ТИББИЁТДАГИ СИФАТЛИ ТАЪЛИМ – САЛОМАТЛИК ГАРОВИ

    Янги Ўзбекистонда тиббий таълим тизими, нафақат соҳа ривожининг асосий пойдевори, балки рақобатбардош, билимли ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашдаги стратегик йўналиш ҳам ҳисобланади. Соҳадаги бундай ўзгаришлар юртимиздаги тиббиёт таълими ва амалиётини замонавий босқичга олиб чиқиш мақсадида амалга оширилмоқда.

    Андижон давлат тиббиёт институтида ҳам таълимни ривожлантириш тиббиёт соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, амалиёт ва назарияни уйғунлаштириш ҳамда тиббиёт фанининг илғор ютуқларини таълим жараёнига татбиқ этиш орқали амалга оширилмоқда.

    Давлатимиз раҳбари 2021 йили вилоятга ташрифи чоғида Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида бўлиб, у ердаги аҳволни кўздан кечирар экан, клиникани тўлиқ реконструкция қилиб, унинг негизида водий аҳолиси учун кардиология, нейрохирургия, кўз касалликлари ва урология бўйича мураккаб операциялар ўтказадиган тиббиёт маркази ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

    Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун, энг аввало, одамларнинг саломатлиги ва яшаш шароитини яхшилашимиз керак. Институт ва клиника бу борада катта марказлардан бири бўла олади. Бунинг учун зарур шароитларни яратамиз. Фақат таълим методикасини янгилаш, дунё тиббиётида қўлланаётган илғор услубларни татбиқ этиш керак”, дея таъкидлаганди давлатимиз раҳбари.

    Хўш орадан ўтган 4 йил давомида мазкур тиббиёт таълим даргоҳида қандай ўзгаришлар содир бўлди? Берилган топшириқ ва вазифалар қай даражада бажарилди?

    Янги Ўзбекистон руҳи

    — Аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза қилиш, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар самарасини ошириш давлатимизнинг доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Буни ҳар бир юртдошимиз ўзининг кундалик турмушида сезиб, кўриб яшамоқда. Президентимизнинг 2021 йил 29 сентябрь куни Андижон вилоятига ташрифи давомида институтимиз клиникаси билан танишгани олий таълим муассасамиз ҳаётида муҳим воқеа бўлди ва институтимиз ҳаётида туб бурилиш ясади, — дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор Мадамин Мадазимов. — 2021 йил 25 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон давлат тиббиёт институти ва унинг клиникаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди ва иш жараёнлари бошланиб кетди. Клиника ҳудудидаги 2 гектар майдонда институтнинг 2000 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси қад ростлади. Бино 7 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватда 28 та хона мавжуд. Ўқув хоналари интерактив доскалар, замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган.

    Ўқув биносида 12 та маъруза зали мавжуд. Бинонинг иккинчи қаватида жаҳон стандартларига мос, катта имкониятларга эга симуляция маркази жойлашган. Учинчи қават стоматология йўналиши учун мўлжалланган замонавий ускуна ва технологиялар билан жиҳозланган. Бинода асосан клиник кафедралар ўрин олган. Клиника ва мазкур ўқув биноси ўртасида телемедицина тизими хизмати жорий қилинган. Клиниканинг жарроҳлик бўлимларида амалга оширилган операциялар тўғридан тўғри ўқув хоналарига узатилаиб, кўрсатилади.

    Талабалар ушбу жараёнда шифокорга ўз саволларини бериш ва бир вақтнинг ўзида жавоб олиш имконига эга. Институтнинг марказий илмий-текшириш лабораторияси қуриб битказилгани ҳам талабаларга қулай имкониятлар яратди. 4 қаватдан иборат бўлган бино 400 ўринга мўлжалланган бўлиб, 30 та ўқув, 21 та лаборатория хоналарига эга. Шунингдек, яна бир қанча ёрдамчи бино ва иншоотларда қурилиш ишлари якунланиш арафасида.

    Таълим даргоҳи сўнгги йилларда бир қатор ютуқларга ҳам эришди. Ўтган йили UI Green Metric World University Ranking (Яшил университетларнинг глобал рейтинги) дунё университетларининг халқаро рейтингида сертификат билан тақдирланди.

    Институтининг даволаш иши (ўзбек, рус ва инглиз тилида), стоматология факультетлари таълим дастурлари Қозоғистон Республикасининг ECAQA маркази томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилди. Албатта, бу жараёнларнинг барчаси мамлакатимизда кечаётган истиқболли ислоҳотлар ва институт профессор-ўқитувчиларининг ҳамжиҳатликдаги самарали меҳнати ва фидокорлиги натижасидир.

    Замонавийлик – бу фақат технологик тараққиёт эмас

    Тиббиётдаги замонавийлик – фақат технологик тараққиёт эмас, балки таълим, диагностика, даволаш ва бошқарув соҳаларидаги кенг қамровли янгиланишларни ўз ичига олган янги босқичдир. Андижон давлат тиббиёт институти ҳам янги босқич ва янгиланишлар қамровида дунёнинг 60 дан зиёд тиббиёт соҳасидаги университет ва институтлар билан халқаро ҳамкорлик қилмоқда.

    Ҳозир 105 та халқаро шартнома имзолангани ва хорижий ўқув юртлари билан доимий тарзда талаба ва мутахассислар алмашинуви йўлга қўйилгани ҳам сўнгги йилларда институтда кечаётган изчил ислоҳотларнинг натижасидир. Доғистон давлат тиббиёт университети билан стоматология йўналиши бўйича ташкил этилган қўшма таълим дастури асосида айни пайтда институтнинг 47 нафар талабаси Доғистонда таҳсил олмоқда.

    2023 йилда институт Корея миллий транспорт университети билан ҳамкорликда “Парамедицина” йўналиши фаолиятини йўлга қўйди. Бугунги кунда 16 нафар талаба ушбу йўналишда ўқимоқда. Таъкидлаб ўтиш жоизки, институтнинг моддий-техник базасида яратилган шароитлар, қулай муҳит, назария ва амалиётнинг уйғунлиги малакали кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этаётир.

    Тиббиётда Андижон брендини яратамиз

    Институт ректори Мадамин Мадазимов дейди:

    “Жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари давлатимиз раҳбари Андижон вилоятига ташрифи чоғида Янги Андижон шаҳрини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни муҳокама қилар экан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Президентимизнинг “Бу заминда Янги Ўзбекистон руҳи ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга кириб борди. Бу – ислоҳотларимизнинг энг катта натижаси”, дея айтган сўзлари кўнглимизни қуёшдек ёритди. Давлатимиз раҳбари вилоятнинг ҳар жабҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва одамларнинг кундалик ҳаётига кириб бораётган ижобий ўзгаришларни эътироф этиш баробарида, тиббиётда Андижон брендини яратиш бўйича барча имкониятлар борлигини ҳам таъкидлади. Ўтган йили 650 ўринли клиника Андижон давлат тиббиёт институти балансига ўтказилиб, уни таъмирлаш ва жиҳозлашга 180 миллиард сўм маблағ берилди.

    Институт клиникасининг қурилиш-таъмирлаш ишларига институт томонидан 80 миллиард сўм миқдорида пул маблағи ажратилди ва ушбу ташаббус Президентимиз томонидан маъқулланди. Институтимиз клиникасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлашни жадаллаштириш ва жиҳозлаш учун 100 миллиард сўм ссуда ажратилиши белгиланди.

    Ҳозир бу клиника 11 минг талабага бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиш, ҳам амалиёт ўташ имконини беради. Олий таълим муассасамизда симуляцион марказда тиббиёт ходимлари малакасини икки босқичда баҳолаш тизимини йўлга қўйиш, клиника ёнига травматология, педиатрия ва жарроҳлик, гинекология бўлимини қуриб, кластерга айлантириш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Симуляцион марказда синовдан ўтган тиббий ходимларга қўшимча 100 фоиз устама берилиши белгиланди.

    Шунингдек, Президентимиз бугунги кунда 2 минг нафар наманганлик ёшлар Андижонга қатнаб ўқиётганини ҳисобга олиб, Наманган давлат университетининг тиббиёт факультети Андижон тиббиёт институти филиалига айланиши, бу филиал кейинчалик мустақил олийгоҳ даражасига олиб чиқилиши ҳамда Андижон тиббиёт институтига эса университет мақоми берилишини айтиб ўтди. Буни институтимизнинг фидойи, жонкуяр жамоасига билдирилган юксак ишонч деб биламиз ва бу ишончни оқлаш учун янада куч-қувват ҳамда шижоат билан ишлаймиз. Институтда хориждан келиб таҳсил олаётган талабалар сони ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда уларнинг сони 1000 нафардан зиёд.

    Шуни инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари Қирғизистон, Тожикистон, Хитой ва Ҳиндистондан келиб ўқимоқчи бўлганлар ҳисобига вилоятда тиббий таълим экспортини йилига 20 миллион доллардан ошириш мумкинлигини таъкидлади. Мутасаддиларга хориждан келиб ўқиётган талабалар учун “талаба визаси” жорий қилиш бўйича бир ойда таклиф киритиш топширилди. Бу институтимизга хориждан келиб ўқиш истагини билдирган ёшларга қулайлик яратади.

    Институт клиникасида фаолият юритувчи 150 нафар ёш мутахассисларимиз дунёнинг энг ривожланган мамлакатларига бориб малакасини ошириб қайтди. Улар клиникада мустақил равишда юқори технологик даволаш муолажаларини амалга ошириш тажрибасига эга. Бу тиббий туризмни ривожлантиришга туртки беради. Келгусида тиббий туризмдан 1 миллион 200 минг долларлик маблағ тушириш режамиз бор.

    Бундан ташқари, клиникада барча турдаги операциялар бажарилади. Қўшимча 4 та бўлим қурилиб, жойлар сони 850 тага етказилади. Амалга оширилаётган ишлар беморларни қулай шароитларда сифатли тиббий хизматдан фойдаланишлари, талабаларнинг назарий олган билимларини амалиёт билан тенг олиб боришларига кенг имкон бергани ҳолда, дуал таълимни ёрқин андозаси сифатида намоён бўлади.

    Жарроҳлик амалиётида бўладиган буйрак трансплантацияси ҳозирда 20 нафар беморда ўз мутахассисларимиз томонидан ўтказилди. Клиникамиз фойдаланишга топширилгандан сўнг бизнинг мутахассислар Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази мутахассислари билан ҳамкорликда жигар трансплантацияси операциясини ўтказади. Америка Қўшма Штатларининг дунё рейтингида топ-100 таликда 3-ўринни эгаллаб турган Кливленд клиникаси мутахассислари бир йил давомида клиникамизда бўлиб юрак қон-томир операцияларини йўлга қўйиб, жараёнларга институт мутахассисларини тайёрлашда маҳорат дарсларини ўтказиши ҳам режалаштирилган.

    Вилоятнинг 160 та бирламчи тизим даволаш муассасаларига амалий ёрдам бериш мақсадида 132 нафар профессор-ўқитувчи масъул этилди. Онкология хизматини такомиллаштириш мақсадида 17 та шаҳар ва туманга институтимизнинг онколог ва гематолог мутахассислари бириктирилиб, 36 соатлик ўқув дастури ишлаб чиқилди. 28 нафар онколог, 32 нафар гематолог малакалари оширилди ва ҳудудларда беморларга амалий услубий ёрдам кўрсатилди.

    Институтимизнинг жарроҳлик йўналиши бўйича кафедралари етакчи профессор-ўқитувчилари томонидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 84 та ихтисослаштирилган юқори технологик жарроҳлик амалиётларини туманларда ўтказиб беришди. Ушбу жараёнларда институт талабалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, масъулиятли шифокорларни тарбиялаш бизнинг бош мақсадимиз ва муҳим вазифамиздир”.

    Янгиланишлар, ўзгаришлар ва ютуқлар

    Замонавий тиббиёт таълими нафақат билимли ва малакали кадрлар етиштиришни, балки инновацион технологиялар ва илмий тадқиқотларни амалиётга жорий этишни ҳам ўз ичига олади. Андижон давлат тиббиёт институтидаги янгиланишлар янги Ўзбекистонда кечаётган шиддатли, истиқболли ўзгаришларнинг кичик бир кўринишидир.

    Ислоҳотлар самарсини институтда хориждан келиб таҳсил олаётган талабалар сонининг йилдан йилга ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда минг нафардан зиёд хорижлик талаба айнан шу тиббиёт таълими масканида таҳсил олмоқда. “Келажакка қадам” лойиҳаси доирасида жорий ўқув йилидаги 2297 нафар битирувчининг 800 нафардан зиёди иш билан тўлиқ таъминланган.

    Илмий фаолият соҳасида ҳам Андижон тиббиёт институтининг ютуқлари талайгина. Институтнинг травматология, ортопедия ва нейрожарроҳлик кафедраси мудири Қобил Худайбердиевнинг II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотлангани ва “Йилнинг энг яхши шифокори” республика танловида, “Йилнинг энг яхши нейрохирурги” номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллагани ушбу маскандаги изчил ислоҳотларнинг натижасидир. “Корея Халқаро Ихтирочи аёллар кўргазмаси “KIWE” – 2024”да Корея ихтирочи аёллари Ассоциацияси томонидан институтнинг госпиталь педиатрия кафедраси доценти Хурматой Ханкелдиева олтин медаль билан тақдирланди.

    Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, тиббий таълим муассасасида фаолият олиб бораётган 950 нафар ўқитувчининг 60 нафари фан доктори, профессор, 256 нафари эса фан номзоди, доцентдир. Билимли ва тажрибали устозлар таълимини олган талабалар ҳам улар ортидан эргашиб, салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида институтнинг 6 нафар талабаси Президент ва бошқа давлат стипендияларига сазовор бўлди. “Самарқанд–2020” V Халқаро тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари олимпиадасида иштирок этган 20 нафардан зиёд талабанинг юқори ўринлар ва турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритгани алоҳида аҳамиятга молик воқеадир.

    Ҳа, юксак савиядаги тиббий кадрлар бу фақатгина касалликларни даволовчи шифокорлар эмас, балки жамиятнинг соғлом турмуш тарзи ва профилактика маданиятини шакллантирувчи етакчилардир. Шу боисдан тиббиёт таълимидаги ислоҳотлар ва ютуқлар мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates