Тошкент вилояти ғаллакорлари режани бажарди

    Агросектор 3 июл 2020 1072

    Бугун Тошкент вилояти ғаллакорларининг ҳам юзи ёруғ бўлди.

    Давлат эҳтиёжлари учун белгиланган дон сотиш шартнома режасини шараф билан бажардилар. Жорий йилда давлатга жами 350 минг 148 тонна бошоқли дон топшириш кўзда тутилиб, унинг 320 минг 323 тоннаси товар дон, 29 минг 425 тоннаси эса уруғлик дон сифатида режалаштирилганди.

    Бундай муваффақиятга албатта, осонликча эришилгани йўқ. Ўтган йилнинг кузидан бошлаб то шу кунгача қилинган заҳматли меҳнат, табиат инжиқларини енгиш, жорий йил баҳоридаги кетма-кет ёғингарчиликларга қараб оқилона иш юритиш ўз самарасини берди. Ғаллакорларнинг катта тажрибасидан фойдаланилганлиги ҳам бугун ўз натижасини кўрсатди.

    Ғалла майсалари ўз вақтида минерал ўғитлар билан озиқлантирилганлиги, суғорилганлиги, ниҳоллар бегона ўтлардан тозаланганлиги эса мўл ҳосил етиштиришга замин бўлди.

    Энг асосийси, ўрим мавсумида иштирок этганлар вақтида рағбатлантириб борилди. Комбайнлар механизаторлари, даладан давлат омборларига ҳосилни ташишда қатнашган юк ташиш автомашиналари ҳайдовчилари, бир сўз билан айтганда, ўрим мавсумида қатнашган барчага ўз вақтида иш ҳақи бериб борилди.

    Жорий йилда вилоятдаги 2 минг 697 та фермер хўжаликлари ихтиёридаги жами 116 минг 100 гектар сувли майдонларда бошоқли дон экинлари парваришланди. Ўрим-йиғим отряд усулида ташкил этилганлиги ҳам ўзини тўла оқлади. Мавсумга 365 та комбайнлар жалб қилинди.

    Шартнома режасининг қисқа кунларда ортиғи билан бажарилишида Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Оҳангарон, Тошкент туманларининг деҳқон ва фермер хўжаликлари айниқса, фидойилик кўрсатишди.

    Ғалабани қўлга киритишда айрим фермер хўжаликларининг ҳиссасини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, режани 105 фоизга бажарган Ўрта Чирчиқ туманидаги Шаҳзода Шоохунова раҳбарлигидаги «Шеразиз Муҳаммад агро» фермер хўжалиги вилоятда биринчилардан бўлиб, давлатга дон сотишни ортиғи билан бажариб, 230 тоннадан зиёд буғдой давлат омборларига етказиб берилди.

    Оққўрғон туманида ҳам жорий йилда 10 минг 600 гектар майдонда бошоқли дон парвариш қилинди. Ҳосилни белгиланган муддатда йиғиб олиш учун туманда ташкил этилган 27 та ғалла отрядлари 29 минг тоннадан зиёд ғаллани нест-нобуд қилмасдан, давлатга топширишга эришишди.

    Ғалла халқ бойлиги. Бобо деҳқонларнинг эртаю кеч қилган меҳнатларининг самараси, халқимизнинг ризқу насибасидир. Шу боис, далалардаги ғаллани нест-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш ишларида барча зарур шарт-шароитлар яратилди, бу муҳим ишга тегишли ташкилотларнинг ҳам вакиллари ҳам жалб этилди.

    Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, бугун барча туманлар ғаллазорларида ўрим-йиғим қизғин давом этмоқда. Боиси, ҳали далаларда ҳосил кўп. Миришкор деҳқонлар ялпи дон ишлаб чиқаришни 853 минг 700 тоннага етказиш бўйича барча чораларни кўришмоқда.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates