Ҳоким, шунингдек, Тошкентда амалга оширилаётган ва режалаштирилган асосий лойиҳалар ҳақида ахборот бериб, шаҳар ҳокимлигининг ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, «BOMI Engineering & Construction» компанияси президенти Ким Док Ёнг самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Тошкентнинг инвестиция салоҳияти юқори эканлигини қайд этди. У «BOMI Engineering & Construction» компаниясининг вазифаси ва стратегик устуворликлари ҳақида сўзлаб, узоқ муддатли ва шаффоф ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди. Суҳбат давомида жаноб Ёнг компаниянинг пойтахтдаги жорий фаолиятига оид бир қатор саволлар билан ҳам мурожаат этди.
Ш. Умурзаков шаҳар маъмурияти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланишини таъкидлаб, қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Маълумот учун: BOMI Engineering & Construction Co., Ltd. – 1992 йилда ташкил этилган Жанубий Корея қурилиш компанияси бўлиб, саноат ва фуқаролик объектлари, турар-жой бинолари ва бизнес марказларини бунёд этишга ихтисослашган. Ўзбекистонда компания «Tashkent City» халқаро ишбилармонлик маркази лойиҳасида иштирок этиб, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда «А» тоифасидаги бизнес маркази қурилишини амалга оширяпти. Инвестициялар ҳажми 100 миллион доллардан ортиқни ташкил этади. BOMI Ўзбекистон ҳукумати билан фаол ҳамкорлик қилиб, юқори технологияли лойиҳаларда иштирок этиш орқали халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшиб келяпти.