Тошкентда Ўзбекистон-Озарбайжон Ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди

    Бизнес 25 феврал 2023 971

    Жорий йил 24 февралда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Озарбайжон ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси томонидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов, Озарбайжон Республикаси томонидан иқтисодиёт вазири Микайил Жабборов делегацияларга раҳбарлик қилди. Форумда, шунингдек, икки мамлакат вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, Савдо-саноат палаталари раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.

    Делегациялар раҳбарлари ўз чиқишларида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, талабга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва истиқболли бозорларга олиб чиқиш мақсадида саноат кооперациясини кенгайтиришда катта салоҳият мавжудлигини қайд этдилар ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон ишбилармон доиралари вакилларини фаол ва муваффақиятли ҳамкорликка чақирдилар. Шу билан бирга, икки давлат тегишли вазирликларининг қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳар қандай зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлиги таъкидланди.

    Савдо алоқаларини кенгайтириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадида яқин келажакда икки мамлакат бозорларига талабга эга маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш, мунтазам савдо ва бизнес миссияларини ўтказиш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш учун платформалар яратиш режалаштирилгани маълум қилинди.

    Сўзга чиққанлар ҳудудлараро ҳамкорлик доирасида янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳа ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш муҳимлигини таъкидладилар. Йиғилиш давомида Бухоро ва Ланкарон, Хива ва Шуша, Қўқон ва Шеки, Самарқанд ва Ганжа шаҳарлари ўртасида қардошлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан қатор муҳим ҳужжатлар, Тошкент ва Боку ўртасидаги ҳамкорлик бўйича «Йўл харитаси» имзоланди.

    Форум доирасидаги лойиҳаларни муваффақиятли ва ўз вақтида молиялаштириш мақсадида устав капитали 500 миллион доллар бўлган қўшма Инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисида келишув имзоланди.

    Форумда икки мамлакат ҳудудлари раҳбарлари ҳам сўзга чиқди. Улар ҳудуд ва тармоқларнинг саноат ва инвестициявий салоҳиятининг тақдимотларини ўтказдилар. Ҳар икки давлат иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдириши тамойилига асосланиб, автомобилсозлик, пахта ва тўқимачилик саноати, ипакчилик, қурилиш материаллари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш, нефть-кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати каби соҳаларда саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш бўйича ишларни фаоллаштириш ниятлари билдирилди.

    Тадбир доирасида иштирокчиларнинг B2G ва B2B форматидаги учрашувлари ҳамда Ўзбекистон-Озарбайжон ишбилармонлар кенгашининг 3-йиғилиши ташкил этилди.

    Форум якунлари бўйича ҳар икки мамлакат ҳудудий ривожланишининг устувор тармоқларида жами 11 та савдо-иқтисодий ҳужжат имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.