Туман ҳокими ўринбосари Акром Турсунов билан суҳбатимизда шунга амин бўлдик:
– Авваллари Мирзачўл туманида саноат бўлмаган, халқнинг яшаш шароити оғир эди. “Обод қишлоқ” дастуридан кейин саноат ривожланди. 2018 йилда туманимизда 3 тагина кичик саноат корхонаси бўлган бўлса, бугун уларнинг сони 150 дан ошди.
Кейинги йилларда хорижлик инвесторларни жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан йирик сармоядорларни жалб қилишга киришганмиз. Туркия, хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликдаги лойиҳалар амалга ошди. Австрия, Ирландия, Эстония тадбиркорлари билан чорвачилик йўналишида ишлар бошланган, наслли сигирлар, қўй-эчкиларни олиб келяпмиз.
2020-2022 йилларда 38 та лойиҳани ишга тушириш бўйича белгиланган дастуримиз бор. Ҳозиргача 281 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилиб, шу лойиҳаларнинг 28 таси ишга туширилди.
Бу билан тўхтаб қолганимиз йўқ. Яна 38 та қўшимча лойиҳа ишлаб чиқдик. Қурилиш, тўқимачилик, металлга қайта ишлов бериш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, агрологистикани ривожлантириш каби лойиҳаларимиз бор. Туризмни ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз. Айдаркўл бўйида 80 миллиард сўмлик лойиҳа амалга ошириляпти.
Ишонасизми, бундан икки-уч йил олдин туманимизда биронта меҳмонхона йўқ эди. Бугунги кунда 2 та меҳмонхона қурилди, аҳолига маиший, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари пайдо бўлди.
Бугунги кунда биз уларни ривожлантириш, замон талабларига мослаштириш ҳаракатидамиз. Тадбиркорларимизни мамлакатимизда бўлаётган йирик кўргазмаларга юборишни йўлга қўйдик.
Асосий мақсадимиз маҳсулотларимизни экспортга чиқариш, хориждан катта инвестиция киритиб, туманимизни обод қилиш, аҳоли турмуши фаровонлигини таъминлаш.
Яна бир катта мақсадимиз бор: саноатни ривожлантириб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”ни ёпмоқчимиз. Шунча ислоҳотлардан кейин бизда ҳеч ким камбағал бўлиши, ишсиз қолиши мумкин эмас.