Бугун кундалик ҳаётимиз, турмушимиз фаровонлиги, иқтисодий тараққиётга эришишда уч асосий муаммоли ҳолат – энергетика барқарорлигига эришиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда глобал иқлим ўзгариши туфайли юзага келган сув тақчиллиги янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Буни шу йил 7-8 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бағишланган халқаро конференция ўтказилгани, 14-15 сентябрь кунлари эса Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида ушбу масалалар асосий муҳокама мавзуси бўлгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Аслида, буларнинг қай даражада муҳимлигини билиш учун ҳатто уларга доир статистика ҳам шарт эмас. Шунчаки ёнатрофингизга қаранг, ўзгаришларга разм солинг: юртимиз аҳолиси сони ошяпти, минглаб янги турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, янгидан-янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилди ва бу жараён давом этмоқда. Демак, юртдошларимиз ҳамда тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси, озиқ-овқат маҳсулотлари ва албатта, сувга талаби ҳам табиий равишда ошмоқда. Шу боис, айни йўналишларда, аввало, аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш, талабга нисбатан таклифни ошириш орқали экспортни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, юртимизда қуёш энергетикасининг техник салоҳияти унга бўлган эҳтиёждан 4 баробар, қуёш энергиясини ишлаб чиқариш салоҳияти эса 8 баробар кўп. Қуёш электр станцияларини қуриш орқали 600 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Мана шу каби табиий неъматдан самарали фойдаланиш, тобора ортиб бораётган эҳтиёжни тўлиқ ва узлуксиз қаноатлантириш мақсадида муқобил энергетика — шамол, қуёш ва сув оқимлари имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Йирик дарё ва каналларда катта ва кичик ГЭСлар барпо этилаётган бўлса, деярли барча ҳудудларда шамол ва қуёш фотоэлектр станциялари қуриляпти. Шунингдек, давлат идоралари ва ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли хонадонларида ҳам қуёш панелларидан фойдаланиш оммалашяпти.
Қуёш электр станциялари томонидан 2015 йилда 0,003 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 445,7 миллион киловатт-соатга етди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам таҳсинга сазовор. Бинобарин, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, селекция, умуман, аграр сектордаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, юқори ҳосилдорликка эришилмоқда. Жумладан, 2017 йилда 1 миллион 133 минг гектарда парваришланган бошоқли дон экинларидан 6,4 миллион тонна ҳосил олинган бўлса, 2022 йилда экин майдони 101 минг гектарга қисқаргани ҳолда ялпи ҳосил 800 минг тоннага кўпайган. Бошқача айтганда, гектарига ўртача ҳосилдорлик 69,7 центнерга етиб, етти йилда 13 центнердан зиёдроққа ошди.
Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликларида ҳам ўсиш кузатилди. Хусусан, ушбу йўналишларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар қиймати аҳоли жон бошига 2017 йилдаги 4,8 миллион сўмдан 2022 йилда 10,2 миллион сўмгача кўтарилган. Чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми сўнгги 6 йилда 2,4 баробар ортган.
Танқислик кўлами ва унинг зарари ортиб бораверади
Очиғи, ҳар икки йўналишдаги ишлар ва уларнинг самаралари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Лекин мавзумиз сув танқислиги бўлгани учун буларга атрофлича тўхталмадик. Нега айнан сув танқислиги мавзуси, деган саволга келадиган бўлсак, бунинг ечими юқоридаги икки йўналишдан бир оз мураккаброқ. Биринчидан, электр энергияси бўйича ошиб бораётган эҳтиёж “яшил” энергетикани ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларига талаб эса ҳосилдорликни ошириш орқали қопланяпти. Иккинчидан, ҳар икки йўналишда истиқбол имкониятлари нисбатан кенг. Айтайлик, юртимизда умумий узунлиги 12,7 минг километр бўлган 430 та каттаю кичик дарё бор. Оқим салоҳиятидан келиб чиқиб, катта-кичик ГЭСлар қуриш орқали қанча “яшил” энергия ҳосил қилиш мумкин. Қуёшдан олиниши мумкин бўлган электр энергияси ҳажми нақадар катталигини эса юқорида айтиб ўтдик.
Умуман, шамол энергетикаси ёки аграр тармоқ имкониятлари ҳақида ҳам шундай фикр билдириш, асосли фактларни мисол келтириш мумкин. Сув масаласида эса бундай дейиш бир оз мушкул. Президентимиз Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида қайд этганидек, “Марказий Осиёда сув тақчиллиги муаммоси ўткир ва муқаррар тус олди ҳамда бундан буён у тобора чуқурлашиб бораверади.
Экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёнинг айрим минтақаларида 2040 йилга бориб, сув ресурсларига эҳтиёж уч баробар ошади. Вақт ўтиши билан иқтисодий зарар ялпи минтақавий маҳсулотнинг 11 фоизига етиши мумкин. БМТ маълумотига кўра, ҳозирнинг ўзидаёқ минтақа давлатлари сув ресурслари тақчиллиги ва ундан самарасиз фойдаланиш оқибатида йилига 2 миллиард долларгача маблағ йўқотмоқда”. Музликлар эриши жадаллашиб, сув захиралари камайиб бораётган мураккаб шароитда яқин ва ўрта истиқбол, келажак учун пухта ўйланган режалар тузиш ва уни тизимли амалга ошириш жуда катта аҳамиятга эга. Чунки минтақада сув танқислиги муаммоси йилдан-йилга кучайиб бориши муқаррар. Зеро, дунё экспертлари ҳам, юртимиз сув хўжалиги мутахассислари ҳам буни ҳисоб-китоб қилган.
Жумладан, сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиевнинг айтишича, сўнгги 15 йилда ёғингарчилик миқдори 25 фоиз қисқарган. Ёз фаслида эса жазирама кунлар давомийлиги ортган.
Жаҳон табиий ресурслар институти (World Resources Institute) ва Буюк Британиянинг “Economist Intelligence Unit” ташкилоти тадқиқотларига кўра, 2040 йилга бориб, сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам бор.
Мутахассислар фикрича, 2050 йилгача сув ресурслари юртимизнинг асосий сув манбаи ҳисобланган Сирдарё ҳавзасида 5 фоизгача, Aмударё ҳавзасида эса 15 фоизгача камайиши мумкин. Демак, буларнинг барчаси юқорида қайд этиб ўтганимиздек, йил сайин қурғоқчилик кучайиб, сув танқислиги муаммоси ортиб бораётгани ва бу жараён давом этишидан далолат беради.
Қўштепа канали Амударёдан қанча сув олади?
Қўшни Афғонистонда Амударёдан сув олувчи Қўштепа канали қурилиши бошланган. Маълумотларга кўра, канал қурилиши тахминан 684 миллион долларга баҳоланмоқда. Узунлиги 285 километр, кенглиги 100 метр, чуқурлиги 8,5 метрни ташкил этувчи каналнинг Амударёдан қанча миқдорда сув олиши ҳақида эса турли тахминлар билдирилди.
Жумладан, ижтимоий тармоқларда Афғонистон томонининг мазкур канални қуришдан мақсади Балх, Жузжон ва Фарёб вилоятидаги 550-600 минг гектар ерни суғориш экани, бунинг учун эса Амударёдан 1013 миллиард куб метр сув олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Хўш, ушбу тахминий фикр ва мулоҳазалар ҳақиқатга қанчалик мос келади? Каналнинг юртимиз суғориш тизимига таъсири қандай?
Айни саволларга сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев мавзуга доир матбуот анжуманида қуйидагича жавоб берганди: “Амударёдан сув олувчи Қўштепа каналининг қурилиши бўйича “Толибон” томонидан 6 та вариант тайёрланган. Ўзбекистон уларнинг барини чуқур ўрганиб чиққан. Вариантларнинг бирида 120 минг гектар ер ўз оқими билан сув ичиши кўрсатилган. Яна бирида 225 минг гектар кўрсатилган. 600 минг гектар тўғрисида гап йўқ, ундай бўлмайди. Биз ўрганган вариантлар бўйича тахминан 225 минг гектар ўз оқими билан бўлиши мумкин. Учинчи вариант — яна 50 минг гектар ер насос билан суғорилади, шунда тахминан 300 минг гектарча суғориладиган ер ҳосил бўлади”.
Вазирнинг қўшимча қилишича, бунча ерни суғориш учун 4-5 миллиард куб метр сув етади. Ўзбекистон мана шу миқдор сақланиб қолишига интилади. Шавкат Ҳамроев бу миқдорнинг асосли эканига қуйидагича изоҳ билдирди: “Агар ўша канал 300 минг гектарни суғорадиган бўлса, 12 миллиард куб метр сув олади, десак ҳам, бу ҳар бир гектар учун 40 минг куб метрдан тўғри келишини англатади. Ваҳоланки, 1 гектар ер 40 минг куб метр сув ичолмайди. Биз шоли экиб, сувни бостириб суғорганимизда ҳам 1 гектарга 30 минг куб метр сув кетади. Биринчидан, Афғонистонда юз фоиз шоли экилмайди. Иккинчидан, агар Афғонистон 5 йил биринчи даража ишларни қилса, бошқа экинлар, каналларнинг ўтказиш қобилияти ва бошқасидан келиб чиқиб, тахминан 4 миллиард куб метр атрофида сув олади”.
Мутахассислар фикрича, ҳозир Амударёда ҳар йили тахминан ўртача 60 миллиард куб метр сув шаклланмоқда. Қўштепа канали қурилиши эса ўзи шундоқ ҳам муаммо бўлиб турган сув танқислигини янада кучайтиради. Лекин бошқа томондан, Афғонистон ҳам Амударё сувидан фойдаланмоқчи.
Президентимиз Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг Душанбеда ўтган мажлисида бу масалага ҳам алоҳида тўхталиб, қуйидагича фикр билдирди: “...Минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди. Афғон томони канални қуриш бўйича фаол иш олиб бораётганини яхши биласиз. Унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Қўштепа каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ шакллантириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз”.
Ягона ечим – тежамкорлик
Сув камайиши фақат деҳқончиликда қийинчилик туғдирмайди. Бу муаммо бевосита минтақа гидрологияси ва атроф-муҳит ландшафтларига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Яъни яшил майдонлар камаяди. Ер ости суви сатҳи пастлаши натижасида қудуқлардан сув олишда муаммолар пайдо бўлади. Бу эса, ўз навбатида, сув сарфи ошишига олиб келади, соддароқ айтганда, аввал 10 куб метр сув билан қониққан далаларни суғоришда энди 15 куб метр сув талаб этилади.
Билвосита эса чорвачилик, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қайта ишлаш, тўқимачилик саноати каби кўплаб соҳаларга ҳам салбий таъсир кўрсатиб, аграр соҳа ва аҳоли турмуш даражаси ёмонлашуви, экспорт камайиши, инфляция ошиши, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қимматлашиши каби муаммолар вужудга келиши эҳтимоли юқори. Модомики, сув танқислиги ва унинг оқибатлари шу қадар кескин экан, муаммо билан фурсатни бой бермасдан жиддий шуғулланиш, оқибатларини юмшатиш чораларини кўриш талаб этилади. Бу борада энг тўғри йўл сувдан самарали фойдаланиш, тежамкорликни янада оширишдир.
Маълумотларга кўра, юртимизда бугунги кунда 3 миллион 200 минг гектар ерни суғоришга 46 миллиард куб метр сув сарфланаётган бўлса, шундан 60 фоизигина экинларга етиб боряпти. Негаки, биринчидан, юртимиз ирригация тизимидаги 180 минг километр суғориш тармоғининг чорак қисми бетон қопламали, бу тизим билан етиб борган сув орқали эса 98 фоиз экин анъанавий тараш услубида суғорилади. Яъни ҳам сув етказиб бериш жараёнида, ҳам даланинг ўзида сув исроф бўлади. Қолаверса, насос станцияларининг аксарияти эски, шу боис, электр энергияси истеъмоли жуда юқори.
Сув хўжалиги вазирининг таъкидлашича, кўп ҳолларда экинни суғориш учун йўналтирилган сувнинг 40 фоизи суғориш тармоқларида, 20 фоизи эса даланинг ўзида йўқотиляпти. Демак, бу каби исрофгарчиликни кескин камайтириш орқали вегетация даврида кузатилаётган қарийб 8-10 миллиард куб метр сув танқислигини қоплаш мумкин. Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилган. Катта-катта экин майдонларида қўлланилаётган сув тежовчи технологиялар нафақат сув сарфини қисқартириш, балки ёқилғи, минерал ўғитлар ва ишчи кучини тежаш орқали харажатларни қисқартириш, асосийси, ҳосилдорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 18 апрель куни сув хўжалигида ва фармацевтика саноатида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгуси вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда қайд этилганидек, ҳозирги кунда 450 минг гектар ёки суғориладиган майдоннинг 15 фоизи лазерли технологияда текисланган. Агар бундай ерлар 2 баробар кўпайтирилса, яна 900 миллион куб метр сув тежалади, қўшимча 200 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади. Сўнгги йилларда 400 минг гектарда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилинган. Бу йил яна 80 минг гектар майдонда ишлар бошланган. Бу ҳам катта ҳажмдаги сув тежалишига хизмат қилиши, шубҳасиз.
Умуман олганда, 2017-2022 йилларда 1,4 миллион гектар экин майдонида сув тежовчи технологиялар жорий этилиши ҳисобига 3 миллиард куб метр сув иқтисод қилинишига эришилган. Шунингдек, қўшимча 400 минг гектар майдонда сув таъминоти яхшиланган.
Сув тежовчи технологияларни қўллаш самарадорликка эришишда нақадар аҳамиятли бўлса, бундай технологияларни ишлаб чиқаришни ҳам маҳаллийлаштириш шу қадар муҳимдир. Зеро, бизда бу тажрибанинг шу пайтгача кенг оммалашиб кетмаганига энг асосий сабаблардан бири бу турдаги импорт технологияларнинг қимматлигида эди. Шунинг учун сув тежовчи технологияларни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда ушбу йўналишни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш бўйича кўрилган амалий чоралар натижасида маҳаллийлаштириш даражаси 80 фоизга етиб, мамлакатда ушбу йўналишда фаолият юритувчи корхоналар сони 50 тадан ошди.
Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг бундай технологияларни жорий қилиш бўйича минтақамизда биринчи, МДҲ давлатлари орасида иккинчи, Осиёда тўртинчи ва дунёда 13-ўринни эгаллаши учун замин яратди. Ушбу йўналишда бугунгача қилинган ишлар, шунга яраша эришилган натижалар яхши, албатта. Лекин юқорида қайд этганимиздек, сув танқислиги кўлами йилдан-йилга ортиб бораверади. Бу эса, ўз навбатида, сув хўжалиги тизимида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, лазерли текислаш, канал ва ариқларни бетонлаш, мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш борасида ишлар кўламини янада кенгайтиришни тақозо қилади.
Бу борада Президентимизнинг “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони билан сув танқислиги муаммосининг олдини олиш, оқибатларини юмшатишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилгани жуда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига мувофиқ, сув ишлатиш самарадорлиги 25 фоиз оширилиб, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ернинг умумий майдони 2 миллион гектаргача, жумладан, томчилаб суғориш технологияси 600 минг гектаргача, ушбу мақсадларга эришиш учун эса сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг йиллик қуввати 300 минг гектарга етказилади.
Тупроқ қопламали каналларни бетон қопламага ҳамда ички суғориш тармоқларини ёпиқ қувурли суғориш тизимларига ўтказиш бўйича етти йиллик дастур доирасида ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти кўрсаткичи 0,73 гача оширилади. Тупроқ ўзанли магистрал ва хўжаликлараро 18,7 минг километр каналнинг бетон қопламали улуши 13,1 минг километрга ёки 46 фоизга етказилади. Мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш натижасида суғориладиган ерларда шўрланган майдонлар 1,7 миллион гектаргача камайтирилади.
Бундан ташқари, сувни қайта ишлаш, етказиш ва тақсимлаш тизимига хусусий сектор жалб этилиб, далаларга сув етказадиган объектлар тадбиркорлар бошқарувига берилади. Камида 100 та йирик сув хўжалиги объектида автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилади. Умуман олганда, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, танқисликнинг салбий оқибатларини юмшатиш, пировардида иқтисодиётимиз барқарорлиги, юртдошларимиз фаровонлигини юксалтиришга доир устувор вазифалар белгилаб берилгани билан янада аҳамиятлидир.
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири