Хотира кечасини Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раҳбари, СССР халқ артисти Ёқуб Аҳмедов очиб берди. Шундан сўнг марҳум санъаткорнинг фарзанди Маъмурхўжа Хўжаев сўзга чиқиб, хотира кечасини ташкил этгани учун аввало театр жамоасига ва кечага ташриф буюрган барча меҳмонларга миннатдорлик билдирди.
Сўзи давомида Хўжаев отасининг нафақат буюк санъаткор, балки буюк ота ҳам бўлганини алоҳида эътироф этди. Шундан сўнг Ўзбекистон халқ артистлари Марьям Ихтиёрова, Ёдгор Саъдиев, Эркин Комиловлар ҳам меҳмонларга Соиб Хўжаев билан боғлиқ энг гўзал хотираларини сўзлаб бердилар.
Айниқса, Ёдгор Саъдиев томонидан санъаткор ёқтирган қўшиқнинг ижро этилиши кечага кутилмаган туҳфа бўлди. Шунингдек, Соиб Хўжаевга бағишланган ҳужжатли фильм ҳам кеча иштирокчилари кўз ўнгида санъаткорни жонлантиргандай бўлди гўёки.
Алоҳида айтиш жоизки, театр актёр ва актрисаларининг чиқишлари, айниқса, хўр жамоаси томонидан ижро этилган қўшиқлар барчанинг кўнглини шод этди, десак хато бўлмайди. Ўзбек давлат драма театри артистлари, “Шўрданак” гуруҳининг чиқишлари ҳам мухлислар олқишига сазовор бўлди. Умуман олганда, кўнгилларга яқин инсонни хотирлаш кечаси унинг ўзидек самимий, бетакрор ўтди.
Муножат Мўминова,
"Янги Ўзбекистон" мухбири









