Тўқимачилик саноати: ҳалқаро ҳамкорлик, кластер тизими ва натижа

    Саноат 18 июн 2023 2206

    Сўнгги йилларда Қашқадарё тўқимачилик саноатида жиддий ўзгаришлар юз берди. Қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиши туфайли воҳа далаларида етиштирилган пахта шу ернинг ўзида ярим тайёр ва тайёр маҳсулотга айлантириладиган бўлди.

    Ҳозир вилоятнинг деярли ҳар бир ҳудудида ип-йигирув корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Даладан тўғридан-тўғри келтирилган пахта толаси заводларда тозаланиб, фабрикаларга йўналтирилиб, тайёр матога айлантирилмоқда. Табиий хомашёдан қилинган газлама ва бежирим либослар эса турли давлатларга экспорт қилинмоқда.

    Навбат янги лойиҳага

    2017 йилда вилоятда биринчилардан бўлиб ташкил этилган “Litai textile international” хорижий тўқимачилик корхонаси бугун юқори самарага эришмоқда.

    Хитойнинг “Бир макон — бир йўл” дастури доирасидаги ҳаракатлар натижасида Jiangsu Jinsheng корпорацияси ташаббуси билан бошланган лойиҳага жами 210 миллион доллар инвестиция киритилиб, Қарши туманидаги Қоратепа маҳалласи ҳудудида корхонанинг биринчи босқичи ишга туширилди. Пахтадан ип-калава тайёрлаётган корхона қисқа фурсатда жаҳон бозорида ўз харидорларига эга бўлди. Бугун йигирмага яқин давлатга экспорт йўлга қўйилган.

    — Юртимизда инвесторларга кенг имкониятлар яратилаётгани боис хитойликлар айнан тўқимачилик саноатига сармоя киритдилар, — дейди корхона бўлим бошлиғи Нодир Боймиров. — 2018 йил январда корхонамизнинг иккинчи босқичи ишга туширилди. Яъни, йилига 12 миллион погонометр аралаш мато ишлаб чиқарувчи цех фаолияти йўлга қўйилди. Пировардида бир ярим мингга яқин кишининг бандлиги таъминланди.

    Айни пайтда фабрикада иш икки навбатда ташкил этилган. Ишчи-ходимлар учун барча шароит яратилган. Асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож, маҳаллаларда алоҳида дафтарларга киритилган кишилар ишга жалб этилган, олисдан қатновчилар учун ётоқхона мавжуд.

    — Икки йилдан буён шу ерда бўлим иш бошқарувчиси бўлиб ишлайман, — дейди Жавоҳир Суюнов. — Ғузор туманидан келиб ишлаётганим боис ётоқхона билан таъминланганман. Барча шароитлар яхши. Ойига ўртача тўрт миллион сўмга яқин маош оламиз. Ҳафтада тўрт кун ишласак, икки кун дам оламиз. Барчаси кўнгилдагидек.

    Муниса Йўлдошева Нишон туманидан. Ҳали ишга кирганига бир йил бўлгани йўқ. Олдин ўз маҳалласида “Ёшлар дафтари”да рўйхатга олинган Муниса корхонада бўш иш ўрни борлиги боис бу ерга жўнатилганди. Тиришқоқлиги туфайли тезда ўз ўрнига эга бўлиб, ҳозир операторлик вазифасида ишламоқда.

    Корхона маҳсулотлари Яқин Шарқ, Европа, Шимолий Америка, МДҲ мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Бу муваффақиятлар сабаб корхона 2021 йилда мамлакатимизда “Энг яхши экспортёр” деб топилган эди. Маҳсулотининг 95 фоизини хорижга сотишни йўлга қўйган ушбу корхона жамоаси ўтган йили 88 миллион долларлик экспорт қилган бўлса, бу йил юз миллион долларга етказишни мақсад қилган. Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар Миришкор туманида пахтани қайта ишлаш заводи ҳамда истеъмол ёғи ишлаб чиқариш цехи иш бошлайди. Бу лойиҳа амалга оширилгач, яна беш юз кишининг бандлиги таъминланади.

    Саноатдаги улуши янада ортади

    Сўнгги йилларда тўқимачилик саноати Қашқадарё вилоятининг асосий драйвер йўналишларидан бирига айланди, десак муболаға бўлмайди. Қишлоқ хўжалигига бозор механизмлари, кластер институти жорий қилиниши, соғлом рақобат муҳити яратилгани нафақат шу соҳанинг, балки тўқимачилик саноатининг ҳам ривожланишига сабаб бўлмоқда.

    Вилоятда 2017 йилда 1 триллион 276 миллиард сўмлик тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 4,7 баробар ошиб, 6 триллион 39 миллиард сўмга етди. Газлама ҳамда трикотаж мато ишлаб чиқариш 2,5 карра, калава ип 6,6, тикув-трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш 7,2 баробар ошди.

    — Жорий йилнинг 1 июнь санасига келиб вилоятда 865 та тўқимачилик, тикув-трикотаж маҳсулотлари ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхона фаолият кўрсатмоқда, — дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг вилоятдаги вакили Остонақул Оллоёров. — Шу йилнинг 1-чорагида 1,7 триллион сўмлик тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 106,4 фоиз ўсиш таъминланди.

    Бугунга келиб тўқимачилик корхоналарининг воҳа саноатидаги улуши 29,4 фоизни ташкил этмоқда ва янги лойиҳалар ҳисобига йил якунигача 45 фоизга етиши прогноз қилинмоқда.

    Тўқимачилик корхоналари томонидан йил бошидан ўтган беш ой давомида 101 миллион долларлик калава ип ва тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди.

    Шу ўринда экспорт географияси ва ҳажмида қатор омиллар асосий роль ўйнаётганини айтиб ўтиш лозим. Хусусан, биринчидан, чуқур қайта ишлаш цикли йўлга қўйилиши ҳисобига тола экспортига чек қўйилиб, пахта толаси ўрнига калава ип, трикотаж, ип газлама ва тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтириш ҳажми ортди. Иккинчидан, мамлакатимиз пахтасига қўйилган чекловлар бекор қилиниши жаҳон бозорида маҳсулотларимизга талаб ва эҳтиёжни оширди.

    Учинчидан, “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси томонидан хорижий мамлакатларда ташкил этилаётган турли кўргазмалар, бизнес форумлар ва учрашувлар янги харидорларни топишда қўл келмоқда. Тўртинчидан, халқаро бозорларда тўқимачилик маҳсулотлари рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўзида вилоятдаги 17 та кластер ва тўқимачлик корхонаига GSP+ доирасида Европа стандартларини жорий қилиш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилди.

    Бундан ташқари, вилоятда фаолият кўрсатаётган “Индорама агро кластер” томонидан ВСА сертификатини олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу сертификат 160 хил кўрсаткични инобатга олган ҳолда берилади. Кластернинг бу сертификатни қўлга киритиши дунёда тан олинган 200 дан ортиқ брендга маҳсулот етказиб бериш ҳамда экспорт географиясини кенгайтиришга имкон яратади.

    Вилоятда толадан ип-калава ишлаб чиқариш даражаси ҳозир 73 фоизни ташкил этмоқда. Мутахассислар фикрича, навбатдаги босқичда бу жараённи юз фоизга етказиш учун жорий йилнинг ўзида 6 та пахта тўқимачилик кластери томонидан 38 минг тонна қўшимча қувват ишга туширилади.

    Ип-калавани қайта ишлаш орқали ип-газлама ва трикотаж мато ишлаб чиқариш даражаси бугунги кунда 28 фоизга етди. Кейинги босқичда жорий йил якунига қадар ип-газлама ва трикотаж мато ишлаб чиқариш даражасини 42 фоизга етказиш учун ҳаракат қилинмоқда.

    Ҳозирга қадар матодан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича вилоятда 244 та корхона томонидан қарийб 56 миллион дона тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш қувватлари яратилган бўлиб, якуний босқичда бу ишлар янада жадаллаштирилади. Хусусан, 2023 йил якунига қадар умумий қиймати 2,4 триллион сўмлик 25 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига қўшимча 43 минг тонна ип-калава, 4,5 минг тонна трикотаж мато ва 14,5 миллион погонометр ип-газлама, 44 миллион дона тайёр тикув-трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқарилади ва 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

    Жумладан, шу йилнинг ўзида Шаҳрисабз шаҳридаги “Оқсарой кластер” МЧЖ томонидан йиллик қуввати 16 минг тонна аралаш таркибли ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Қамаши туманида беш минг тўққиз юз тонна, Яккабоғда беш минг юз тонна, Касбида беш минг тонна аралаш таркибли ип калава ишлаб чиқариш бошланади. Деҳқонобод туманида “Косон Бахт текстил” кластери томонидан лойиҳа қиймати 60 миллиард сўм бўлган тикув-трикотаж фабрикаси ишга туширилди. Бунинг самарасида туманда 500 та янги иш ўрни яратилди.

    Соҳадаги ўзгаришлар самарасида жорий йил якунида вилоятда пахта толасидан ип-калава тайёрлаш даражаси 73 фоиздан 100 фоизга, ип-калавани қайта ишлаш даражаси 28 фоиздан 35 фоизга етказилиши режалаштирилган. Тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш 100 миллион донага ҳамда экспорт салоҳияти қўшимча 130,2 миллион долларга оширилади ва 240 миллион долларга етказилади.

    Нодир ҲАМРОЕВ,

    Қашқадарё вилояти ҳокимининг маҳаллий

    саноат бўйича ёрдамчиси

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates