Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганидан буён салкам ўттиз уч йил вақт ўтди. Афсуски, она тилимизнинг ривожи ва унинг тарғиботи борасида етарлича кураша олмадик. Ўз тилини ҳимоя қила олмаган халқда Ватан, муҳаббат ва садоқат туйғулари кучли бўлмаслиги табиий ҳолдир. Шу боис миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни ҳам аста-секин унута бошладик. Фарзандларимиз руҳиятида ана шу бефарқлигимиз таъсири сезила бошлади. Ахир, қуш уясида кўрганини қилади, дея бажиз таъкидлашмаган. Эътибор билан тингласангиз, айни замон ёшлари сўзлашадиган янгича “аралашма тил” пайдо бўлганига гувоҳ бўласиз. Бугунги авлод қадим сўзларимиз тугул ҳозирги пайтдаги мавжуд сўзларнинг ҳам аксариятини унутиб юборган. Кўчаларимиздаги ғалати номланишлар жараёнига ҳам одатий ҳолдек қарашади.
Масалан, Тошкент Ўзбекистоннинг пойтахти бўлишига қарамай, бу шаҳар кўчаларида ҳозирги кунда ҳам давлат тилидаги ёзувга нисбатан рус, инглиз тилидаги халқимизга бегона ва тушуниксиз ёзувлар жудаям кўп. Гарчи бу ҳақда зиёлиларимиз бир неча бор бонг урган бўлса-да, натижалар кўнгилдагидек эмас.
Тилнинг шахс ва миллат тақдирида ўйнайдиган бемисл аҳамиятини буюк аждодларимиз бундан минг йиллар илгари ҳам тўла тушуниб етган ва шу тўғридаги дунё тургунча турадиган ҳикматларини ўтда ёнмас, сувда чўкмас ҳолда келажак авлод ворисларга етиб келишини назарда тутиб, тошларга ўйиб битик қилганлар. Уларни ўқиганингизда тилни ҳимоя қилиш Ватанни ҳимоя қилиш эканлигини шунчалар тиниқ идрок қилганларига таҳсин ўқийсиз. Масалан, Оқ қоя битикларида мана бундай сўзлар битилган: "Эй эр йигит, бало-қазо тирмашиб Ватанингга ёв босиб келса, унга қарши курашга отланғил. Шунда сени тангри қўллаюр. Эй эр йигит, билғил туғилиб ўсган Ватанинг ҳатто ота-онангдан ҳам азизроқдир. Ватан ва халқ тил билан тирикдир. Эй эр йигит, тилсиз эл, элсиз тил бўлмас. Икковини ҳам Эгам яратди. Эй эр йигит, Тилингни муқаддас тут. Элинг-юртинг, давлатинг тилинг билан тирик. Тилсиз эл сувсиз булоқдир".
Тилнинг халқ тақдиридаги аҳамиятини, ўрнини бундан-да таъсирли, ҳикматлашган ва абадиятга дахлдор фалсафий маъно-мазмун билан тўйинтириб бера олиш, ҳатто бугунги мана-ман деган зиёлининг қўлидан келиши амримаҳол.
Шу ўринда тилнинг халқ миллат ҳаётидаги ўрни нечоғлик катта эканлигини бундан бир минг тўрт юз йил аввал Муҳаммад пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг аҳли ислом жамоаси билан мулоқоти чоғида келтирган ҳикматларидан бирини келтиришни ўринли деб топдик. Парвардигорнинг суюкли зотига аҳли жамоадан шундай муҳим савол тушади:
– Ўз тилини қўйиб ўзга тилни, миллат тилидан устун кўриб у тарафга ўтган инсонни нимага қиёс қилиш мумкин?
– Ўз тилини қўйиб ўзга тилни афзал кўрган инсонни ўз отасини қўйиб, ўзга бегонадан ота танлаган билан тенг қўйиш мумкин.
Аҳли жамоат Муҳаммад пайғамбар с.а.в.нинг қисқа, аммо бағоят мантиқли жавобидан қойил қолганлар. Шундан кейин араб тилининг куч-қудратини ошириш учун араб дунёси, ислом оламининг бутун алломалари ва буюклари жидду-жаҳд билан ҳаракат қилганлар. Бунда бизнинг буюк аждодларимизнинг хизматлари ҳам катта бўлиб, умумбашарий аҳамиятга эга бўлиб, улар уйғониш палласи даврининг пешволари бўлган эдилар.
Давлат тилининг ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий, қолаверса, ҳаёт тарзимизнинг барча соҳаларидаги обрўсини ошириш ҳамда ўттиз йилдан бери бу соҳадаги сусткашлик ва унинг чўзилишларга чек қўйиш зарур эди. Айни вазиятни барчадан олдин тушуниб етган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ташаббуслари билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Маънавий ва Давлат тилини ривожлантириш Департаментининг ташкил этилиши маънавий ҳаётимиздаги катта воқеа бўлди. Бу ташкилот ўз фаолиятини бошлаши биланоқ Республика Президенти томонидан қўйилган муаммоларнинг ижобий ечимини топишига алоҳида масъулият билан киришди. Она тилимизнинг амалиётга тадбиқини таъминламоқ учун энг тажрибали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, қатъий режа асосида ишлар бошлаб юборилди. Агарда иш йўсини шу тарзда давом қилса халқимизнинг миллий онг, миллий ғурури, Ватанпарварлик, Ватанга садоқат туйғулари тўкис ҳолга келиши аниқ.
Нуфузи ва ҳудуди бизнинг катта вилоятларга нисбатан кам бўлган, бироқ ўз қадрини билишда, ўз тилини ҳимоя қилишда Болтиқ бўйидаги учта – Литва, Латвия ва Эстон халқининг ғурури баландлигига тан бериш зарур. Ҳеч бир дўқ-пўписалардан ҳайиқмай мустақиллигини талаб қилди, тилини мағрур ҳимоя қила олди ва путур етказмасдан сақлади. Давлат тилини ҳудудида яшовчи халқларга ҳам ўрганиш муддатини қатъий белгилаб қўйди.
Афсуски, бизнинг онгимизда ҳалигача мустабид тузум таъсири сақланиб қолган. Ҳақиқатни айтишдан тортинамиз, ийманамиз ва иккиланамиз. Қарамликка, лоқайдликка мойиллигимиз кучли. Тўқсон фоиз миллатимизга мансуб одамлар кириб чиқадиган ошхоналар ва дўконлар, маиший хизмат уйларига давлат тилига зид номлар қўяверамиз. Унга пул тўлаб бегона, миллий тилимиздан йироқ номларни қўйдираётганлар ҳам ўзимиз. Ўз тилимизда гўзал номлар туриб, бегоналашган номлар қидирамиз. Бу ҳолат нимадан дарак беради, қисқача айтганда тилимиз, миллий қадриятларимиз ва миллий маънавиятимизга бефарқликдир. Бундай инсонларда ватанпарварлик, садоқат туйғулари жуда суст кечади. Бу эса халқнинг ҳақиқий миллат даражасига ўсиб ўтишида тўсиқ ва орқага тортувчи иллат ҳисобланади. Бошқа фаол халқ ва миллатлар қисқа вақтда босиб ўтадиган йўл ва эгаллайдиган юксак марраларни бизлар жуда узоф вақтда кечиб ўтяпмиз. Худди машина ғилдираги бир жойда айланганидек бундай талатўп замонда тараққиётда орқада қолиш хавфли ҳисобланиб, тараққий қилган тажовузкор давлатларнинг иқтисодий, ғоявий қарамлигига тушиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.
XXI аср шундай замонки, орқада қолаётган халқ ва давлатларни қарамликка туширишнинг катта имкониятлари мавжуд. Шундай экан, аввало миллат монолитлигини таъминлашда биринчи жанговар қуролимиз тилимиз орқали бирлашишимиз ва сўнгра қўлни қўлга бериб тараққиётимизни таъминлайдиган глобал масалаларни ҳал қилишга давлат раҳбаримиз раҳнамолигида зарбдор куч бўлиб киришувимизни даврнинг ўзи таплаб қилиб турибди.
Нажот фақат ўзимизда, аҳиллигимизда, асло ташқаридан нажот йўқдир. Буюк тарихимиз жаҳонга улуғ аждодларимиз икки бора уйғонишдек мислсиз маърифий ҳодисага бошчилик қилганидан гувоҳлик беради. Ўзбекистон Республикаси Президенти халқимизнинг буюк ўтмишидан хулоса чиқариб учинчи уйғонишнинг ҳам содир этилишида етакчи бўлишимизга умид билдирмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Тилимизнинг бемисл имкониятлари, буюк ўтмишимиз ва ҳозирги кундаги улуғ аждодларимизга муносиб фарзандлар ақлий, маънавий-руҳий ва жисмоний кучларини шиддат билан сафарбар қилсалар, ушбу юксак маррани бемалол забт этса бўлади.
Бунинг учун ўтган даврдаги ютуқлар ва уларга соя ташлайдиган хатолардан тўғри хулоса чиқариб мамлакат зиёлилари, тадбиркорлар ва турли соҳа эгалари ўзларининг бор ақлий, маънавий-руҳий ҳамда куч ва истеъдодларини сафарбар этиб республикамиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим. Нажот фақат халқимизнинг бир ёқадан бош чиқариб давлатимиз белгилаб берган юксак марраларни эгаллашимизда қолганлигини унутмайлик, азизлар.
Жумабой РАҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети
Ижтимоий гуманитар фанлар кафедраси профессори