Қарши туманида яшовчи 21 ёшли (аёл) А.Қ. ариза билан мурожаат қилиб, «Telegram» мессенжерида «Фаррух-96» номли профиль эгаси, А.Қ.нинг турли фото-суратлари ва беҳаё тасвирлари бўлган видеоларини интернет ижтимоий тармоғи орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, пул талаб қилаётганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Қашқадарё вилояти, Ғузор туманида яшовчи 22 ёшли (аёл) Г.Б. содир этганлиги аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Г.Б., А.Қ. билан «Telegram» мессенжерида «Фаррух-96» профили орқали ўзини Фаррух деб таништириб, A.Қ.ни яхши кўриб қолганлигини, келгусида унга уйланиш мақсади борлигини айтиб, унинг ишончига кириб олган.
Сўнг унинг турли фотосуратлари ва беҳаё видеотасвирларини қўлга киритиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш билан қўрқитган ва тарқатмаслик эвазига Г.Б. ўзининг банк карталарига жами 14.300.000 сўм миқдоридаги пулларни товламачилик йўли билан ўтказдириб, ўзининг эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Г.Б.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.