Тотувликни шиор қилган икки қардош халқ

    Юртимиздаги биринчи Озарбайжон миллий маданият маркази — “Гардашлик” 1989 йили Тошкентда ташкил этилган.

    Сўнги беш-олти йилда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида юртимиз порлоқ ҳаёти барча соҳада, жумладан, халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликка, тотувлик ва бағрикенгликка таянган ҳамкорлик сиёсати нафақат минтақани балки бутун дунёни тинч ва тотув яшашга чорловчи асосий драйвер бўлди, десак асло муболаға эмас.

    Ана шундай ислоҳотлар натижасини Президентимизнинг халқпарвар матонат ва шижоатлари туфайли қўшни ва минтақадаги ва умуман, дунёдаги кўплаб давлатлар билан яқиндан дўстона олиб борилаётган дипломатик алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш каби олийжаноб саъй-ҳаракатларида кузатиш мумкин.

    Бунинг яққол мисолини жорий ҳафта жонажон бағрикенг диёримизга Ўзбекистон Респуликаси Президенти таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президентининг меҳмон бўлганида ҳам кўриш мумкин. Бу Президент Илҳом Алиевнинг охирги 11 йилликда Ўзбекистонга амалга оширган илк ташрифи ҳисобланади.

    Аслида бу икки давлатнинг алоқалари узоқ йиллар, боқий асрларга бориб тақалади. Ўзбекистонлик озарбайжонлар халқларининг анъаналари ва урф-одатларини ҳурматлаб, уларни асраб-авайлаб келадилар. Юртимиздаги биринчи Озарбайжон миллий маданият маркази — “Гардашлик” 1989 йили Тошкентда ташкил этилган. Кейинчилик Самарқанд ва Бухорода ҳам марказлар фаолият олиб борган. 2003 йилда эса Озарбайжон миллий маданият марказлари уюшмаси тузилди. Сўнги йилларда марказ фаоллари ўзбек ва озарбайжон маданиятларининг ўзаро алмашинуви ва бойитилиши, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Марказ биносидаги ўзбек-озарбайжон дўстлик музейига қўйилган экспонатлар икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқалари қадим замонлардан бери давом этиб келаётгани ҳақида ҳикоя қилади. Музейнинг экспонатларидан бири — Фарғона водийсида топилган милоддан аввалги икки минг йилликка мансуб иккита илон кўринишидаги тошдан ясалган тумор Озарбайжондан топилган туморга жуда ўхшаб кетиши ҳам халқларимиз қанчалик яқин эканлигини тасдиқлайди.

    Расмий хабарга кўра, бугун янгиланаётган Ўзбекистонда бахтли озарбайжон миллатига мансуб 40 минг нафарга яқин фуқаролар истиқомат қилмоқда. Икки халқ вакиллари 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларини бағрида тотувликда яшашини таъминлаётган юртда бир тан, оиладек бўлишган. Чунки мамлакатимизда янги, юксак ривожланган Ўзбекистон, деган буюк мақсадимиз бор. Тақдиримиз бир! Айтиш керакки мана шу бирлик бизни, миллатларни бирлаштирмоқда, ҳамжиҳатлик ғояси остида юксалтирмоқда.

    Бунинг гўзал натижалари жуда кўп. Учтасини айтсак:

    Биринчиси — қўшни давлатлар билан дўстлигимиз тикланди.

    Иккинчиси — Турк давлатлари ҳамкорлик ташкилотининг аъзосимиз.

    Юртимиз раҳбарининг 2022 йилни “Турк давлатларида ёшларни қўллаб-қувватлаш йили”, деган ташаббуслари дунёнинг кўпгина давлатлари томонидан қўлллаб-қувватланди.

    Яқинда Бухорода ўтган турк давлатлари ёшларининг Форуми бу ташаббус қанчалар юксак ғоя эканлигини бор бўйича кўрсатди. Бухоро — турк давлатлари ёшларининг маркази, деб эълон қилинди.

    Учинчиси — ўзбек-озарбайжон хақлари дўстлигининг янги даври бошланди. Буни икки юксак мартабали Президентлар, қардошларнинг дўстлик йўлидаги учрашуви бўлган тарихий воқеадаги самимий муносабатлар ҳам исботлаб турипди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 15 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 7-саммитида иштирок этиш учун Озарбайжоннинг Баку шаҳрига бориб, Президент Илҳом Алиев билан учрашув ўтказганди. Ушбу учрашувда Мирзиёев Алиевни Ўзбекистонга таклиф қилган.

    Ўшанда икки давлат раҳбарларининг учрашувида Шароф Рашидов ва Хайдар Алиев ўртасидаги самимий дўстона муносабатлари тилга олинган. “Биз Озарбайжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиев билан ҳамиша фахрланамиз. Ўзбекистонда уни эҳтиром билан хотирлашади. Мен у билан ишлаган одамлар билан кўп суҳбатлашганман. У ҳар доим ўзбек халқига ҳурмат билан муносабатда бўлган. Ҳайдар Алиев Шароф Рашидов билан кўп бор учрашиб, кўплаб қийин масалаларни биргаликда ечишган. Бугун орамизда ҳаёт бўлганлар Ҳайдар Алиевнинг ҳар қандай вазиятда Ўзбекистонга ҳурмат билан муносабатда бўлгани, қўллаб-қувватлаганини айтишади. Бизда “ўзбек иши” юзага келган оғир йилларда Ҳайдар Алиев бошқалардан фарқли ўлароқ ўзбек халқи ҳақида ўз шахсий фикрига эга бўлган”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

    Бугун Тошкент шаҳрида озар халқининг умуммиллий лидери, Озарбайжон Республикасининг учинчи Президенти Ҳайдар Алиев номдаги боғ барпо этилди. Боғ Тошкентнинг Миробод тумани Темирйўлчилар кўчасида бўлиб, бу ерда Ҳайдар Алиев барельефи ўрнатилди. Боғнинг умумий майдони 0,51 гектарни ташкил этади. Бу ҳам озар халқи етакчисининг халқимизга бўлган ҳурматига жавобнинг бир намунаси, десак адашмаймиз.

    Ўз навбатида, оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб гувоҳи бўлдикки, Озарбойжон президенти ташрифи унинг пандемиядан кейинги илк хорижий ташрифи эканини қайд этиб, давлат раҳбари ва Ўзбекистон халқига Ҳайдар Алиевнинг ёрқин хотирасини асраб-авайлашга қаратилаётган доимий эътибор учун миннатдорлик билдирди. “Азиз қардошим Шавкат Миромоновичдан Тошкент марказида отам Ҳайдар Алиев хотирасига бағишлаб шундай кўркам гўшани барпо этиш ташаббуси учун жуда миннатдорман. Биз буни ўзбек қардошларимизнинг буюк етакчимизга, умумий тарихимизга чинакам биродарона муносабати сифатида қабул қиламиз. Бу бутун Озарбойжон халқига ҳурмат ифодаси ҳамдир”, деди қардош озарбайжон халқи раҳбари.

    Икки давлат раҳбарлари, ўзаги туташ халқлар бир-бирини қўллаб келмоқда. 2021 йилнинг апрелида Шавкат Мирзиёев Тоғли Қорабоғ ҳудудининг Озарбайжонга қайтарилганини “Тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалаба”, дея таърифлаганди. Ўзбекистон ҳудудидаги кўҳна обидалар ва маданият масканларини тиклаш ишларига кўмак беришга тайёрлиги билдирилганди. 2021 йилда Ўзбекистон Тоғли Қорабоғда мактаб қуриб беришни режалаштираётгани айтилганди. Ҳудуддаги тикланиши лозим бўлган объектлар рўйхати белгиланган, уларни реконструкция қилишга ўзбекистонлик қурувчилар жалб қилинган.

    Мана шундай ҳурмат, эътибор руҳида бошланган ташриф давомида ҳам икки давлатларнинг стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олди.

    Маданий-гуманитар соҳада ҳам мамлакатларимиз ва халқларимиз азалдан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Икки давлат раҳбарлари маданият ва кино кунларини ўтказиш, гуманитар ва туризм алмашинувига доир дастурларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратишди.

    — Озарбайжон Президентининг тарихий аҳамиятга эга давлат ташрифи олдинга ташланган улкан қадамдир. Бугун биз биродар халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлаш ва мамлакатларимиз стратегик шериклигини чуқурлаштириш учун барча шароитларни шакллантирдик, — деди Ўзбекистон Президенти.

    — Қардош Ўзбекистон заминида бўлиб турганимдан, Сиз билан икки томонлама муносабатларнинг кенг доираси ва ташқи сиёсий кун тартибидаги муҳим масалаларни муҳокама қилишдан мамнунман, — деди Илҳом Алиев. – Ўйлайманки, бу ҳақиқатдан ҳам муваффақиятли ташриф. Чунки муҳокама қилинган мавзуларнинг моҳияти, шакли, мазмуни бўйича ҳам, биз қабул қилган қарорлар бўйича ҳам ушбу ташриф ва келишувлар муносабатларимизнинг янада ривожланишига асос бўлади.

    Ана шундай азалдан мавжуд юқори ишонч ва ўзаро ҳурмат руҳида кечган ташриф икки давлат — Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг янада яқинлашиши, кўпгина ўхшаш бўлган миллий қадрият ва анъаналарини тотувлик ва бағрикенглик майдонида туташишига замин бўлди. Халқларимизнинг тотувлик муносабатлари абадий ва бардавом бўлсин!

    Азизбек АМОНОВ,

    Бухоро давлат университети Ёшлар масалалари ва

    маънавий-маърифий ишлари бўйича Биринчи проректори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates