Биргина мисол: Туркий давлатлар ташкилотининг Будапештда бўлиб ўтган норасмий саммити арафасида Венгриянинг етакчи “Hungarian Conservative” ахборот-таҳлилий нашрида “Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги етакчилиги: Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарашлари” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Ўзбекистонда ТДТ кун тартибини белгилаб берувчи ва унинг халқаро майдондаги таъсирини кучайтирувчи қатор чуқур ислоҳотлар бошланди, дея таъкидланади. Бундан англаш мумкинки, Ўзбекистоннинг ташкилотдаги роли ва илгари сураётган ташаббусларини етакчи экспертлар ва хорижий ОАВ юксак баҳоламоқда.
Ўзбекистон бугун турли халқаро ва минтақавий ташкилотларга аъзо. Улар орасида ТДТ аъзоларининг маданияти, тили, анъаналари, тарихи, қадриятлари муштараклиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Ўхшаш тил, ягона дин, тарихий ва маданий ришталар асосида шаклланган бу тузилма минтақавий кўп қиррали ҳамкорликнинг самарали сиёсий-дипломатик платформасига, Марказий Осиё ва Евроосиёдаги сиёсий ҳамда иқтисодий жараёнларнинг муҳим иштирокчисига айланиб, халқаро майдондаги мавқеи тобора мустаҳкамланмоқда.
Туркий давлатларда яшовчилар сони 160 миллиондан ошади. Аъзо давлатларнинг ҳудуди эса қарийб 4 миллион квадрат километр. Бугун ТДТ доирасида савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит алоқаларидан тортиб, космик тадқиқотларгача бўлган 35 та асосий йўналиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш қиймати 2022 йилда 30 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 45 миллиард АҚШ долларига етди. Сўнгги тўрт йилда аъзо давлатларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти
20 фоиз (1,6 триллион доллар), тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 22 фоиз ўсди. Табиийки, ушбу кўрсаткич иқтисодиётимизга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
ТДТ саммитларида давлатимиз раҳбари савдо-иқтисодий ва инвестициявий, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар, иқлим ўзгариши ва экология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш борасида 60 дан ортиқ муҳим таклифни илгари сурди. Уларнинг 50 га яқини бугун амалий ифодасини топган.
Венгрия кузатувчи мақомига эга бўлишига қарамай, ташкилотнинг энг фаол иштирокчиларидан бири сифатида туркий давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришдан доимий манфаатдор эканини намойиш этмоқда.
Жорий йил 20-21 май кунлари Будапешт шаҳрида ТДТнинг “Шарқ ва Ғарбнинг учрашув жойи” шиори остидаги норасмий саммитида Туркия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон давлат етакчилари билан бирга ташкилот бош котиби ҳам иштирок этди.
Саммитда давлатимиз раҳбари, аввало, дунёдаги глобал вазиятга баҳо берар экан, мураккаб геосиёсий-геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатларининг кучайиши барча давлат учун қийин синов бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Муаммоларга фақат халқаро ҳуқуқ меъёрлари, БМТ низоми асосида ечим топиш зарурлигига эътибор қаратди.
Президентимизнинг концептуал аҳамиятга эга таклиф ва ташаббусларини тизимлаштирсак, у қатор йўналишларни ўз ичига олишини кўрамиз.
Биринчиси, давлатимиз раҳбари ТДТ халқлари ҳамкорлигининг узоқ муддатли ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи “Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ҳамда қардошлик тўғрисида”ги битимни Боку саммитида имзолаш таклифини билдирди. Ушбу битимнинг имзоланиши халқларимизни янада яқинлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Иккинчиси, “Турк-трейд” онлайн платформасини яратиш ва Савдони ошириш амалий дастурини қабул қилиш таклифи мамлакатлар ўртасида ўзаро савдо улушини кескин кўпайтиришга қаратилган таклифлардан бири бўлди.
Учинчиси, Президентимиз транспорт алоқалари масаласига алоҳида тўхталиб, “ягона дарча” ҳамда “яшил коридорлар” тизимларини тезроқ йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. Зеро, ушбу ташаббус Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмини ошириш ва божхона-чегара тартибларини соддалаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Жорий йил ноябрида Тошкентда Туркий давлатларнинг Халқаро мультимодал транспорт ва логистика форуми ўтказилади. Бу масалаларга илмий-амалий таклиф ва тавсияларни бир даврада муҳокама қилиш учун қулай имкониятдир.
Тўртинчиси, инновацион лойиҳаларни рағбатлантириш учун қўшма венчур компания ташкил этиш ва мамлакатларимизнинг инвестиция имкониятларини тўлиқ акс эттирган “Ягона инвестиция портали”ни жорий этиш таклифи илгари сурилди. Ушбу таклиф янги ва юқори хатарли инновацион лойиҳалар учун молиявий ресурслар жалб этишда кафолат вазифасини ўтайди. Портал эса барча лойиҳалар, имтиёзлар, қонунчилик ҳужжатлари ва тартиб-қоидалар бўйича маълумотларни бир жойда жамлаш имконини беради.
Бешинчиси, кимё, энергетика, тоғ-кон, енгил саноат, фармацевтика, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қурилиш соҳаларида салмоқли ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича Саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси билдирилди.
Мазкур ташаббус саноат кооперацияси соҳасида амалий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш ва аниқ манзилли йўналишларни белгилаб олишга хизмат қилади.
Олтинчиси, Президентимиз қурғоқчилик ва экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича қўшма “йўл харитаси” ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.
Еттинчиси, Туркий маданият ва мерос жамғармасининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш, ТУРКСОЙ фаолияти ва тузилмасини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш таклифи билдирилди. Ташкилотнинг ушбу тузилмасини янгилаш аъзолар ўртасида маданий алмашинув ва лойиҳалар мувофиқлашувини кучайтириш, туркий давлатлар брендини халқаро миқёсда илгари суриш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббуслар туркий халқлар ўртасида ҳамкорликнинг узоқ муддатли ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, ўзаро савдо улушини кўпайтириш, юк ташиш ҳажмини ошириш ва божхона-чегара тартибларини соддалаштириш, ўзаро инвестициялар кўламини кенгайтириш, иқлим ўзгаришларига қарши биргаликда курашиш, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Анваржон МИРКОМИЛОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи