Дунёда одам сони ошиши баробарида тиббий хизматларга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Кўплаб хорижий давлатларда аҳоли саломатлигини сақлаш ва тиббий хизматлардан фойдаланишни таъминлаш мақсадида тиббий суғурта тизими жорий этилган. Бу иш билан асосан хусусий суғурта компаниялари шуғулланади. Улар фаолиятини тиббиёт муассасалари билан шартнома асосида амалга оширади. Фуқаролар ушбу суғурта компанияларига белгиланган суммани тўлаб, суғурта полиси олади ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Мамлакатимизда ҳам тиббий суғурта тизимига ўтиш ишлари давом этмоқда. 2021 йили Сирдарё вилоятида тажриба-синов сифатида бошланган ушбу тизимни босқичма-босқич 2027 йилгача бутун мамлакатимиз бўйлаб жорий этиш режалаштирилган. Аммо кузатишлардан аҳоли мазкур тизим ҳақида тўлиқ тушунчага эга эмаслиги аён бўлмоқда.
Буни биз билан суҳбатда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Жиззах вилояти ҳудудий бош мутахассиси Илҳом Норбоев ҳам таъкидлади.
— Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг вилоятдаги вакили сифатида Жиззахдаги тиббиёт муассасаларининг тиббий суғурта тизимига ўтказилишига бевосита масъулман. Қарийб уч йилдан бери шу йўналишда ишлаяпман. Тўғриси, янги тизимни жорий этиш осон кечмаяпти. Аввало, тиббиёт ходимлари, қолаверса, фуқароларнинг бу борадаги хабардорлигини ошириш, улар орасида тушунтириш ишларини ўтказиш, янги тизим моҳиятини очиб бериш керак. Бу борада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Вилоятдаги барча тиббиёт муассасасига бориб, тиббиёт ходимлари билан учрашиб, уларга давлат тиббий суғуртасининг мазмун-моҳиятини тушунтирдик. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда бир неча бор семинарлар ўтказдик. Ушбу мавзуда аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича ОАВ, жумладан, вилоят телевидениеси, радиосида кўрсатув ва эшиттиришлар берилди. Ҳудудий ва марказий газеталарда мақолалар чоп эттирдик. Бундан ташқари, маҳаллаларда аҳоли билан учрашувлар ташкил қилиб, давлат тиббий суғуртаси тизимига ўтишнинг мақсади ва вазифалари ҳақида кенг тушунча бериб келаяпмиз. Аммо тан олиш керак, бу ишлар етарли бўлмаяпти. Аҳолидан ташқари, ҳатто тиббиётчиларимиз орасида ҳам давлат тиббий суғуртаси тизими бўйича тўлиқ тушунчага эга бўлмаганлар бор. Тўғри, тиббий суғурта тизимига тўлиқ ўтишимизга ҳали икки йил вақт бор. Лекин тиббиёт муассасалари босқичма-босқич шу тизимга ўтмоқда. Белгиланган муддатгача ҳам тиббиёт муассасаларимизни, ҳам аҳолини давлат тиббий суғуртаси тизимига ўтишга тўлиқ тайёрлаб боришимиз керак.
Бунинг учун, аввало, одамларнинг хабардорлигини оширишимиз даркор. 2027 йилдан бошлаб суғурта тизимидан юртимиздаги барча фуқаро фойдаланади. Эътиборлиси, бунинг учун улар пул тўламайди. Яъни оддий тиббий текширувдан тортиб юқори технологияли мураккаб операцияларгача бепул ўтказилади. Фақат шуни тўғри тушуниш керак, бу ердаги бепул тиббий хизмат аслида нисбий тушунча. Зеро фуқаро бепул тиббий хизматидан фойдаланаётган тиббий муассаса харажатини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тўлайди.
Мисол учун, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали уч йилдан бери жамғарма билан ҳамкорлик қилади. Ушбу йиллар давомида филиалда 250 дан ортиқ фуқарода юрак соҳасида юқори технологияли жарроҳлик амалиёти бажарилди. Бунинг учун жамғарма ушбу филиалга 5 миллиард сўмга яқин маблағ тўлаб берди. Биргина ўтган йили имтиёзли 91 беморда 2 миллиард сўмга яқин маблағ ҳисобига жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
Жорий йилдан бошлаб, вилоятдаги 19 та тиббиёт муассасаси жамғарма билан ҳамкорлик шартномаси имзолади. Бу давлат тиббий суғуртаси тизимига ўтиш йўлида катта қадам бўлиб, вилоятда тиббий хизматлар қамровини оширишга хизмат қилади. Суғурта тизимида молиялаштириш тизими ҳам тубдан ўзгаради. Энди фақат бажарилган иш ҳажмига қараб Давлат тиббий суғуртаси жамғармасидан маблағ ўтказиб берилади. Ҳар бир тиббиёт муассасаси ўзи учун ишлайди, пулни ўзи ишлаб топади. Бирламчи бўғинда пул аҳоли жон бошига қараб тўланади.
Фуқаролар яшаш ҳудуди бўйича тиббиёт бригадаларига бириктирилган. Фуқаролар соғлиғи учун қайғурадиган оилавий шифокор ва 4 патронаж ҳамширадан иборат тиббий бригадалар ташкил этилган. Ҳар бир бригадага 2000 киши бириктирилган. Шунча одамнинг саломатлик кўрсаткичи шу тиббиёт бригадасининг ишлашига боғлиқ. Тиббиёт бригадалари ўзига бириктирилган аҳолини энди ўзлари излаб юради, тиббий кўрикларга жалб қилади. Чунки ҳар бир фуқаро учун ажратилган маблағ бор, уни олиш учун фуқаро билан ишлайди. Ҳозир тиббий кўрикка боряпсизми-бормаяпсизми, ҳеч кимнинг иши йўқ. Суғурта тизимида бундай бўлмайди. Тиббий бригадалар аҳолини тиббий кўрикдан ўтиш вақти келганда чақиради, келмаса, бориб олиб келади. Чунки юқорида айтилганидек унга ажратилган маблағни олиш керак. Фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилади, керакли тавсиялар, дорилар берилади. Сўнг унга кўрсатилган тиббий хизматлар электрон тарзда Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига юборилади. Жамғармада экспертлар ушбу беморга кўрсатилган ёрдамни стандартларга мувофиқ, деб баҳоласа, 10 иш кунида фуқаронинг пули шу муассасага келиб тушади.
Стационарларда эса пул даволанганлик ҳолатига қараб тўланади, яъни шифохоналар неча нафар беморни даволаса, шунга қараб пул олади. Суғурта тизими бирламчи бўғинда ҳам, стационарда ҳам натижа учун ишлайди. Натижа деганда, бирламчи бўғинда сурункали касалликлар учрамаса, касалликлар эрта аниқланса, ўз вақтида профилактик кўриклар ва скрининг текшируви ўтказилиши, эмлаш ишлари вақтида бажарилиши айтилади. Стационарда эса натижа шу бемор тўлиқ соғайиб чиқиб кетишига айтилади.
Энди фуқаролар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағи ҳисобидан хусусий клиникаларда ҳам даволаниши мумкин. Агар хусусий клиникалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган талабларга жавоб берса, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси улар билан шартнома тузади. Бу эса беморларда даволаниш учун шифохонани танлаш имкониятини пайдо қилади. Фуқаро хоҳласа, давлат шифохонасида, хоҳласа, хусусий клиникада даволанади. Жамғарма эса маблағни ўша жойга йўналтириб беради.
Бу, ўз навбатида, давлат ва нодавлат тиббий муассасалар ўртасида соғлом рақобат пайдо бўлишига замин яратади. Давлат тиббий суғуртаси тизимининг жорий этилиши, аҳоли учун, айниқса, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларга айни муддао бўлмоқда. Энг муҳими, энди улар даволанишда овора-сарсон ва чиқимдор бўлмайди. Бунга улар билан суҳбатлашиб, ўзингиз ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Шу гап сабаб бўлдию, суҳбатдошим ҳамроҳлигида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига йўл олдик. Марказ директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Музаффар Йўлдошев мақсадимизни билгач, давлат тиббий суғуртаси ҳам тиббиёт муассасалари, ҳам беморлар учун ниҳоятда аҳамиятли эканини, бунда беморлар учун барча тиббий хизмат бепул бўлса, тиббиёт муассасалари энди беморлар саломатлигига бефарқ эмаслигини, асосий эътиборни натижага қаратаётганини қайд этди.
— Ўтган йили Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан 200 миллион сўмлик шартнома имзолаган эдик. Жорий йилда ушбу кўрсаткични 1 миллиард сўмдан оширмоқчимиз, — дейди Музаффар Йўлдошев. — Шунга яраша моддий-техник базамизни ривожлантиряпмиз. Ҳозирча Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан ҳамкорлик қилаётган тиббий муассасалар камлиги учун беморларда танлаш имконияти камроқ. 2027 йилдан давлат тиббий суғуртаси тўлиқ ишга тушса, тиббиёт муассасалари орасида кучли рақобат пайдо бўлади. Шунга ҳозирдан марказимизнинг имижини яратишга ҳаракат қиляпмиз. Айни пайтда марказимизда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағи ҳисобидан даволанаётган ўнлаб беморимиз бор. Улар билан мулоқот қилишингиз мумкин.
Марказ директори хонасидан чиққанимизда қабулхонада турган бир беморга кўзимиз тушди.
— Мана шу беморимиз ҳам йўлланма асосида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағи ҳисобидан даволанмоқда. — деди Музаффар Йўлдошев. — Даволанаётганимга бир ҳафта бўлди, — дейди ўзини Отабек Қўчқоров деб таништирган бемор. — Шароф Рашидов туманининг Қаҳрамон маҳалласиданман. Биринчи гуруҳ ногирониман. Янги йилдан кейин патронаж ҳамшира уйимизга келиб, саломатлигим яхши эмаслигини билиб, маҳалла шифокоримиз билан маслаҳатлашиб, даволанишим зарурлигини айтди. Ўзи билан ҳужжатларимни олиб кетди. Тахминан бир ҳафтадан сўнг вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидан “Сизнинг жойингиз тайёр, келиб даволанишингиз мумкин”, деб телефон қилишди. Эртаси куни келиб, тиббий текширувдан ўтиб даволанишни бошладим. Менга шундай янги тизим жорий этилгани, даволаниш бўйича барча харажат Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилиши айтилди. Олдин ҳам ордер асосида бепул даволанганман. Аммо баъзи дориларни сотиб олишимга тўғри келарди. Бу сафар бундай бўлмади. Тўғриси, хурсандман.
Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосидаги кенг қамровли ислоҳотлар доирасида давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилиши соғлиқни сақлаш тизимининг янги босқичга кўтарилишига, аҳолининг тиббий хизматларга эҳтиёжи самарали таъминланишига, одамларни тиббиётдан ва бугунги ислоҳотлардан рози қилишга хизмат қилмоқда.
Фарҳод НЕЪМАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири