Жумладан, Жаҳон ресурслари институти (World Resources Institute) прогнозларига кўра, 2040 йилга бориб, Ўзбекистон сувнинг энг сезиларли тақчиллиги кузатиладиган 33 мамлакат қаторидан жой олади.
Статистикалар узундан узун, таҳлилларнинг адоғи йўқ. Бироқ бундай жараёнда ягона ечим — бор сувни тўғри бошқариш ҳамда унинг истеъмол муддатини имкон қадар ошириш.
Келажакда эҳтимоли юқори сув танқислиги муаммосини ҳал қилиш учун Ўзбекистон сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ирригация тизимини модернизациялаш орқали сув ресурсларини тежаш ва экологик вазиятни яхшилаш йўлидан бормоқда. Ушбу чоралар Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида баён қилинган. Сув тежамкорлигига эришиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар қаторида “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. II босқич” лойиҳаси ҳам бор.
Мазкур лойиҳанинг Б компоненти “Қишлоқ хўжалигини интенсификациялаш ва диверсификация қилишни қўллаб-қувватлаш ҳамда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш” деб номланади. Лойиҳа Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган, унинг доирасида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси мутахассисларининг билим ва малакасини ошириш, шу билан бирга, қатор хўжаликларда сув ресурсларини бошқариш, суғоришга сув тежовчи илғор технологияларни жорий этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. — Иқлим ўзгаришининг сув ресурслари ва қишлоқ хўжалигига таъсири Ўзбекистон учун жуда муҳим, чунки географик жойлашуви туфайли юртимиз бутунлай сунъий суғоришга боғлиқ, — дейди Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шуҳратжон Эргашев. — Мамлакатимизда сув тақчиллиги кўлами ортиб бораётгани тараққиётимизга тўсқинлик қилувчи асосий омиллардан бирига айланиши мумкин. Суғориладиган деҳқончилик минтақа дарёлари ҳавзаларидан олинадиган сувнинг 90 фоиздан ортиғини ташкил этади, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини таъминлаш зарурати туфайли сувга эҳтиёжимиз ортади. Бу қишлоқ хўжалигида сув ресурслари бошқарилишини такомиллаштиришни асосий мақсадга айлантиради.
“Фарғона водийсида сув ресурслари[1]ни бошқариш. II босқич” лойиҳасини ривожлантиришдан кўзланган мақсад қишлоқ хўжалигидан фойдаланувчиларга суғориш ва дренаж хизматлари кўрсатиш сифатини оширишдан иборат. Лойиҳа тўғридан-тўғри таълим фаолияти, маълумот тарқатиш, технологиялар намойиши, тажриба алмашиш ва бошқа ахборот, молиявий ва техник ёрдам манбаларини қамраб олади.
Б компоненти иккита кичик қисмдан иборат бўлиб, биринчиси, қишлоқ хўжалигини интенсификациялаш ва диверсификация қилиш, иккинчиси эса сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳисобланади.
Фарғона водийси фермер ва деҳқонлари учун ўқув машғулотлари сув хўжалиги тизимидаги инновацион ечимлар ва кўргазмали майдонларнинг афзалликлари бўйича институционал билимни ошириш мақсадида Европа Иттифоқи гранти ва Ўзбекистон Республикасининг сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020- 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси доирасида ташкил этилган. Ш.Эргашевнинг қайд этишича, лойиҳа доирасида ер остидан сув тортадиган 4 та насос реконструкция қилинди, Оқбўйра канали ён-атрофи бетонлаштирилди. Бундан ташқари, сув ўлчаш жиҳозлари, пайвандлаш аппаратлари, шу билан бирга, ходимларнинг иш унумдорлигини ошириш учун енгил автомашина, 16 та мотороллер, 80 та велосипед берилди.
Бугун фермер ва деҳқонлар ўртасида сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни оммалаштириш, бунинг учун уларда тежамкорлик муносабатини шакллантириш асосий масалалардан бири. Қачонки, улар замонавий суғориш тизимининг анъанавий суғориш тизимидан устунлигини англаб етса, натижа шунга яраша янада юқори бўлади. Бунга эришишнинг ягона ечими эса фермер ва деҳқонларни мазкур йўналишларда ўқитишдир. Шу мақсадда лойиҳа доирасида семинар-тренинглар ташкил этилган.
Ўқув дастурларида шу йил октябрига қадар қарийб 1 минг 800 тингловчи қатнашиб, билимини оширган. Қишлоқ хўжалигига йўналтирилган семинарларда эса фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги мутахассисларидан 3 мингга яқини иштирок этган. Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги “Тоҳиржонов Умиджон” фермер хўжалиги раҳбари Умиджон Тоҳиржонов ҳам ана шундай ўқув дастурларида қатнашиб, картошка экилган 5 гектардан ошиқ далага лойиҳа гранти асосида сув тежовчи технологиялар ўрнатган. Фермернинг таъкидлашича, бу технология қўлланилган майдонда бошқа далалардагига нисбатан ҳосилдорлик гектарига 10-15 тонна юқори бўлди. Шунинг учун ҳам фермер келгуси йилларда барча экин майдонига ушбу технологияларни ўрнатмоқчи.
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида жойлашган “Кўпайсинобод” фермер хўжалиги раҳбари Шокиржон Қораев ҳам бундан 6 йил илгари боғининг 5 гектарига лойиҳа гранти асосида томчилатиб суғориш тизимини ўрнатган эди. — Сув бизнинг ҳудудда ҳам борган сари тақчиллашиб бормоқда. Бошида бутун боғни тўлиқ суғориш учун ҳафталаб овора бўлганимизни жуда яхши эслайман, — дейди Ш.Қораев. — Сувни қўриқлаб олис-олислардан олиб келиш ўзи бир машаққат бўлса, кечаси ухламай боғ суғориш яна бир машаққат эди. Сув тежовчи технологиялар эса ниҳоятда қулай. Сув деб югурмайсиз, қўшасиз, ўчирасиз. Ҳаммаси автоматлаштирилган. Қайси қатор қанча сув ичиши керак — бари жадвал асосида. Боғбон учун бундан завқлиси борми?!
Фарғона водийсида мазкур лойиҳа доирасида экин майдонига бундай замонавий технологиялар ўрнатган деҳқон ва фермерлар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг деярли барчаси кам сув сарфлаб, кўп ҳосил олмоқда. Аслида, бугунги куннинг асосий талаби айнан шу эмасми?
Демак, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган бу каби лойиҳаларни янада жадаллаштириш нафақат сувни тежашга, балки ҳосилдорликни оширишга ҳам хизмат қилади. Зеро, сувни тежаш бугунги кунда тавсия эмас, талаб бўлиши керак.
Жонибек АЛИЖОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири