Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича шу йилнинг 25-сентябрь куни соат 06:45 ларда, “12-Автобус саройи” филиали тасарруфидаги “Yutong” русумли, давлат рақами 01| 032 HKA бўлган, 117-сонли йўналиш ҳайдовчиси А.Й бошқарувидаги автобус Янги ҳаёт тумани Хонабод кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтда, тартибга солинмаган темирйўл кесишмасига етмасдан Қурувчилар кўчаси улгуржи бозор бекатига бурилаётган вақтда, “1-Автобус саройи” филиали тасарруфидаги “Yutong” русумли, давлат рақами 01| 213 PKA бўлган, 55-сонли йўналиш ҳайдовчиси Ш.Ш бошқарувидаги автобус билан тўқнашув содир этган.
Маълумотга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси натижасида тан жароҳати олганлар йўқ, автобуслар техник шикастланган.
Ҳозирда содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими томонидан хизмат текшируви ўтказилиши белгиланди.
Шунингдек ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспекторлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.