Ташриф жараёнида Танзила Нарбаевага Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиев ҳамроҳлик қилди.
Марказда велоспорт билан шуғулланувчи ёш ўқувчилар билан учрашув ташкил этилди.
Танзила Камаловна ёш спортчилар билан кўришиб, улар учун яратилган шароитлар, ўқиш жараёнлари ҳақида самимий суҳбатлашди. Уларнинг машғулотлардаги хавфсизлигини таъминлаш, қолаверса, федерация вилоят бўлимининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида бир дона “Дамас” автомобили, шунингдек, 10 дона трек велосипедларини сотиб олиш учун 200 миллион сўм тақдим қилди. Шубҳасиз, бу жиззахлик ёш велоспортчиларнинг иштиёқини янада кучайтирди.
Федерация раиси сафар давомида велоспорт бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси, жиззахлик Нозима Эгамбердиева билан алоҳида учрашди. Унга сўнгги мусобақаларда яхши натижалар қайд этгани учун 50 миллион сўм миқдорида пул мукофотини топширди, деб хабар беради Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.