Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро И.Н. “М.А.” исмли қизнинг шахсий фото ва видео тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбормаслик эвазига 400 АҚШ долларини талаб қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича юборилган.