Айиқ билан машғулот ўтказиб, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган боксчи Шаҳрам Ғиёсовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 111-моддасига кўра маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жаримага тортилди.
Маълумот учун, аввалроқ ижтимоий тармоқларда боксчи Шаҳрам Ғиёсов айиқ билан машғулот ўтказгани акс этган видео тарқалган ва бу кенг жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлган эди.
Ҳолат Экология вазирлиги экологик назорат инспекцияси ва ИИВ ходимлари томонидан ўрганилиб, видео иштирокчилари ва ташкилотчилардан тегишли тушунтириш хатлари олинди. Шунингдек, айиқ Фарғона ҳайвонот боғига топширилди.
Қолаверса, боксчи Шаҳрам Ғиёсов Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига чақиртирилиб, Вазирлар Маҳкамасининг «Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, жисмоний шахслар томонидан ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва турли мақсадларда фойдаланиш, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш тақиқлангани тушунтирилди. Ўз навбатида Шаҳрам Ғиёсов узр сўраб, ўз хатосини тушуниб етгани ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини таъкидлади.