БААнинг “Abu Dhabi Sustainable Water Solutions” (SWS) компанияси, Инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти замонавий оқова сув тозалаш иншооти қуриш борасида дастлабки келишувни имзолади.
Иншоот Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида қурилиши кўзда тутилган бўлиб, суткасига 1 миллион м³ оқова сув тозалайди. Шу билан бирга 42 километрли оқова сув коллекторлари ҳам парбо этилади.
Лойиҳа «Abu Dhabi Sustainable Water Solutions» (SWS) ва унинг технологик ҳамкорлари сифатида танланган СУЭЗ (Франция) ва Марубени (Япония) компаниялари консорциуми томонидан амалга оширилади.
Лойиҳанинг афзаллиги шундаки, унда замонавий технологияларни жорий қилиш натижасида, оқова сув тозалаш жараёни самарадорлиги янада оширилиши ва ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш таъминланади. Яъни 10 млн кВтдан кўпроқ электр энергия иқтисод қилинишига замин яратилади. Шунингдек, ушбу лойиҳа нафақат техник инфратузилмани ривожлантиради, балки Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги санитар-эпидемиологик ва экологик ҳолатни яхшилайди.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 1,5 миллионга яқин аҳолининг оқова сув хизмати яхшиланади ва 500 мингдан ортиқ аҳоли ҳамда юздан ортиқ корхона-ташкилотлар марказлашган оқова сув хизмати билан таъминланади.
Маълумот учун: «Abu Dhabi Sustainable Water Solutions» (SWS) БААдаги оқова сувларни йиғиш, тозалаш ва қайта ишлатишнинг ягона ташкилотчиси ҳисобланади.
Компания томонидан ҳар куни 1 341 000 м3 дан ортиқ оқова сув 200 дан ортиқ насос станциялари ва 42 та тозалаш станциялари томонидан қўллаб-қувватланадиган 12,000 км узунликдаги кенг тармоқ орқали йиғилади.