Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Хусусан, Зангиота тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи “Бўзсув“ канали минтақаси ўрганилганда, сув ҳавзасига саноат ва маиший чиқиндилар ташлаш, санитария-муҳофаза зоналарига ўзбошимчалик билан қурилмалар қуриш каби кўплаб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланди.
Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳи шакллантирилиб, махсус техникалар жалб қилинган ҳолда сув ҳавзасини чиқиндилардан тозалаш ва ноқонуний қурилмаларни бузиш чоралари кўрилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳридан чиқаётган оқова сувларни тозаловчи “Бўзсув” тўйинтириш иншоотларига саноат чиқиндилари билан ифлосланган сувларни ташлаётган корхоналар хатловдан ўтказилиб, саноат оқова ташламалари таркиби лаборатория текширувидан ўтказилди.
Текшириш натижасига кўра, каналга ташланаётган оқова сувлардаги моддалар концентрацияси белгиланган меъёрлардан ошиб кетиб, табиатга зарар етказилганлиги ҳолати юзасидан айбдор шахсларга жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.