“Темир дафтар” қандай ишлайди?

    Фикр 15 январ 2021 6381

    Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ўз интервьюсида пандемия даврида олиб борилган ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий сиёсат мамлакатда камбағалликнинг кўпайишига олиб келмаганини энг катта натижа сифатида баҳолади.

    Унинг фик­рича, аҳолининг бирорта қатлами қашшоқликка тушмади. Хусусан, 2020 йилнинг январь ойида бюджет маблағларидан ижтимоий нафақа олган оилалар сони 600 мингта бўлса, декабрь ойида улар сони икки баравар ошган.

    Мисол учун, “Темир дафтар”орқали ҳайит байрамида, болалар мактабга бориши арафасида ва бошқа вақтларда аҳолига манзилли ёрдам кўрсатилди.

    Шу ўринда “Темир дафтар” деган атамага аниқлик киритиб ўтиш жоиз бўлади.

    Мутасаддиларнинг фикрича, бу оилаларни камбағалликдан чиқариш, ижтимоий аҳволи ҳамда турмуш шароити оғир бўлган оилаларни доимий бандлик ва даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича сектор раҳбарлари томонидан алоҳида назоратга олинган оилалар қайд этиладиган “Saxovat.argos.uz” электрон дастури ҳисобланади.

    Пандемия шароитида ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож, иш жойи ва даромад манбаини йўқотган фуқаролар, шунинг­дек, ногиронлар, якка-ёлғиз кексалар ва кам таъминланганлик каби мезонларга асосланиб, унга киритилган оилаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилади.

    Бунинг учун сектор раҳбари, туман (шаҳар) халқ депутатлари кенгаши вакили ва маҳалла оқсоқоли билан биргаликда уйма-уй юриб, оилаларнинг моддий ва турмуш шароитини ҳар томонлама ўрганади. Шу асосда тузилган рўйхат туман халқ депутатлари кенгаши тасдиғидан ўтгандан кейин “Saxovat.argos.uz” электрон базасига киритилади

    “Темир дафтар”дан ўрин олган ёрдамга муҳтож бўлган фуқаролар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилади. Меҳнатга лаёқатли бўлган фуқаролар ишга жойлаштирилиб, бандлиги таъминланади ёки ўзини ўзи банд қилиш орқали уларнинг даромадини оширишга эришилади. Шундан сўнг фуқаронинг аризаси ва ишчи гуруҳнинг тавсияси асосида бу фуқарони рўйхатдан чиқариш халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгаши қарори асосида ҳал қилинади.

    Юртимиздаги барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича “Темир дафтар” тизими жорий этилди. Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли 500 минг нафар фуқаронинг меҳнат фаолияти қонуний тарзда йўлга қўйилиб, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилди. Бу, ўз навбатида, қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги йўналишга айланди.

    Мурожаатномада ҳам бу борада амалга оширилган ишлар эътироф этилиб, жорий йилдаги вазифалар белгилаб берилди. Энг аввало, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усуллар жорий этилади. Фақатгина кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан бир қаторда таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик сув, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммолар ҳал этиб борилади.

    Келгуси йил 1 мартдан бошлаб, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади. Ҳукумат томонидан икки ой муддатда ижтимоий кафолатларни бир тизимга келтириб, уларни минимал меъёрлар даражасида босқичма-босқич таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

    Бу борадаги ишлар бошлаб юборилган. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига биноан, камбағалликни қисқартиришнинг аниқ дастак ва механизмларини ишлаб чиқиш, хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, камбағаллик даражасини аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услуби, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини пухта ишлаб чиқиш мақсадида Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури, Осиё тараққиёт банки каби халқаро ташкилотларнинг 14 нафар эксперти жалб қилиниб, улар кўмагида “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш концепцияси” ло­йиҳаси тайёрланган.

    Мурожаатномада эътироф этилганидек, “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилади. Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак. Шу мақсадда жорий йилда маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади. Уларнинг ҳар бири учун 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар тақдим этилади.

    Шу билан бирга, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилиши, эҳтиёжманд аҳолини иш ўринлари билан таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилиши мўлжалланмоқда.

    Пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳолини камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслик учун жорий йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилади. Унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 минг сўмдан 680 минг сўмга) оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади. Бунда ҳам айнан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимидан фойдаланиш қўл келиши мумкин.

    Президентимиз камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларнинг диққат марказида туриши зарурлигини қайд этди. Умуман, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими бир ой муддатда ўз ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиб, унинг ижроси бў­йича ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориши йўлга қўйилади. Бу масалага барча раҳбарларнинг биринчи даражали вазифаси ва иш самарасини баҳолайдиган асосий мезон сифатида қаралади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates