Туркий сўз мулкининг султони, мўътабар мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг “Сўз айлади инсонни жудо ҳайвондин, билки гуҳари шарифроқ йўқ ондин” тарзидаги ҳикмати бор. Унда сўзнинг, тилнинг одам боласини бошқа жонзотлардан тамоман фарқли рутбага ноил қилишдай беҳад буюк қудрат эканидан иборат мутлақ ҳақиқат ўзининг рост ва расо тажассумини топган. Бу мутлақо беназир неъматнинг адоқсиз ва муҳташам қудратларидан яна бири шуки, у одамларни ягона қавм ўлароқ бирлаштириб, миллат деган тансиқ тушунчанинг таваллудига чироқ тутган, халқ дейиладиган муаззам бирликнинг бутунлигига замин бўлган. Шунинг учун ҳам тил, миллат, халқ тушунчаларини ҳеч бир замонда бир-биридан айро ҳолда асло тасаввур қилиб бўлмайди.
Жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намояндаларидан бири Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида жуда катта дард билан қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур.” Мутлақо аёнки, тилсиз миллий руҳ деган бемисл теран ва улуғвор тушунчанинг моҳияти тамоман муаллақлашади. Демакки, миллий руҳ, миллий онг, миллий маънавият, миллий маданият каби тушунчаларнинг асл устуни, тирик тиргаги она тилидир. Забардаст ўзбек тилшуноси академик Алибек Рустамов бу ҳолатни гўзал ва оҳорли қиёслаб, мана бундай тавсифлаган: “Тирик жоннинг ҳаёти учун ҳаво қанчалик зарур бўлса, инсоннинг инсон сифатидаги турмуши ва унинг инсонлигини белгиловчи маънавий тириклиги учун сўз (яъни тил) шунчалик зарурдир”.
Жамият ҳаётидаги ҳар қандай ўзгариш ва янгиланишлар табиий равишда, энг аввало, тилнинг луғат бойлигида аниқ аксини топади. Айни шу маънода тил “ҳар қандай кишилик жамоаси ижтимоий ҳаётининг энг аниқ ва сезгир барометри” деб ҳам баҳоланади. Дунёга таниқли олмон адиби Ҳерман Ҳессенинг “сўзлар тилнинг умуртқаси ва бирламчи унсурларидир” деган ўткир образли гапида ҳам катта илмий ҳақиқат бор. Шунинг учун ҳам тилнинг тириклиги ва тозалиги ҳақида сўз борганда, энг аввало, айни шу сўзлар, яъни тилнинг лексик сатҳи, луғат бойлиги назарда тутилади. Зотан, одамнинг оламни билишида, ҳар қандай ашё ва тушунчаларни инкишоф қилишида бирламчи восита сўзлардир. Машҳур фаранг адиби Анатоль Франснинг “Луғат алифбо тартибидаги бутун оламдир” деган гапи бу маънода жуда ҳам топиб айтилганини таъкидлаш жоиз.
Бундан ўн-ўн беш йиллар илгари “National Geographic” жамияти томонидан ташкил этилган экспедиция Ҳиндистонда аввал фанга маълум бўлмаган коро тилини аниқлади ва бу тилни дунёдаги 6909-тил сифатида қайд этди (“Ишонч” газетаси, 2010 йил 7 октябрь). Ер юзидаги ана шундай катта миқдордаги тиллар орасида биронта ҳам мутлақо соф тил йўқ. Ҳамма замонда бир тилдан бошқасига муайян миқдорда сўз ўтиб турган. Бу жараёнларнинг мўътадил меъёр доирасида бўлишига табиий ҳолат сифатида қаралган, меъёрдан ортиб кетиши эса бегона тил сўз босқини остида қолган жамиятнинг ҳамиятини оғринтирган. Шунинг учун ҳам маданиятли, маърифатли жамиятнинг ҳеч бир онгли аъзоси бундай жараёнларга асло бефарқ қараган эмас.
Мамлакатимизда сўнгги етти-саккиз йилда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги жадал ривожу такомили борасида бениҳоя кўламли ва самарадор ишлар бажарилди ва бажарилмоқда. Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида таъкидланганидек, “бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир”. Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган 2020 – 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида “илмий асосланган янги сўз ва атамалар мунтазам равишда расмий муомалага киритиб борилиши” алоҳида қайд этилган.
Яқинда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси ана шундай илмий асосланган янги сўз ва атамаларнинг бир туркумини (40 та бирлик) кўриб чиқиб, уларни расмий муомалага киритиш юзасидан қарор чиқарди. Белгиланган тартибга кўра, бу сўз ва атамалар бўйича таклифлар ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари марказий аппаратларида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Атамалар бўйича ишчи гуруҳлар томонидан тайёрланиб, Давлат тилини ривожлантириш департаментида жамланган ва Атамалар комиссиясининг ишчи органи – Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти илмий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида тегишли соҳа мутахассислари иштирокида экспертизадан ўтказилиб, тегишли илмий хулосага келинган. Экспертизадан ўтказилган янги сўз ва атамалар оммавий ахборот воситаларида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган. Атамалар комиссияси экспертлар гуруҳи томонидан мазкур сўз ва атамаларни расмий муомалага киритиш бўйича таклифлар кўриб чиқилиб, тавсиялар берилган. Шу тарзда Атамалар комиссияси аъзоларининг чет тилларга оид ўзлашма сўз ва атамаларни ўзбек тили меъёрларига мувофиқлаштириш бўйича билдирган таклифи маъқулланган. Расмий муомалага киритиладиган илмий асосланган янги сўз ва атамалар рўйхати тасдиқланган.
Тавсия қилинган ҳамда Атамалар комиссияси томонидан тасдиқланган сўз ва атамаларнинг аксарияти чиндан ҳам нақд илмий асосларига эга, ўзбек тилининг мунтазам меъёрлари доирасидан ташқарида эмас. Масалан, русчалиги аниқ билиниб турган внедорожник сўзига муқобил сифатида тасдиқланган йўлтанламас сўзи тегишли маънони янада аниқ ва қабариқ ифодалайди. Бунинг устига ўзбек тилининг сўз ясалиши қонуниятларига тўлиқ мувофиқ келади. Чунки ўзбек тилида иш + танламас, овқат + танламас, жой+ танламас каби ясалиш моделлари мавжуд, янги ясалган сўзнинг мавжуд миллий рангига ҳеч бир путур етмайди. Тасдиқланган янги сўзлар орасидаги аффиксация ва композиция усули билан ясалганлари ҳам ўзбек тилининг фаол меъёрларидан ташқарида эмас.
Аванс хорижий ўзлашма атамаси ўрнига тасдиқланган росмана ўзбекча, аммо бир қадар эскироқ туюладиган бўнак сўзи ҳам тегишли маънони бемалол ифодалайди. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бўнак сўзининг учта маъноси кўрсатилган, хусусан, биринчи икки маъноси “тарихий” деган изоҳ билан берилган. Учинчи маъноси эса “бухгалтерияга, ҳисоб-китобга оид термин” изоҳи билан қуйидагича келтирилган: “Маош ҳисобидан ой охирида ҳисоб-китоб қилиш шарти билан олдиндан бериладиган пул; аванс”.
Тасдиқланган янги сўзлар орасида парол сўзига муқобил сифатда ўрон сўзи берилган бўлиб, бу сўз айнан “махфий шартли сўз ёки белги” маъносида қадимги ёки тарихий манбаларда анча кенг қўлланган. Тарихий мавзудаги бадиий асарларда бугун ҳам ёзувчилар бу сўзга мурожаат қилади.
Илмий асосланган янги сўз ва атамаларни тилимизга олиб кириш, ўзбекчадаги чет сўзлардан қутулиш учун ўзбек тилининг ички имкониятидан келиб чиқиш зарур. Бунинг учун ўзбек тилининг қонуниятларига мувофиқ янги ўзбекча сўзлар ясаш, у ёки бу сабабга кўра истеъмолдан чиққан қадимги ва эски туркий сўзларни тиклаш, халқ шеваларидан сўз олиш энг мақбул йўлдир.
Адабий тилимиз ривожи фақат атамаларгагина боғлиқ эмас. Одатдаги сўз бойлигимиз ҳам жуда муҳим. Тилимиз бойиб бориши учун жиддий манбалардан бири шевалардир. Халқ тилида адабий тилда бўлмаган кўплаб сўз ва иборалар мавжуд. Уларнинг адабий тилга ўтишида сўз санъаткорларининг хизмати беқиёс. Ўзбекистонимиз — улкан мамлакат, унда туркий тилнинг уч буюк тармоғи, яъни қорлуқ, қипчоқ ва ўғуз шевалари вакиллари яшайди. Юртимизнинг бир ҳудудида деҳқончилик, ҳунармандчилик, бошқасида чорвачилик, яна бошқасида балиқчилик каби соҳалар яхши ривожланган. Уларга оид адабий тилда ҳозирча йўқ бўлган сўзларни ана шу ҳудудлардан излаган маъқул.
Таомшунос олим Карим Маҳмудов хотираларидан бирида ҳикоя қилишича, у бир таомнинг тайёрланиш тартибини ёзиб, зукко сўз синчиси Абдулла Қаҳҳорга кўрсатади. Ундаги икра сўзини кўрган ёзувчи: “Бунинг ўзбекчаси йўқми?” деб сўрайди. Олим: “Балиқнинг уруғи деса бўлади”, дейди. Сўзнинг ичу ташини баравар кўра оладиган адиб: “Нима, сизга балиқ ўсимликми?” дейди аччиқланиб. “Бўлмаса, балиқнинг тухуми бўлсин”, деб жавоб беради олим изланган бўлиб. Ёзувчи: “Балиқ товуқ эмас”, дейди ва халқда алоҳида сўз борлигини айтади... Олим сафарларидан бирида Хоразмда бу сўзни эшитади, у ерда увилдириқ дейиларкан...
Халқ шеваларидан, айни пайтда ўзбек тилининг сўз ясалиш имкониятидан фойдаланиб иш кўрилса, тилимизнинг табиий такомилини таъминлаш мумкин. Тилимизнинг тириклиги, тиниқлиги ва тозалигини таъминловчи пойдор таянч ўз сўзларимиздир.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридагиАтамалар комиссияси мажлисининг 2025 йил 30 июлдаги 62-сон баёнигаилова
Ўзбек тили қоида ва меъёрлари асосида шакллантирилганҳамда расмий муомалага киритиладиган янги сўз ва атамаларРЎЙХАТИ
Низомиддин МАҲМУДОВ,
ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти
директори, филология фанлари доктори, профессор









