“Тошкент” аэропорти махсус техника парки янги автобуслар билан тўлдирилди

    Транспорт 28 феврал 2024 604

    “Uzbekistan Airports” Тошкент аэропорти учун Германиянинг “Cobus Industries GmbH” ишлаб чиқарувчисидан йўловчи ташувчи 4 та автобус харид қилди.

    Паст полли Cobus 3000 автобуси компаниянинг энг катта моделидир. Автобуснинг узунлиги деярли 14 метр ва эни 3 метр бўлиб, 10 ўтирган ва 94 тик турган ҳолда — 104 йўловчини сиғдира олади. Ушбу модель полни кўтариш ва тушириш учун пневматик тизим билан жиҳозланган. Йўловчиларни олиш ва туширишдан олдин автобус полини пастга тушириш ёки кўтариш мумкин. Бу хусусият чамадонли, болалар аравачаси бор ва ногиронлиги бўлган йўловчиларга автобусга чиқиш ва ундан тушишни осонлаштиради.

    Таъкидлаш жоизки, “Uzbekistan Airports” компанияси махсус транспорт паркини янгилаш ва модернизация қилиш бўйича тизимли ишлар олиб боряпти. Жумладан, аэродром мажмуасини тозалаш учун янги универсал машиналар, самолётларни муздан тозалаш машиналари, самолёт ташувчи транспорт, двигателларни ерда ишга тушириш қурилмалари, самолёт салони учун ҳаво кондиционерлари ва бошқалар харид қилинди, деб хабар беради uzbairports.uz.