Тилсиз ёв билан курашишда танаффус бўлмайди

    Юртимизга қиш келди: ҳаммаёқ оппоқ қор, байрамолди хурсандчиликлар... Аммо айрим соҳалар борки, ҳаво ҳарорати пасайгани сайин уларнинг фаолиятида фавқулодда ҳолатлар содир бўлиш эҳтимоли ортади. Шулардан бири — хонадонимизни чароғон қилаётган электр энергиясини етказиб берувчи тармоқлардир.

    Халқимизда “Фалокат — оёқ остида” деган нақл бор. Ҳақиқатан ҳам, кундалик ҳаётимиз хавф-хатарга тўла. Техник ёки техноген, аҳолининг иситиш тизимларидан бетартиб фойдаланиши, электр истеъмолининг кескин ошиб кетиши каби сабаблар билан биз кутмаган вақтда, кутилмаган жойда ёнғин чиқиш мумкин. Каттами-кичикми талафот деган номи бор. Аммо электр тармоқларини қайта ишлаб, бутун республика бўйлаб узатувчи подстанцияларда чиққан ёнғин иқтисодиётга катта зарба бериши тайин.

    “Тошкент магистрал электр тармоқлари” томонидан Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “Тошкент-500” подстанциясида ўтказилган ўқув машғулотида ана шу фикрлар таъкидланди. “16 ноябридан 16 декабргача ёнғин хавфсизлиги кўрик ойлиги” доирасида бўлиб ўтган тадбир аввалида турли тоифадаги ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларни бартараф этишда ишчи-ходимларнинг ҳаракатланиши, унда кўрсатиладиган биринчи ёрдам каби мавзуларда тушунчалар берилди. Шундан сўнг сунъий равишда чиқарилган ёнғин Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ҳамда подстанция ходимлари томонидан бартараф этилди.

    — Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад, куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар, ҳаво газ аралашмаси оқибатида бўладиган портлашлар, ис гази билан захарланиш ҳолатларидан ҳудудлардаги корхона ва ташкилотлар ходимларини огоҳ этиш ва бу каби ҳодисаларда қай тартибда ҳаракатланиш бўйича ўқув-услубий билимлар беришдир, — деди “Тошкент магистрал электр тармоқлари” подстанция хизмати бошлиғи Ержан Машенов. — 1991 йилда фаолиятини бошлаган “Тошкент-500” республикадаги алоҳида категорияланган энг йирик подстанциялардан бири ҳисобланади. 2001 йилдан бошлаб тўлиқ ишлай бошлаган ушбу объектда бугунги кунда жами 59 нафар ходим меҳнат қилмоқда, 9 йўналишга турли кучланишларда электр энергияси етказиб берилади. Мазкур подстанция Тошкент вилояти ва шаҳрини электр тармоғи билан таъминлайди. Ўқув машғулоти учун ушбу объектнинг танланишига сабаб, бу сафарги ўқув машғулотларига кўпроқ ишчи-ходимларнинг жалб қилинганидир.

    Тармоқлар орқали электр энергиясини хавфсиз узатишни таъминлаш, ўзининг электр тармоқлари хўжалиги объектларида давлат стандартларида белгиланган электр энергиясининг сифат кўрсаткичларини меъёрида ушлаб туриш ва технологик сарфни меъёрланган кўрсаткичидан ошишига йўл қўймаслик ҳамда электр станциялари ва тармоқларини техник эксплуатация қилиш қоидаларига мувофиқ ўзининг электр тармоқлари хўжалиги объектларини эксплуатация ишларини ташкил қилиш ва таъмирлашни бажариш каби вазифалар юклатилган “Тошкент магистрал электр тармоқлари” томонидан корхона ва ташкилотлардан электр энергиясидан фойдаланиш меъёрларига амал қилиниши ҳам назорат қилиб борилади. Сабаби, узлуксиз ишлайдиган бу каби объектларда ишчи-ходимларнинг ёнғин хавфсизлиги қоидаларини билиши, амал қилиши ва огоҳ бўлиши ҳам иқтисодиётда, ҳам аҳолининг тинч ва фаровон ҳаётида муҳим ўрин тутади.

    Соҳиба МУЛЛАЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates