Ижтимоий тармоқларда Тошкентда 16 ёшли қиз жанжал сабаб бинонинг 3-қаватидан ўзини ташлаганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур хабар Бош прокуратура томонидан ўрганилиб, ҳолат юзасидан расмий маълумотлар берилди.
Аниқланишича, 5 апрель куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи 9-синф ўқувчиси Х.М. (16 ёшли қиз) яшаб келаётган уйнинг 3-қаватида балкон ойнасини артаётган вақтида эҳтиётсизлиги оқибатида йиқилиб тан жароҳат олган.
Х.М.га дарҳол тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага олиб кетилган. Ҳозирда вояга етмаган Х.М.нинг аҳволи яхшилиги айтилди.
Мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Ҳозирда Юнусобод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.