилган зарар-чи? Бу каби ҳолатлар энди катта ҳаётга қадам қўяётган ёшларнинг руҳиятига қанчалик таъсир қилади? Улар келажакда ўз фикрини аниқ ифодалай олмайдиган, мустақил ҳаракат қилишга ботинолмайдиган шахсга айланиб қолмайдими? Шу саволлар билан таниқли психолог Шоира Исаковага мурожаат қилдик.

    — Болаларимизда аввалбошданоқ ўзини ўзи ҳимоя қилиш рецепторларини шакллантирамиз керак, — дейди руҳиятшунос. — Афсуски, тарбияда бунга доим ҳам эътибор беравермаймиз. Натижада улар зўравонлик ҳолатига учраса, ўзини ўзи ҳимоя қилишга қийналади, руҳий зўриқишга дуч келади, тортинчоқ бўлиб қолади. Хўш, иш жойида кўнгилсиз воқеага дуч келган ёшлар нима қилиши зарур? Аввало, улар ўзини янги жойларда, янги муҳитда синаб кўришлари лозим. Акс ҳолда ўзига нисбатан ишончсизлик ҳамда “ҳеч кимга керак эмасман” деган тушунча шаклланиб қолиши мумкин. Шунингдек, биринчи навбатда, фарзандларимизни тарбиялаш жараёнида уларда бардошлилик, стрессли вазиятлардан чиқа олиш каби хусусиятларни шакллантиришга ҳам жиддий эътибор қаратишимиз лозим.

    Шу ўринда эслатиб ўтамиз: иш жойингизда зўравонлик ҳолатларига дуч келсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1282 қисқа рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

    Бу масаланинг бир томони. Аммо бошқа томондан иш берувчилар ва ёлланма ишчилар ўртасидаги қўрқув муҳитининг урчиб бориши жамиятда жиддий муаммоларни юзага келтиради, тараққиётимизга тушов бўлади.

    Маврулов домланинг мақоласидан иқтибос келтириб, ахлоқий меъёрлар устуворлиги, жамоа бўлиб меҳнат қилишнинг маънавий жиҳатлари ҳақида сўз бошлаган эдик. Муаллиф бир ўринда бундай фикрни илгари суради: “Агар ахлоқ ишламаса, жамиятдаги барча институт – ташкилотлар, жамоалар, оилалару бошқа ҳамма нарса зулматга юз тутади”, дейди.

    Бундан англашиладики, жамиятда иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги муносабат бевосита миллий тараққиёт учун хизмат қилади ёки аксинча.

    Ўзингиз ўйлаб кўринг, бугун ёш йигит-қизларни жамоада ҳақоратлайверсак, шаънини ерга урсак, эртага уларда жамиятга нафрат уйғонмайдими, қонунчиликка, ҳуқуқий, халқпарвар давлатчилигимизга ишончи сўнмайдими?! Бу эса, ўз навбатида, умумий таназзул манзарасини ҳосил қилади.

    Шу маънода, ёшларимиз, умуман, хусусий секторда ишлаётган катта ишчилар жамоасини маънавий жиҳатдан инқирозга етаклаётган айрим иш берувчиларнинг ҳамюртларимизга қўпол муомаласини ҳеч бир баҳона билан оқлаб бўлмайди.


    Жонибек АЛИЖОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 225-сонида (2024 йил 6 ноябрь) чоп этилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates