Тошкент шаҳар ҳокимлигида Навоий шоҳ кўчасини реконструкция қилиш масаласи кўриб чиқилди

    Урбанизация 16 март 2022 1566

    2022 йил 15 мартда Тошкент шаҳар ҳокимлигида Навоий шоҳ кўчасини реконструкция қилиш бўйича янгиланган лойиҳанинг муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

    Анжуманга таниқли урбанист ва транспорт мутахассиси Аркадий Гершман лойиҳа устида ишлаш учун таклиф этилди.

    Аркадий Гершман иштирокчиларга амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди, ҳамда устуворликлари кўплаб шаҳарларда қабул қилинган схема асосида белгиланган тақдимот билан чиқди. Ушбу схема аввало кўча ҳаракатининг энг заиф иштирокчилари – пиёдалар, иккинчи ўринда – жамоат транспорти ва учинчи ўриндагина – автомобилларнинг манфаатини кўзда тутади.

    Аркадий Гершман «тактик урбанизм» воситалари ҳақида сўзлаб берди, хавфсизлик оролчаларини барпо этишда қўлланиладиган, вақтинча ўрнатиладиган пластик устунчаларни, пиёдалар ўтиш йўлларида куннинг қоронғи пайтида зарур бўлган ва ҳайдовчига яхшироқ кўринадиган контраст ёритишни мисол қилиб келтирди, ҳамда шаҳар шароитида ерусти пиёдалар ўтиш йўлларининг ерости ўтиш йўллари ва пиёдалар ўтиш кўприкларига нисбатан афзалликлари ҳақида маълумот берди.

    Тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига келсак, – улар фақат битта чизиқли ҳаракатда қўлланиши мумкин, икки ва ундан ортиқ чизиқли йўлларда светофорлар бўлиши шарт. Лойиҳага мувофиқ, пиёдалар ва транспорт қатнови тушунарсиз бўлган катта майдонлар тушунарли чизиқларгача қисқартирилиб, бунга мисол тариқасида Цирк ва Чорсу майдони яқинидаги чорраҳа келтирилди: у ерда «хавфсизлик оролчалари» ва светофорлар фазалари ёрдамида қатнов белгиланган йўналишларга бўлинади, ўз ўрнида бу ҳаракатланишни тушунарлироқ ва самаралироқ қилади ҳамда пиёдалар ва ҳайдовчилар ҳаракатланиши хавфсизлигини таъминлашга имкон беради. Автомобиллар қатнови ҳаракатланишнинг энг муаммоли қисмларидан бири – чапга бурилиш учун алоҳида чизиқ ажратилиши билан ҳам тартибга солинади.

    Аркадий Гершман, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент лойиҳа офисининг раҳбари Мурод Обидов ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармасининг бошлиғи Анвар Жўраев журналистларнинг саволларига жавоб бердилар.

    - Пиёдалар учун хавфсизлик оролчалари ҳаракатланаётган тезкор хизмат автомобиллари учун тўсқинлик қилмайди, ахир ёнғин ўчириш ва тез тиббий ёрдам машиналари жамоат транспорти учун ажратилган чизиқлардан ҳаракатланиши мумкин.

    - Фарғона йўли кўчасидаги пиёдалар ўтиши учун тор қисмлар, пиёдалар учун қулайлик яратиш нуқтаи назаридан, қайтадан кўриб чиқилади.

    - Оқтепа майдонидаги ноқулай транспорт тугуни ўзгартирилади. Ҳозирги кунда тегишли тузилмалар томонидан майдонни реконструкция қилиш бўйича тўртта вариант кўриб чиқилмоқда.

    - Автомобилларнинг автобуслар учун ажратилган чизиққа чиқиши жаримага тортилади, бу мақсадда фото- ва видеофиксация учун техник воситалар тайёрланмоқда.

    - Навоий шоҳ кўчасидаги мураккаб бурилиб қайтиш жойлари сабабли, Цирк яқинида ҳамда пиёдалар ўтиш жойларида машиналарнинг бурилиб қайтиши учун имкон яратилиши режалаштирилган, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.