Тил билиш, сертификат ва даражаси

    Фикр 16 август 2023 4135

    Чет тили ўқитувчиларини тайёрлашга ихтисослашган университетлар юқори малакали битирувчиларни меҳнат бозорига етказиб бермоқда. Шунга қарамай, амалда ҳали ҳам битирувчиларни тайёрлашда муайян қийинчиликларга дуч келяпмиз. Бу ҳолатга таъсир қилиши мумкин бўлган бир қанча омиллар мавжуд.

    Ўзбекистонда чет тили бўйича тажрибали ва малакали ўқитувчилар етишмаслиги тил таълими сифатини пасайтирмоқда. Грамматика ва эслаб қолишда ифодаланадиган анъанавий ўқитиш усуллари самарали мулоқотга ёрдам бермайди. Ушбу муаммони ҳал қилишда тил ўқитувчилари учун илғор тажрибалар, тил ўргатишга йўналтирилган кучли методик билимлар ва жонли мулоқот муҳитидан фойдаланишга қаратилган таълим дастурларига сармоя киритиш зарур.

    Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳудудлардаги ўқитувчилар учун бепул ташкил этган TESOL (инглиз тилини бошқа тил ўқувчиларига иккинчи тил сифатида ўқитиш) ва TEFL (инглиз тилини чет тил сифатида ўқитиш) каби таълим дастурлари услубий жиҳатдан аҳамиятли бўлиб, юқори самарадорликка эга. Ушбу дастурлар бўлғуси педагогларга инглиз тилини чет тил сифатида муваффақиятли ўргатиш учун зарур восита ва кўникмаларни тақдим этди. Талабаларнинг ўзига хос эҳтиёжига мослаштирилган турли ўқитиш услублари ва педагогик тамойилларни чуқур ўрганиш билан TESOL ва TEFL дастурлари иштирокчилари малакали ва ўзига ишончи баланд ўқитувчиларга айланади.

    Чет тилда бехато мулоқот қилиш ва самарали фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш учун грамматика ҳамда мулоқот ўртасидаги мувозанатни топиш, ўқитиш методикасини ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Замонавий тил ресурслари ва технологияларидан фойдаланиш ушбу мувозанатли ёндашувни тўлдиради. Ўқув жараёнини янада қизиқарли ва самарали қилади. Аммо бу муаммонинг бошқа томони ҳам бор. Келгуси уч йилда мактабларнинг 54 минг ўқитувчисига халқаро тил сертификати берилишини таъминлаш вазифаси қўйилган эди. Кўп ҳамкасбларим, жумладан, ўзим учун ҳам бундай савол туғилади: бу ўқитувчилардан қанчаси ушбу сертификатни олгандан кейин мактабларда ишлашни давом эттиради? Президент қарори билан C1 даражадаги сертификатга эга ўқитувчиларга 50 фоизли қўшимча моддий рағбатлантириш белгиланган бўлса ҳам мактаблардаги маош хусусий таълим даргоҳлари ўқитувчилариники билан рақобатлаша олмаслиги мумкин. Бундан ташқари, мактаблар ва хусусий ташкилотларда (жумладан, ўқув марказларида) иш шароити сезиларли даражада фарқ қилади. Бу ҳам эътиборга олиниши зарур бўлган муаммо.

    Халқаро тил сертификатига эга ўқитувчиларнинг натижаларини кузатиш ва уларни рағбатлантириш бир неча йўл билан амалга оширилиши мумкин. Биринчи навбатда, мониторинг ва баҳолаш жуда муҳим. Давлат сертификатини олгандан кейин ўқитувчилар ишидаги ўзгаришларни кузатадиган мониторинг тизимини жорий қилса бўлади. Бу ўқувчиларнинг хорижий тилни ўрганишдаги ютуқларини, тилни билиш даражаси ва умумий ўқитиш самарадорлигини баҳолашни ўз ичига олиши керак. Бундан ташқари, маълумотларни таҳлил ва тадқиқ қилиш ҳам муҳим. Тадқиқотлар ўтказиш ва маълумотларни таҳлил қилиш дастур самарадорлигини ва унинг таълим натижаларига таъсирини баҳолашга ёрдам беради. Бу стратегияни такомиллаштириш ва қарор қабул қилиш учун асос бўлиши мумкин. Асосий вазифа ўқитувчиларни касбий ўсишга рағбатлантириш ва талабаларга юқори сифатли таълим бериш ўртасидаги мувозанатни топишдир.

    Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 июндаги “Педагогик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб кундузги таълимнинг 2–4-курс талабалари учун “4+2” форматида тизимли амалиёт ўтказилмоқда. Мазкур ташаббус доирасида талабалар учун ҳафталик ўқув машғулотлари олий таълим муассасаларида тўрт кун, умумтаълим мактабларида икки кун тартибида тақсимланади. Бу конструктив ёндашув ва тажрибали ўқитувчиларни тайёрлашга қаратилган муҳим қарор. Бундай амалиёт шакли самара бериши учун тизимдаги айрим муаммоларни ҳал қилиш зарурати ҳам йўқ эмас.

    Дастлаб амалиётни ташкил этишда талабаларнинг кичик гуруҳи учун университет томонидан тажрибали методист-ўқитувчи бириктирилиши кўзда тутилган. Бироқ амалиёт соати ўқитувчи юкламасида аудитория соати сингари малакаланмагани боис, амалиётга раҳбарлик қилиш ўқитувчига қўшимча иш, қўшимча юклама. Кўп ҳолларда амалиёт раҳбарининг айни шу кунлари университетда аудитория машғулотлари ҳам қўйилган бўлади. Натижада методист-ўқитувчи амалиёт ҳудудига бора олмайди. Бинобарин, талабалар амалиёт раҳбарининг назорати ва қўллаб-қувватлаши, маслаҳати билангина амалиётни унумли ўташи мумкин.

    2022/2023 ўқув йилидан давлат таълим муассасаларининг хорижий тиллар ўқитувчилари лавозимига ишга янги қабул қилинаётган талабгор камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган.

    Ишга қабул қилинаётган ўқитувчиларда халқаро тил билиш сертификати мавжуд бўлиши зарурлиги ҳақида талабни жорий этиш ҳар жиҳатдан тўғри. Бироқ тил таълими бўйича мутахассислар тайёрловчи университетларнинг битирувчилари ва уларнинг дипломи ҳақида жиддий ўйлаб кўрдикми? Амалдаги стандартларга кўра, бўлғуси чет тили ўқитувчилари тайёрланаётган университетларнинг абитуриенти хорижий тилни C1 даражасида билиши керак. Бу шуни англатадики, чет тили ўқитувчилари тайёрлайдиган таълим йўналишлари дипломига эга бўлиш ўша тилни C1 даражада билишни автоматик равишда тасдиқлайди. Ушбу талаб амалда татбиқ этилмоқдами, талабаларга чет тилни ўргатишга рухсат этувчи диплом беришдан олдин битирувчиларнинг C1 даражасидаги билимга эгалиги қандай баҳоланмоқда, деган саволларга эътибор қаратиш лозим.

    Эҳтимол, ҳужжатни беришдан олдин тил билиш текширувини халқаро стандартлар асосида ўтказиш ёки давлат якуний имтиҳонини ўтказиш давомида битирувчиларнинг педагогик компетенцияларини ҳам баҳолаш учун алоҳида синов шаклини жорий қилиш мантиқан тўғридир. Ишга жойлашиш учун чет тили ўқитувчиларидан тил сертификатини талаб қилиш битирувчиларга нисбатан потенциал камситиш сифатида қаралиши мумкин. Чунки математика ёки тарих факультети битирувчилари ҳужжат топширишда ушбу фанлар бўйича ўз билимини исботлаши шарт эмас.

    Биз назарда тутаётган профессионал баҳолаш нафақат юқори малака кўрсаткичи бўлиб хизмат қилиши, балки муайян таълим дастурлари ёки махсус кўникмалар муваффақиятли ривожланишини ҳам кўрсатиши мумкин. Бунга илғор ўқитиш усуллари, инновацион ўқув материалларидан фойдаланиш ва таълимнинг ҳозирги тенденцияларини чуқур тушуниш киради. Тил сертификатига эга бўлиш ҳар доим ҳам юқори сифатли ўқитиш кафолати эмас. Таълим жараёнида назарий билимдан ташқари педагогик тажриба, турли таълим услубларига мослаша олиш, ўқувчиларнинг ҳар бирига индивидуал ёндашув ва уларни таълим жараёнида самарали рағбатлантириш қобилияти ҳам муҳим. Бундай кўникмалар ҳар доим ҳам сертификат орқали расмийлаштирилмаслиги мумкин, аммо улар оптимал таълим натижалари учун зарур.

    Бошқа томондан, тил сертификатига эга бўлиш фақат тилни билишни тасдиқлайди, лекин ўқитувчининг касбий тайёргарлиги бундай сертификатларда акс этмаслигини унутмаслик керак. Масалан, IELTS синовида 7 ва ундан юқори балл тўплаганлик сертификатига эга бўлиш одамнинг инглиз тилини ўргатиш бўйича услубий кўникмага эгалигини, дарсни бошқаришга қодирлиги ва ўқувчиларни илҳомлантира олишини англатмайди. Ўқув режага киритилган педагогика ва методика фанлари мазмунини янгилаш, шунингдек, ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини тасдиқловчи халқаро мезонлар билан тасдиқланган касбий баҳолаш тизимини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.

    Юртимизда чет тилларни ўргатиш билан боғлиқ муаммолар йўқ эмас, аммо уларни ҳал этиш йўллари бор. Ўқитувчилар малакасини ошириш, ўқув дастурлари ишлаб чиқиш, тилни яхши ўзлаштириш, ўқитиш методикаси ва технология интеграцияси масалаларини ҳал қилиш орқали тил таълимини такомиллаштиришда сезиларли ютуқларга эришса бўлади. Касбий ривожланиш ва малака ошириш учун тенг имконият яратиш асосий омил бўлиб, тил сертификатига эга ва бундай сертификатга эга бўлмаган педагогларнинг ўқитиш самарадорлигини таҳлил қилиш таълим стратегиясини такомиллаштириш учун қимматли маълумотлар тақдим этиши мумкин. Сертификатга эга ўқитувчилар фаолиятини мониторинг қилиш, баҳолаш ва таҳлил қилиш, шунингдек, маълумот ҳамда тадқиқотлар асосида стратегияни тўғри белгилаш орқали ўқитувчиларнинг касбий ўсишига кўмаклашиш ва талабаларга юқори билим бериш ўртасидаги мувозанатга эришилади. Барча манфаатдор томоннинг самарали ҳамкорлиги ва бу борада муваффақиятга эришган мамлакатларнинг таълим тизимидаги ўзига хос хусусиятларни мунтазам ўрганиб, зарур ўринларда ўзлаштириб бориш тил таълимида яхши натижаларга эришишнинг асоси бўлади.

    Нозлия НОРМУРОДОВА,

    филология фанлари доктори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates